Ҳакимул уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ бундай дейдилар: “Қалбга, бирон яхши амални қилиб олайин, деган уй келиши сўфийлар истилоҳида “ворид” дейилади. Яъни, мен шу савоб ишни қилайин, намоз ўқиб олайин, таҳажжудга турайин, садақа берайин, биродаримга ёрдам қилайин, дўстимнинг ғамини кетказайин, деган каби ўйлар келишини “ворид” дейдилар.
“Ворид” Аллоҳ таоло тарафидан келган меҳмондир. Агар сен бу меҳмонни бироз бўлса ҳам иззат қилсанг, меҳмоннавозлик кўрсатсанг, у ҳолда у яна келади. Қайси яхши амални қилиш фикри қалбингга келса, ўша заҳоти уни бажариш меҳмоннавозликдир. Агар сен бир мартта меҳмоннавозлик қилмасанг, у меҳмон жуда ҳурматга сазовор бўлгани сабабли ҳузуринга бошқа келмай қўяди. Унинг қайтиб келмай қолишидан паноҳ сўрагин. У меҳмон қайтиб келмай қолиши, дегани, энди қалбга яхши амал қилиш фикри келмайди деганидир. Аллоҳ таоло сақласин. Қалбга муҳр босилса, занг қопласа, ана ўшанда яхши амал қилиш фикри келмай қолади".
“Насиҳатлар гулдастаси”дан.
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази