Эр-хотин узоқ вақт бирга ҳаёт кечиришди. Турмушларига 30 йил тўлган куни аёл эрталабки нонушта учун нон пиширди. Аслида у бу ишини ҳар доим қиларди. Аёл одатига кўра эрига ноннинг тепа қисмини бермоқчи бўлди. Бироз ўйланиб турди-да: “Бугун бир марта ноннинг тепа қисмини ўзимга олиб, таг қисмини эримга бераман. 30 йил мобайнида ноннинг тепа қисмини егим келди. Энди бир марта одатга хилоф қилсам бўлар”, деб ўйлади. Эрига ноннинг таг қисмини узатди. Эрининг ноннинг таг қисмини олиши билан қувониб кетди: “Бугун қандай ҳам зўр совға бердинг. Мен ўзи ёшлигимдан ноннинг тагини ейишни яхши кўраман. Лекин менга устини берганинг учун сен ҳам таг қисмини яхши кўрсанг керак, деб доим тепа қисмини ердим”, деди.
Хулоса шуки, биргаликдаги ҳаёт давомида бир-бирини авайлаш, ўзи яхши кўрган нарсани бошқага ҳам илиниш жуда гўзал фазилатдир.
Рамазон ойида саҳарлик ва ифторлик пайтлари ширин таомлар тайёрлаб бераётган оналаримиз, жуфти ҳалолларимизнинг ҳақларига дуо қилайлик. Таровиҳлар, хатмлар сўнгида ўзимизга тилаган тилакларни уларга ҳам илинайлик! Зеро, ўзига раво кўрганини бошқага ҳам раво кўрмагунча иймонимиз комил бўлмаслиги ҳақида ҳадиси шариф бор.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмайди”, дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Акбаршоҳ Расулов
Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ