Эр-хотин узоқ вақт бирга ҳаёт кечиришди. Турмушларига 30 йил тўлган куни аёл эрталабки нонушта учун нон пиширди. Аслида у бу ишини ҳар доим қиларди. Аёл одатига кўра эрига ноннинг тепа қисмини бермоқчи бўлди. Бироз ўйланиб турди-да: “Бугун бир марта ноннинг тепа қисмини ўзимга олиб, таг қисмини эримга бераман. 30 йил мобайнида ноннинг тепа қисмини егим келди. Энди бир марта одатга хилоф қилсам бўлар”, деб ўйлади. Эрига ноннинг таг қисмини узатди. Эрининг ноннинг таг қисмини олиши билан қувониб кетди: “Бугун қандай ҳам зўр совға бердинг. Мен ўзи ёшлигимдан ноннинг тагини ейишни яхши кўраман. Лекин менга устини берганинг учун сен ҳам таг қисмини яхши кўрсанг керак, деб доим тепа қисмини ердим”, деди.
Хулоса шуки, биргаликдаги ҳаёт давомида бир-бирини авайлаш, ўзи яхши кўрган нарсани бошқага ҳам илиниш жуда гўзал фазилатдир.
Рамазон ойида саҳарлик ва ифторлик пайтлари ширин таомлар тайёрлаб бераётган оналаримиз, жуфти ҳалолларимизнинг ҳақларига дуо қилайлик. Таровиҳлар, хатмлар сўнгида ўзимизга тилаган тилакларни уларга ҳам илинайлик! Зеро, ўзига раво кўрганини бошқага ҳам раво кўрмагунча иймонимиз комил бўлмаслиги ҳақида ҳадиси шариф бор.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмайди”, дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Акбаршоҳ Расулов
“Лаа илаҳа иллаллоҳ” жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – “Лаа илаҳа иллаллоҳ”нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.
1. Илм. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
2. Шубҳадан ҳоли бўлган тўлиқ ишонч. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар” (Ҳужурот сураси, 15-оят).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
3. Кибрдан йироқ бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Чунки уларга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилганда, кибрланган эдилар” (Соффот сураси, 35-оят).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса”, Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
4. Итоат этиш ва буйсуниш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Роббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!” (Зумар сураси, 54-оят).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…”, деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.
5. Чин ихлос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
6. Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара сураси, 165-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД