Тошкент ислом институтининг 3-курс қорияси Робияхон Музаффархонова 30 пора Қуръони каримни бир кунда, 12 соат давомида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Робия Нажмиддинова ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб боришди.
Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари номзоди Уйғун домла Ғофуров мазкур натижани эътироф этиб, устозларга ғайрат ва шижоат тилади. Қуръони каримни 12 соатда ёддан ўқиб хатм қилган Робияхон Музаффархонова ноутбук ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, “Қуръон илмлари” кафедраси устозларининг меҳнати натижасида Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ёддан ўқиб бериш анъанага айланди. Бугунга қадар бундай ютуққа эришган қория талабалар сони 12 нафарга етди.
Шу вақтгача ушбу натижага Гулруҳ Кенжабек қизи, Робия Нажмиддинова, Фотима Абдуллаева, Ҳавасхон Акбарова, Назокат Сайдиллаева, Ҳуснора Мираҳмадова, Мухлиса Муҳамматханова, Хадича Қурбонова, Муҳсина Орифжонова, Амина Хўжаёр, Руқайя Юсуфий эришган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#Qabul_2025 #Magistratura
Шу йил 21 август куни Тошкент ислом институти магистратура босқичига ҳужжат топширган талабгорлар ўзлари танлаган йўналиш бўйича қуйидаги фанлардан ижодий имтиҳон топширади:
Теология (Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти) мутахассислиги бўйича Ақоид ва ислом фалсафаси фанлари;
Теология (Ҳадис илмлари) мутахассислиги бўйича Ҳадис ва Мусталаҳул-ҳадис фанлари.
2025 йил 22 август куни чет тилидан тест синови ўтказилади. Тест имтиҳонига рухсатнома билан кирилади. Талабгорлар мазкур ҳужжатни @muslimqabulbot телеграм ботидан олишлари мумкин.
Имтиҳонлар ушбу кунларда соат 8:00 да Тошкент шаҳридаги "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси биносида бошланади. Ярим соат олдин талабгорлар рўйхатга олинади.
Имтиҳон манзили: Тошкент шаҳри, Файзибаланд кўчаси, 1-уй. (https://maps.app.goo.gl/8ggftBWRhyG37Aps8)
Қабул жараёнига оид янгиликларни кузатиб боринг: https://t.me/qabulmuslimuz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати