Адлия вазирлиги ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда илк бор "Нодавлат нотижорат ташкилотлари боғлари"ни яратишга старт берилди.
2025 йил "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" давлат дастури ҳамда "Яшил макон" умуммиллий ҳаракати доирасида жорий йилнинг 15 март куни Адлия вазирлиги томонидан Ўрмон хўжалиги агентлиги ва нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида ижтимоий шериклик асосида "Нодавлат нотижорат ташкилотлари боғи" ижтимоий лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида 50 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари Тошкент вилояти Оҳангарон туманида "Нодавлат нотижорат ташкилотлари боғи"ни ташкил этишда фаол иштирок этишди. Мазкур боғ қарийиб 2 гектар майдонни ўз ичига олган бўлиб, ушбу боққа 2 мингдан ортиқ иқлимга мос манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш ишлари амалга оширилди.
"Нодавлат нотижорат боғлари"да ҳар бир ташкилот учун алоҳида ҳудуд белгилаб берилади ва кўчатлар парвариши доимий назоратда олинди.
Мамлакатимизда яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида бошланган мазкур эзгу лойиҳа доирасида республикамизнинг қолган барча ҳудудларида ҳам "ННТлар боғи"ни яратиш мақсад қилинган.
Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми шу йил 13 майдан бошланади. 28 майга қадар ҳар куни юртимиздан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.
Зиёратчилар юртимизнинг 9 та ҳудудидаги Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда:
– Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
– Эмлаш ишлари олиб борилди;
– Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
– Сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
– Ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:
– "Ҳаж – буюк ибодатдир" қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич.
Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати