Ойлар султони Рамазоннинг ҳар бир кунида саховат, хайрия тадбирлари Тошкент шаҳрида ҳам уюшқоқлик билан ўтказиляпти.
Рамазоннинг 20-куни (20 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташриф буюрдилар.
Туман бош имом-хатиби, имом-домлалар билан 3 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди.
Шундай оилалардан иккитасида ёши улуғ отахон ва кекса онахон истиқомат қилади. Отахон ва онахон кўзларида ёш ила юртимиз тинчлиги мустаҳкам, халқимиз турмуши янада фаровон бўлиши сўраб дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси 261-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун 700 ва ундан ортиқ савоб ато этишини билдирмоқда.
Парвардигор эҳсонларни қабул қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати