Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Охират сафарига кузатилган онахон эл-юрт корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Обидхон домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози бугун пешин намозидан сўнг Наманган шаҳридаги "Шайх Эшон" жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Шу йил 3 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раислигида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган масжидларнинг имом-хатиб ва мутаваллилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Кўрилган масалалар масжидлардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари шаҳарсозлик меъёрларига тўлиқ мувофиқ бўлиши ва қурилишга оид ҳужжатларни талабга мувофиқ юритиш ҳамда қурилишлар содда, оддий ва дабдабадан ҳоли бўлиши бўйича масъулларга зарурий тавсиялар берилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини сифати ва белгиланган вақтда якунлаш зарурлиги яна бир бор эслатилди.
Барча имом-хатиб ва ходимларга масжидлар ҳамда уларга олиб борувчи 100 метр масофадаги йўллардаги тозалаш ва ободонлаштириш ишлари доимий бўлиши, намозхонлар учун шароитларни янада қулай бўлиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, таҳоратхоналардаги шароитларни замонавий талаб даражасига келтириш каби вазифалар юклатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
атбуот хизмати