“Ал-Азҳар” шайхи доктор Аҳмад Тоййиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Исломофобияга қарши курашиш халқаро куни муносабати билан ўтказилган йиғилишида жаҳон ҳамжамиятини исломофобияга қарши курашишга чақирди. У ушбу тадбирда сўзлаган нутқида шайх ат-Тоййиб исломофобияни ақлга зид ва мантиқсиз мафкура сифатида таърифлаб, уни жаҳон тинчлигига ҳақиқий таҳдид келтиради, дея баҳолади.
“Ал-Азҳар” шайхи доктор Аҳмад Тоййиб маърузаси давомида БМТ Бош котиби Антониа Гутерришнинг Ислом ҳақидаги холис ва жасоратли сўзларини юқори баҳолаб, бундай баёнотлар исломофобияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. У, шунингдек, айрим ўнг қанот экстремистик гуруҳларнинг Исломга нисбатан нотўғри тасаввурларни популистик мақсадларда суистеъмол қилишга уринишларини қоралади.
Шайх ат-Тоййибнинг ушбу чақириқлари исломофобияга қарши халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва динлараро ҳурмат ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўз навбатида Миср муфтийси ва Жаҳон фатво муассасалари Бош котиби, доктор Назир Айёднинг таъкидлашича, исломофобияга қарши кураш жамият тинчлигини сақлаш ва халқлар ўртасида ҳамжиҳатлик ҳамда бағрикенглик қадриятларини мустаҳкамлаш учун долзарб масаладир. Мазкур оқимга қарши курашиш мусулмонлар зиддига нафрат қўзғатувчи ҳар қандай сўзлар ва фикрларга қарши халқаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар олиб боришни талаб қилади.
Ҳар йили 15 март куни нишонланадиган “Исломофобияга қарши кураш халқаро куни” муносабати билан сўзлаган нутқида, доктор Назир Айёд исломдан қўрқиш ҳодисасининг тарқалиши ва мусулмонларга қарши бўлган ёлғон маълумотлар ҳамда нафрат қўзғатувчи кампанияларнинг кучайиши катта муаммо эканини таъкидлади. Бу эса нотўғри тушунчаларни тўғрилаш, динлар ва маданиятлар ўртасида мулоқотни кучайтириш, раҳм-шафқат, тинчлик ва осойишталикда яшашга чақирувчи исломий қадриятларни тарқатиш устида ишлашни талаб этади.
Доктор Назир Айёднинг таъкидлашича, Миср Фатво ҳайъати ва Жаҳон фатво муассасалари бош котибияти бу борада фаол иш олиб бормоқда. Улар ичида экстремизм ва исломофобияга қарши курашиш бўйича “Салам” тадқиқотлар маркази орқали махсус тадқиқотлар ва изланишлар олиб бориш, халқаро конференциялар ва семинарлар ўтказиш, халқлар ўртасида тушуниш ва ҳамкорлик кўприкларини қуришга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш каби ишлар мавжуд.
Манбалар асосида
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Ғафлатда қолманг! Эртага Ашуро куни: Рўза тутишни ва оилангизга кенгчилик қилишни унутманг!
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси Аллоҳдан умид қиламанки бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Ашуро куни яқинларга кенгчилик қилиш – бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Даврон НУРМУҲАММАД