Ойлар султони Рамазоннинг ҳар бир кунида саховат, хайрия тадбирлари Тошкент шаҳрида ҳам уюшқоқлик билан ўтказиляпти.
Рамазоннинг 20-куни (20 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташриф буюрдилар.
Туман бош имом-хатиби, имом-домлалар билан 3 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди.
Шундай оилалардан иккитасида ёши улуғ отахон ва кекса онахон истиқомат қилади. Отахон ва онахон кўзларида ёш ила юртимиз тинчлиги мустаҳкам, халқимиз турмуши янада фаровон бўлиши сўраб дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси 261-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун 700 ва ундан ортиқ савоб ато этишини билдирмоқда.
Парвардигор эҳсонларни қабул қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
13 июль куни Ташқи ишлар вазирлигида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги “Умра плюс” зиёрат туризми дастурини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Индонезия, Малайзия ва Сингапурдан мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кенгайтиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, гибрид форматда ташкил этилган ушбу йиғилишда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмитаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Бухоро, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, “Uzbekistan Airways” АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ, маҳаллий авиаташувчи компаниялар, “Uzbekistan–Malaysia–Indonesia Travel Association”, “Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси”, шунингдек, туристик компанияларнинг 40 нафарга яқин вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда Жанубий-Шарқий Осиё давлатларидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш йўлидаги транспорт-логистика, хизмат кўрсатиш ва тарғибот масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Малайзиядан қатновларни кўпайтириш ҳамда Индонезия ва Сингапурдан тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, “Умра+” дастури доирасида зиёрат туризми бўйича тарғибот ишларини жадаллаштириш, хорижий зиёратчилар учун инфратузилмани халқаро ҳалол стандартларига мослаштириш ва сайёҳлик компаниялар билан ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир “муаммо-таклиф-ечим” форматидаги очиқ мулоқот кўринишида бўлиб ўтди ва унда томонлар соҳадаги муаммо ҳамда мавжуд имкониятлар юзасидан конструктив фикр алмашишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати