Ойлар султони Рамазоннинг ҳар бир кунида саховат, хайрия тадбирлари Тошкент шаҳрида ҳам уюшқоқлик билан ўтказиляпти.
Рамазоннинг 20-куни (20 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташриф буюрдилар.
Туман бош имом-хатиби, имом-домлалар билан 3 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди.
Шундай оилалардан иккитасида ёши улуғ отахон ва кекса онахон истиқомат қилади. Отахон ва онахон кўзларида ёш ила юртимиз тинчлиги мустаҳкам, халқимиз турмуши янада фаровон бўлиши сўраб дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси 261-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун 700 ва ундан ортиқ савоб ато этишини билдирмоқда.
Парвардигор эҳсонларни қабул қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
#xabar #Islom_sivilizatsiyasi_forumi #buxoro
Ташриф давомида меҳмон ўзлари таҳсил олган қутлуғ илм даргоҳида яратилган замонавий шароитлар, таълим жараёни ҳамда кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, устозлар билан самимий мулоқот қилиб, талаба йилларига оид илиқ хотиралари билан ўртоқлашди.
Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода 1968–1973 йилларда Мир Араб мадрасасида таҳсил олган бўлиб, кейинчалик Тошкент Ислом институтини тамомлаган. 1979 йилдан буён Кавказ мусулмонлари идораси раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, у халқаро диний ташкилотлар ва маслаҳат кенгашларининг фаол аъзоларидан бири ҳисобланади.
Ташриф чоғида Шайхулислом Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, таълим муассасаларини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади.
У киши бу юртда устозларидан нафақат диний илм, балки ҳаёт сабоқларини ҳам олганини алоҳида таъкидлаб, Мир Араб мадрасаси ва бошқа муқаддас масканларда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари давлатнинг дин ва миллий меросга бўлган юксак эътиборининг амалий ифодаси эканини қайд этди.
Ташриф якунида Мир Араб мадрасаси жамоаси меҳмонга самимий ташаккур изҳор қилиб, мазкур учрашув устозлар ва талабалар учун унутилмас маънавий-маърифий мулоқот бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати