Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлашга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори юртимизда илмий-маърифий меросга, хусусан, исломий илмларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Бу қарор нафақат Имом Мотуридий ибратли ҳаёт йўли ва мотуридийлик таълимотини кенг ёйиш, балки диний бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифатга асосланган жамиятни шакллантиришда улкан аҳамият касб этади.
Қарор чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган амалий ишлар доирасида алломанинг туғилиб, ижод қилган ва мангу қўним топган Самарқандда ўтказиладиган “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги халқаро ҳамда “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси, илмий мақолалар танлови, алломанинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари, китоблари кўргазмаси, Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш Давлатимиз раҳбарининг буюк алломаларга муносиб эътибор қаратаётгани, Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фанидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга интилаётганини яққол намоён этади.
Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича, имом-хатиблар ҳамда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Мотуридийлик таълимоти билимдони” танловини ўтказиш, маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ташкил этиш, юбилейга бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш, хорижий мамлакатларда сақланаётган ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш, бадиий-публицистик фильм, медиамаҳсулотлар, аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва унинг таълимотини кенг оммага етказишда муҳим қадам бўлади, албатта.
Айниқса, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш, олимнинг меросига оид илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш келажак авлод учун катта манба бўлиб хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Мотуридийлик таълимотининг асосий тамойилларидан ҳисобланган мўътадиллик ва бағрикенглик бугунги дунё тинчлиги, бирдамлигини таъминлашда жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан, мазкур қарор халқаро майдонда ҳам Ўзбекистоннинг маърифат ва илмга бўлган эътиборини, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини янада кучайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, Қарор Имом Мотуридий меросини асраб-авайлаш ва унинг таълимотини кенг тарғиб қилиш, шу билан бирга, ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшади.
Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари,
профессор
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан