Ойлар султони Рамазоннинг ҳар бир кунида саховат, хайрия тадбирлари Тошкент шаҳрида ҳам уюшқоқлик билан ўтказиляпти.
Рамазоннинг 20-куни (20 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташриф буюрдилар.
Туман бош имом-хатиби, имом-домлалар билан 3 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди.
Шундай оилалардан иккитасида ёши улуғ отахон ва кекса онахон истиқомат қилади. Отахон ва онахон кўзларида ёш ила юртимиз тинчлиги мустаҳкам, халқимиз турмуши янада фаровон бўлиши сўраб дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси 261-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун 700 ва ундан ортиқ савоб ато этишини билдирмоқда.
Парвардигор эҳсонларни қабул қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 5 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига кириш тест синовлари 3-ҳудуд Қашқадарё вилоятида ўтказилмоқда.
Имтиҳонлар Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги “Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази”да бўлиб ўтмоқда.
Абитуриентлар учун муҳим эслатма ва қоидалар:
– Абитуриент тест синовларига шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) ҳамда имтиҳон рухсатномаси билан келиши талаб этилади. Мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда абитуриент тест синовларига киритилмайди.
– Абитуриентлардан имтиҳон рухсатномасида кўрсатилган вақтдан 30 дақиқа олдин имтиҳон ҳудудига етиб келиш сўралади. Ўз вақтида келмаганлар имтиҳонга қўйилмайди.
– Тест давомида мобил телефон, ақлли соат, қулоқчин, калькулятор, луғат, китоб, шпаргалка ҳамда ҳар қандай электрон ва хотира қурилмаларидан фойдаланиш қатъиян ман этилади.
– Бошқалардан кўчириш, ёрдам бериш, суҳбатлашиш, халақит бериш ёки имтиҳон платформасида бошқа абитуриентнинг кабинетига киришга уриниш ҳолатлари аниқланса, абитуриент дарҳол четлатилади.
Манзил: Қарши шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси 13-уй. Мурожаат учун: +998 99 717 0461
Маълумот ўрнида, 3-ҳудуд Қашқадарё вилоятидан имтиҳон жараёнларида 789 нафар абитуриент иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати