Қадим ва кўҳна Бухоро – авлиёлар, Ислом оламига муносиб ҳисса қўшган уламолар маскани, бутун дунёдан сайёҳлар зиёрат учун келадиган шариф шаҳар. Уни шарафлантириб турган аждодларимиз орасида Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари алоҳида ўрин тутади.
Абдулхолиқ Ғиждувоний номини тилга олар эканмиз, ҳар сафар: “Уст-бошингизни меҳнатингиз билан безанг”, “Кўнгил фироғини муҳаббат олови билан ёқинг” каби гўзал васиятлари қулоғимиз остида жаранглайди.
1103 йили асли румлик Шайх Абдулжамил ва Малатия подшоҳининг қизи Хонзодабегимнинг никоҳидан “Абдулхолиқ” исмли пок ўғил дунёга келди. Бақо эшигидан киргунига қадар фақат Аллоҳ зикрида бўлган валий зот Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари “Хожаи Жаҳон” номига мушарраф бўлган.
Барча улуғ зотларнинг ортида муштипар аёл – тақводор ва фидойи оналар туради. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг онаси Хонзодабегим ҳам Шайх Абдулжамил билан беш йилча бирга ҳаёт кечирган. Хонзодабегим йигирма бир ёшида бева қолиб, умрини шу биргина фарзандининг илм олиши ва тарбиясига бағишлади. Подшоҳнинг қизиман, демасдан ҳаётнинг паст-баландликларини шукр ва сабр билан енгиб ўтди. Меҳнаткашлиги, қатъиятлилиги ёш Абдулхолиқнинг келгуси ҳаётида бутун умрига татигулик даражада ўз таъсирини ўтказди.
Ҳар доим Аллоҳга илтижо қилди. Бошқаларга бориб арз қилмади, отасининг юртига қайтиб кетмади, яхши гумонда бўлиб, буни бир хайрли тақдирга йўйиб, чиройли сабр қилди...
Она фарзандини ўзидан узиб бирор ерга юбориш у ёқда турсин, бир неча соатга бўлса-да, бошқага бериб кетолмайди. Балки шундан бўлса керак, Пайғамбар алайҳиссалом: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деганлар (Имом Қузоъий ривояти). Хонзодабегим ҳам йўқотса-да, аёллик иффатию ор-номусини ва маънавиятини йўқотмади. Бутун умрини, илмини, куч-қувватини фарзандининг камолоти йўлида сарфлади. Олис юрти, ота-она соғинчи қалбини қанча ўртамасин, фарзандининг ёнида қолди.
Она номини пок сақлай олган аёлларимиз бор экан, ҳаёт мунаввар. Бунинг учун ҳар бир муслима ўзининг асосий бурчи илм ва тарбияни маҳкам тутмоғи лозим. Зеро, қўлига китоб тутган халқни, миллатни аввало аёл тарбиялайди. Сизу бизнинг зиммамиздаги вазифалар юки оғир бўлса ҳам, шарафи юксакдир. Шундай экан, олиму уламоларнинг меросхўрлари сифатида уларга муносиб фарзанд бўлайлик!
Норбиби МАРДОНОВА,
Ғиждувон тумани бош отинойиси
"Мўминалар" журнали 2-сонидан
Туркиянинг оммабоп “61 Saat” янгиликлар порталида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари ва миллий-маънавий меросига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола муаллифи, туркиялик санъатшунос олима Шейда Сағлам Тошкент, Самарқанд ва Бухорога қилган саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашди. У Ўзбекистондаги қадамжолар ҳар қандай сайёҳни узоқ тарих қаърига етаклашини алоҳида таъкидлаган.
Хусусан, Самарқанднинг меъморий улуғворлиги, Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси ва Шоҳи Зинда мажмуасининг жозибадорлиги туристларни бир зумга бўлса-да ўтмиш билан юзлашишга ундайди. Буюк олим ва астроном Мирзо Улуғбек ҳамда калом илмининг асосчиларидан бири Имом Мотуридий мероси орқали ушбу заминда илм-фан ва маънавият асрлар давомида узвий ривожланганига эътибор қаратилган.
Нашрда кўҳна Бухоро шаҳрининг ислом оламидаги юксак мавқеи алоҳида эътироф этилган. Калон минораси ва Исмоил Сомоний мақбарасининг меъморий мукаммаллиги, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги маънавий муҳит саёҳатчиларга унутилмас онларни туҳфа этиши қайд этилган. Муаллиф нақшбандия таълимотининг асосий ғояси — “Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин” ҳикмати бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини баён қилган.
Туркиянинг нуфузли медиа майдонида эълон қилинган ушбу мақола икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик маданий-маънавий кўприкларни янада мустаҳкамлашга ҳамда туркиялик зиёратчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати