Шу йил 20-26 март кунлари Иордания Ҳошимийлар подшоҳлигида 20-халқаро Қуръон тиловати ва ёдлаш мусобақаси бўлиб ўтади.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртининг 2-курс талабаси Муҳаммадамин қори Аҳмадҳўжаев Ватанимиз шаънини ҳимоя қилади.
Маълумот ўрнида ушбу мусобақа Иорданиянинг Исломий ишлар ва зиёратгоҳлар вазирлиги томонидан ташкил этилган. Бундан кўзланган мақсад ёш авлодни Қуръони карим кўрсатмаларига амал қилишга ўргатиш саналади. Мусобақа подшоҳ Абдуллоҳ II нинг бевосита ҳомийлиги остида ўтказилмоқда.
Аллоҳ таоло ҳамюртимиз Муҳаммадамин қорига муваффақият ва зафар ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 16 май куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов Тайлоқ туманидаги “Ўрта” масжидга борди. Домла жума намозидан олдин “Камтарга камол, манманга завол” мавзусида маънавий-маърифий маъруза қилди.
Маърузада инсоннинг ички камолотга эришишида камтарликнинг нақадар муҳим экани, манманлик ва кибр каби хулқларнинг инсон ва жамият учун келтириши мумкин бўлган салбий оқибатлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Ислом ахлоқ-одобининг олий қоидалари, нафсни тарбиялаш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва инсофни қарор топтириш каби мавзулар кенг ёритилди.
Жума намозини ўқиш асносида юрт тинчлиги, эл-юрт фаровонлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати