Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июл, 2025   |   14 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
09 Июл, 2025, 14 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Қора мушук эмас, жаҳолат ёмон 

17.03.2025   3362   2 min.
Қора мушук эмас, жаҳолат ёмон 

Анча йиллар олдин байрам арафасида кечқурун бир синфдошимизникига йиғилдик. Нимадир олиб келиш керак бўлиб, икки қурдош мотоциклга миниб жўнаб кетди. Ўн дақиқалик йўлга кетган йигитлар ярим соат ўтса ҳам, қайтиб келмади. Феъли торроқ айрим синф­дошларим тажанг бўла бош­лади. Ниҳоят, чамаси бир соатлар ўтиб, иккиси кириб келди. Чанг-тупроққа беланган, қўл-оёқлари шилинган эди. 

– Нима бўлди? – деб сўрасак, улардан бири жавоб берди: 

– Яхшигина келаётувдик, йўлда олдимиздан қора мушук ўтиб қолса бўладими, манови довдир, – дея боши билан шеригига ишора қилиб гапида давом этди, – “Вой, қора пишак”, деб мотоциклни буриб юборди-да, тўғри ўқариққа бориб қадалиб қолдик.  
Кейин муҳокама авж олди. Бири қора мушук йўлни кесиб ўтса, фалокат бўлишини айтса, иккинчиси инкор қилиб: “У бир мушук бўлса, ўтади-кетади-да, шунга ота гўри қозихонами?!” дерди. 

Яна кўп давраларда, ҳатто ғайридинлар орасида ҳам йўлни қора мушук кесиб ўтиши фалокат белгиси, деган иримни эшитиб ҳайрон бўламан.

Энг қизиғи, баъзи одамлар бу ишни мушукнинг ўзи қилади, деб тушунса-да, уни Аллоҳ бахт­сизлик белгиси қилиб йўлга чиқариб қўяди, деб ҳисоблайди. Улар шу хато тушунчаси боис йўлини қора мушук кесиб ўтиб қолгудек бўлса, ҳовлиқиб, довдираб қолганидан уловини ўзи бир жойга буриб юбориб, бир нарсага уриб олади. Кейин ўша ҳодисани қора мушукнинг йўлини кесиб ўтганига боғлайди.    

Ўзининг тақдирини аллақандай махлуқнинг ҳаракатига боғлиқ, деб тушуниш иймонининг заифлигидан. Бундай одамлар барча воқеа-ҳодисалар фақат Аллоҳ таолонинг изну иродаси ила юз беришини охиригача тушуниб етмайди. 

Шундай экан, қора мушукдан қўрқиб, уни қийинчиликларнинг хабарчиси эканига ишониш – жаҳолат белгиси. Биз аслида бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтсизликка сабаб бўладиган гуноҳ ишларни қилиб қў­йишдан қўрқмоғимиз керак. 
 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

"Мўминалар" журнали 2-сонидан

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Олти ҳақнинг бири 

07.07.2025   2749   2 min.
Олти ҳақнинг бири 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи олтитадир: “Унга рўбарў келсанг, салом бер, сен (бирор нарсага) таклиф этса, уни қабул қил, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, агар аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит айт, бетоб бўлса, уни зиёрат қил, вафот этса, (жанозасига) эргаш (яъни қатнаш)” дедилар” ( Имом Муслим ривояти). Бу олти ҳақнинг бири насиҳат беришдир. Агар мусулмон бошқа мусулмондан насиҳат сўраб келса, унга холис насиҳат бериши лозим. Зеро, насиҳат қилиш ҳар бир мўъмин-мусулмоннинг бошқа мўъмин-мусулмондаги ҳақларидан биридир.

 

Насиҳат қилишнинг қуйидаги одоблари бор: 

 

  1. Насиҳат сўраб келган кишини очиқ юз билан қарши олиш.
  2. Насиҳат сўраб келган кишидан ҳол-аҳвол сўраш.
  3. Насиҳат сўраб келган кишининг фикрини охиригача тинглаш.
  4. Насиҳат беришни яхши ният билан бошлаш.
  5. Насиҳат сўраб келган кишининг кўнглига тегмасдан унга чиройли насиҳат қилиш.
  6. Насиҳат ўзида дунё ва охират манфаатларини қамраб олиши.
  7. Насиҳатда  ишонарли нақлий ва ақлий далиллар келтириш.
  8. Кишининг хато ва камчиликлари бўлса, ётиғи билан тушунтириш;
  9. Насиҳатда кишининг ижобий томонларини кўрсатиб ўтиш.
  10. Насиҳатнинг ўрни ва вақтини топа билиш.
  11. Кўпчилик орасида насиҳат қилишдан тийилиш.
  12. “Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади”, деб яхши умид бериш.

 

Хулоса қилиб айтамизки, ҳар томонлама яхши ниятда, таъсирчан услубда, самимият билан қилинган насиҳат катта ажр-савобларга сабаб бўлади. У инсонлар ўртасида ёмонликни мавҳ қилиб, яхшиликни бардавом бўлиши учун хизмат қилади. 

 

Руҳиддин Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими