Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июл, 2026   |   14 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:38
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:35
Шом
19:49
Хуфтон
21:16
Bismillah
28 Июл, 2026, 14 Сафар, 1448
Мақолалар

Рамазондан кейин-чи?

24.03.2025   11880   2 min.
Рамазондан кейин-чи?

Мана, муборак Рамазон ойи ҳам ўз поёнига етди. Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказганларимиз, кундузлари рўзадор юрганларимиз, туну кун Қуръон ўқиганларимиз эсингиздами?!

Намозларимизни масжидларда жамоат билан ўқишга қаттиқ ҳаракат қилар эдик. Масжидлар ҳам намозхонларнинг кўплигидан тўлиб-тошиб кетарди. Шу дамларни эсингиздан чиқармадингизми?!

Хўш, энди айтинг-чи! Ҳозир ҳам Рамазондаги каби ҳаёт тарзидамизми?! Ўша кунларда бўлгани каби бир кеча Қуръон ўқимай қолсак хижолат бўламизми?! Кундузги ва тунги амалларимизни пухта бажаришга киришганмизми?! Тафаккур, хушуъ, тааммул ва бўйинсуниш ила Раббимиздан қўрқяпмизми?!

Одамларнинг Рамазондаги ва ундан бошқа пайтлардаги ҳолатларини солиштирган киши дангасалик, ибодатларга лоқайдликни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайди. Уларнинг ҳолатларидан “Тавба, ибодат фақатгина Рамазон ойига тегиш­лими?! Аллоҳ таоло барча ойларнинг ҳам Робби-ку?!

Рамазон ойи бошқа ойларда ибодатларга ихлос ила ёндашиш учун захира тўплаб олинадиган ойдир.

 Улуғлардан бири айтади: “Ким бўшашиш, дангасалик ва роҳат томон оғса, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, у одам ҳақиқий роҳатдан қуруқ қолибди”.

 Бир ҳикмат бор: “Чарчамасликни хоҳласангиз, чарчаб (бўшашиб) қолмаслик учун  (ибодат билан) чарчанг!”.

 Бу каби тавсияни Аллоҳ таоло Ўз Набиййига берган: «Фориғ бўлсанг, (ибодатга) урингин»[1]. Чунки дангасалик орқали ҳақни етказиб бўлмайди, вожибларни адо этиш қийин масала.

Ибодатга шўнғиш, тинмай машғул бўлиш, яқинларининг ҳақларидан уларни маҳрум қилиш Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари эмас. Аксинча, ҳар ишда мўътадиллик лозим. Яхши ишни оз-оздан бўлса ҳам доимий қилиб юрган афзал. 

Тавбадан кейин қилинган бир гуноҳ ундан аввалги гуноҳдан анчайин ёмонроқдир. Касалликнинг қайталаниши биринчисига қараганда анчайин қийин кечади. То дунёдан ўтгунингизга қадар тоатларда маҳкам туриш, астойдил бўлишни Аллоҳ таолодан сўранг. Қалбларнинг алмашинувидан эса паноҳ тиланг. Тўқиган нарсасини тайёр бўлганидан кейин қирқим қилиб кесиб, чувалаб ташлаган аёлга ўхшаманг.

Аллоҳнинг тоати йўлида сизга ёрдамчи бўладиган кишини дўст деб билинг. Рамазон ойида дуо қилишга ҳарис бўлганингиздек, бошқа ойлар ҳам дуода маҳкам бўлинг. Ҳафтада бир маротаба бўлса ҳам таҳажжудга туринг. Қуръон тиловатини унутманг. Рамазондан кейин ҳам Рамазондаги ҳолатингизда давомли бўлинг.

 


[1]  Шарҳ сураси, 7-оят.

 

 

Рамазон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳамдардлик билдирамиз

26.07.2026   9621   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

#ta'ziya
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах шаҳар "Имом Бухорий" жоме масжиди имом-хатиби Маъруфхон домла Ҳошимхоновнинг падари бузруквори Муҳсинхон эшон бобонинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.

Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Маъруфхон домлага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза намози эртага, 27 июль куни соат 09:00 да Самарқанд вилояти, Булунғур туманидаги ўз хонадонида ўқилади.

Манзил локатсияси

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz

Ўзбекистон янгиликлари