Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2025   |   17 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:28
Пешин
12:33
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
20:54
Bismillah
11 Август, 2025, 17 Сафар, 1447
Мақолалар

Қора мушук эмас, жаҳолат ёмон 

17.03.2025   3615   2 min.
Қора мушук эмас, жаҳолат ёмон 

Анча йиллар олдин байрам арафасида кечқурун бир синфдошимизникига йиғилдик. Нимадир олиб келиш керак бўлиб, икки қурдош мотоциклга миниб жўнаб кетди. Ўн дақиқалик йўлга кетган йигитлар ярим соат ўтса ҳам, қайтиб келмади. Феъли торроқ айрим синф­дошларим тажанг бўла бош­лади. Ниҳоят, чамаси бир соатлар ўтиб, иккиси кириб келди. Чанг-тупроққа беланган, қўл-оёқлари шилинган эди. 

– Нима бўлди? – деб сўрасак, улардан бири жавоб берди: 

– Яхшигина келаётувдик, йўлда олдимиздан қора мушук ўтиб қолса бўладими, манови довдир, – дея боши билан шеригига ишора қилиб гапида давом этди, – “Вой, қора пишак”, деб мотоциклни буриб юборди-да, тўғри ўқариққа бориб қадалиб қолдик.  
Кейин муҳокама авж олди. Бири қора мушук йўлни кесиб ўтса, фалокат бўлишини айтса, иккинчиси инкор қилиб: “У бир мушук бўлса, ўтади-кетади-да, шунга ота гўри қозихонами?!” дерди. 

Яна кўп давраларда, ҳатто ғайридинлар орасида ҳам йўлни қора мушук кесиб ўтиши фалокат белгиси, деган иримни эшитиб ҳайрон бўламан.

Энг қизиғи, баъзи одамлар бу ишни мушукнинг ўзи қилади, деб тушунса-да, уни Аллоҳ бахт­сизлик белгиси қилиб йўлга чиқариб қўяди, деб ҳисоблайди. Улар шу хато тушунчаси боис йўлини қора мушук кесиб ўтиб қолгудек бўлса, ҳовлиқиб, довдираб қолганидан уловини ўзи бир жойга буриб юбориб, бир нарсага уриб олади. Кейин ўша ҳодисани қора мушукнинг йўлини кесиб ўтганига боғлайди.    

Ўзининг тақдирини аллақандай махлуқнинг ҳаракатига боғлиқ, деб тушуниш иймонининг заифлигидан. Бундай одамлар барча воқеа-ҳодисалар фақат Аллоҳ таолонинг изну иродаси ила юз беришини охиригача тушуниб етмайди. 

Шундай экан, қора мушукдан қўрқиб, уни қийинчиликларнинг хабарчиси эканига ишониш – жаҳолат белгиси. Биз аслида бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтсизликка сабаб бўладиган гуноҳ ишларни қилиб қў­йишдан қўрқмоғимиз керак. 
 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

"Мўминалар" журнали 2-сонидан

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Бану Унайф масжиди — Мадинадаги томсиз тарихий бино

08.08.2025   23685   1 min.
Бану Унайф масжиди — Мадинадаги томсиз тарихий бино

   Мадина шаҳрида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган бир неча ўнта муқаддас жойлар мавжуд. Улардан бири — Бану Унайф масжиди бўлиб, у Кубо масжидидан жанубий-ғарбий томонга, ал-Уъсба маҳалласига 500 метрдан яқинроқ бўлган масофада жойлашган. 
 

  IQNA ахборот агентлиги Саудия Арабистонининг “VAS” агентлигига таяниб хабар беришича, ушбу тарихий масжид ўз номини Кубо аҳли билан иттифоқчи бўлган Бали қабиласининг тармоғи — Бану Унайф қабиласи номи билан атаган.


   Баъзи тарихчилар ушбу масжидни ”Ас-Субҳ” ёки “Ал-Мусаббаҳ” номлари билан ҳам билишади. Масжид ўзининг асл ва содда меъморчилиги билан танилган: у қора тусли вулқон тошларидан қурилган ва унинг том қисми йўқ. Масжид майдони тахминан 37,5 квадрат метрни ташкил қилади.


Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ жойларни сақлаш ва Саудия Арабистонидаги “Нигоҳ – 2030 дастури” мақсадларига мувофиқ равишда ушбу масжид капиталь таъмирдан чиқарилди.


Бану Унайф масжиди маданий ва диний туризм лойиҳаларига киритилган бўлиб, Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси уни амалга оширишни назорат қилмоқда. Бу эса зиёратчиларни Мадинадаги тарихий ва диний жойлар билан таништиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисми саналади. 
 

Манбалар асосида
Илёс Аҳмедов
тайёрлади