Самарқанд шаҳрида яшовчи муҳтож ва кекса инсонларнинг ҳолидан хабар олиш бўйича хайрли ташаббус амалга оширилди. Вилоят бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов, “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилоят филиали раҳбари А.Султонов ва “Шоҳи Зинда” масжиди имом-хатиби С.Мирзаев ҳамроҳлигида миллати рус бўлган Галашев Дмитрий (1955-й.) ва Воронина Марина онахон (1931-й.) ҳол-аҳвол сўралиб, Рамазон ҳадялари улашилди.
Ташриф чоғида эҳтиёжмандларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Миллатидан қатъи назар, ҳар бир инсонга меҳр-оқибат ва ғамхўрлик қилиш халқимизга хос фазилатдир.
Аллоҳ таоло барча эзгу ишларга барака ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ مُسْلِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْحَنَفِيِّ قَالَ: بِرَّ وَلَدَكَ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنَّ يَبَرَّكَ فَإِنَّ مَنْ شَنَأَ عَقَّهُ وَلَدُهُ
Муслим ибн Абдуллоҳ Ҳанафийдан ривоят қилинади: “Болангга яхшилик қил. Шунда у сенга яхшилик қилади. Ким ёмонлик қилса, боласи унга оқ бўлади”.
Боланг кичиклигида сен унга яхшилик қилиб, тарбиясини ва муомаласини яхши қилгин, қариганингда у сенга яхшилик қайтаради. Аммо ким ёшлигида фарзандига ёмонлик қилиб юрган бўлса, қариганида фарзандидан кўради.
Ота-она ўзининг фарзанди олдидаги мажбурият ва масъулиятини шараф билан адо этиб қўйса, қариганида албатта қилган яхшиликлари боласидан қайтади.
Худди шу маънога ўхшаш яна бир гап бор. Ким ёшлигида ота-онасига яхшилик қилса, қариганида унга ҳам боласи яхшилик қилади. Бу ҳолат аксинча бўлиши ҳам мумкин.
Отамиз раҳматли шу маънодаги ҳикояни бир неча марта такрорлаганларининг гувоҳи бўлганмиз.
Шундай экан, ҳар бир киши ота-онасига ҳам, фарзандига ҳам доимо яхшилик қилиш пайидан бўлиши керак. Қисқаси, ҳар кимга шариат томонидан берилган ҳақнинг риоясини қилиш лозим.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.