ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ ЗАЙНИДДИН ДОМЛА ЭШОНҚУЛОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ассалому алайкум. Мен кўпинча жамоат транспортларидан фойдаланаман. Шундай ҳолатга кўп гувоҳ бўлиб қолмоқдаман: мактаб ёшидаги айрим болалар, ҳатто баъзи катталар ҳам пластик картасини тўлов ускунасига тутади, лекин пул ечилмайди. Ё картаси ишламайди ёки пули йўқ. Шу ҳолатда кира ҳақини тўлмай, тушиб кетмоқдалар. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Чунки бу ҳақдорга ҳақини бермаслик ва ўзгалар ҳаққини ноҳақ ейишдир.
Аллоҳ таоло ўз Каломида бизларни огоҳлантириб, бундай деган: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Шунинг учун болани ёшликдан бировнинг ҳақидан ҳазар қилишга ўргатиш лозим. Арзимаган пулку, дейиш гуноҳни кичик санашдир. Бунинг устига ўзганинг ҳаққининг катта ё кичиги бўлмайди. Ҳақ эгаси кечмагунича, Аллоҳ таоло ҳам бундай гуноҳни кечирмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.