Имом Мотуридий ўзининг илмий мероси билан ислом илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлардан биридир. У асос солган мотуридийлик таълимоти ақидавий ечимлари, бағрикенглик ва мўътадиллик қарашлари билан мусулмон дунёсининг маънавий асосларидан бирига айланган. Шу маънода улуғ айём кунларида эълон қилинган Президентимизнинг "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори Имом Мотуридийнинг улкан меросини жаҳонга танитишда катта аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, буюк бобакалонимизнинг 1155 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлаш нафақат илмий-маърифий аҳамиятга, балки Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Президент қарорида Имом Мотуридийнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш ва уни тарғиб этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мазкур меросни ўрганиш ва уни жамоатчиликка етказиш борасида бир қатор муҳим вазифалар юклатилган. Жумладан, имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Мотуридийлик таълимоти билимдони” танловини ўтказиш орқали ёш авлодга алломанинг таълимотлари ва илмий меросини етказиш назарда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимиз бўйлаб Имом Мотуридийнинг таълимотига бағишланган давра суҳбатлари ва маърифий тадбирларни ташкил этишда фаол иштирок этади. Бу ташаббус нафақат юртдошларимизнинг диний-маърифий билимларини бойитишга, балки мотуридийлик таълимотининг жаҳон илмий доираларида кенг тарқалишига ҳисса қўшади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
16 май куни “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди. Уларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, мамлакатимизнинг Саудиядаги Атташеси ва ишчи гуруҳи томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” ва "Romance room" меҳмонхоналарига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерга диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалини адо этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати