Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Онанизм (қўл билан шаҳватни қондириш)нинг ҳукми ҳақида маълумот берсангиз. Ундан кейин ғусл қилиш шартми? Рўзага таъсири борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз айтаётган нарса шаръий истилоҳда “истимно” – яъни шаҳватини ўз қўли билан қондириш дейилади. У шариатимизда ҳаром амал саналади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Мўминун сураси 5-7-оятлар).
Қўл билан шаҳват қондиришнинг ҳаром эканига ушбу ояти карима далилдир. Уламолар киши аёли ёки қўл остидаги чўриларидан ташқари ҳар қандай йўл билан шаҳватини қондириши – ҳаромдир ва қаттиқ гуноҳкорликка сабабчидир, дейдилар.
Уларнинг бу фикрларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган: “Қўлига никоҳланган лаънатлангандир” (Имом Байҳақий ривояти) деган ҳадис ҳам қўллаб қувватлайди.
Фиқҳ китобларида уйланишнинг бир неча даражаларини санаб ўтилган. Шулардан киши агар зино қилиб қўйиш даражасига борса, унинг уйланиши вожиб эканлиги айтилади. Уйланишга имкони бўлмаганларни Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам рўза тутишга буюрадилар.
Қолаверса, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида: “Никоҳ (имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича, иффатларини сақласинлар”, дея марҳамат қилади (Нур сураси, 33-оят).
Бу тадбирларнинг барчасидан кўзланган мақсад инсонни истимно каби соф инсоний табиатга зид бўлган жирканч ишдан тийилишга ундашдир. Қўл билан шаҳватни қондириш орқали маний тушадиган бўлса, ғусл вожиб бўлади ва рўза бузилади. Бу ишни қилган одам Рамазондан кейин бир кун қазо рўза тутиб беради. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари ўртасида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан спортнинг стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди.
Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтган мусобақа якунига кўра:
1-ўрин: И.Аметниязов (Тахтакўпир тумани «Абдулкарим охун» жоме масжиди имом-хатиби);
2-ўрин: Р.Комилжонов (Тўрткўл тумани «Ғоиб ота» масжиди имом-ноиби);
3-ўрин: О.Машалов (Беруний тумани «Султон увос бобо» жоме масжиди имом-ноиби).
Мусобақа сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари А.Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиси Б.Разов ва Нукус «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом билим юрти директори Ж.Абдираззақовлар иштирокчиларни ғалаба билан табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилашди.
Ғолибларга «Вақф» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати