Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай (Аъроф сураси, 31-оят).
Шундай экан мусулмон киши овқат ва ичимлик истеъмолида исрофдан ва ҳаддан ташқари кўп ейишдан сақланиши лозим. Чунки Рамазон ойи соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний тарбия учун катта имкониятдир.
Табибларнинг таъкидлашича, рўзадор кишининг ҳазм қилиш тизими дам олади, танасининг тўқималари ва ҳужайралари зарарли моддалардан халос бўлади, ортиқча ёғ ва қанд миқдори камаяди. Шунингдек, рўза танани тозалайди ва Аллоҳнинг изни билан кўплаб жисмоний ва руҳий касалликларга шифо бўлади.
Рўза нафсни тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳват ва орзу-истакларни назорат қилишга ёрдам беради. Шу билан бирга, шайтоний васвасаларни қувиб, ҳайвоний истакларни заифлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Бу жиҳатлар мусулмон кишини тарбиялайди, уни овқатда меъёрга риоя қилишга ўргатади ва турли таомлардан ҳаддан ташқари истеъмол қилишдан қайтаради. Шунингдек, рўза тутиш таом ва ичимликлар қабул қилиш вақтини тартибга солишни, таом устига таом ейишнинг зарарларини англашга ўргатади.
Рамазон ойида меъёр ва иқтисод
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одамга белини тутиш учун озгина лукималар кифоя қилади. Агар шунга ҳам қодир бўлмаса, қорнини уч қисмга бўлсин: учдан бири таом учун, учдан бири ичимлик учун ва учдан бири нафас олиш учундир” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).
Бир донишманд бундай деган: “Дард-аламнинг кўпчилиги таом ва ичимлик сабабли юзага келади.”
Шу сабабли, биз ўзимизни ҳамиша, хусусан, Рамазон ойида озиқ-овқат ва ичимликда иқтисод ва меъёрга риоя қилишга тарбиялашимиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳум Рамазон ойидан бошқа ойларда ҳам кўп вақтда оч қолишган, кам таом истеъмол қилиб, ҳаётларини содда ўтказганлар. Бир шоир дунё ҳаёти ҳақида бундай деган: “Бу дунёда пайғамбарлар оч қолгани учун шараф топдилар, аммо ҳайвонларнинг қорни эса тўқ ҳолда кузатиб қўйилди”.
Бу сўзлар инсон ҳаётида моддий неъматлардан кўра маънавий қадриятлар устувор бўлиши кераклигини таъкидлайди. Пайғамбарлар ва солиҳ инсонлар қийинчиликларга сабр қилиб, очликка дуч келган бўлсалар-да, уларнинг мақсади олий бўлган. Улар дунё лаззатларига берилмасдан, ҳақиқат ва ҳидоят йўлида яшаганлар. Шунингдек, бу сатрлар одамларни фақат моддий бойликка эмас, балки руҳий поклик ва тақвога эътибор беришга чақирган
Бас, шундай экан Рамазон ойини фақат кўп ейиш-ичиш мавсумига айлантирмаслик керак. Аксинча, уни тана соғлиғини тиклаш, зарарли моддалардан халос бўлиш ва ички покликни ошириш имконияти сифатида қабул қилиш лозим. Рамазон нафақат жисмоний, балки руҳий юксалиш, Аллоҳга яқинлашиш ва кўп савоблар йиғиш ойидир.
Доктор Солиҳ бин Али Абу Аърроднинг
“Рамазон мактублари” китобидан
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси