Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай (Аъроф сураси, 31-оят).
Шундай экан мусулмон киши овқат ва ичимлик истеъмолида исрофдан ва ҳаддан ташқари кўп ейишдан сақланиши лозим. Чунки Рамазон ойи соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний тарбия учун катта имкониятдир.
Табибларнинг таъкидлашича, рўзадор кишининг ҳазм қилиш тизими дам олади, танасининг тўқималари ва ҳужайралари зарарли моддалардан халос бўлади, ортиқча ёғ ва қанд миқдори камаяди. Шунингдек, рўза танани тозалайди ва Аллоҳнинг изни билан кўплаб жисмоний ва руҳий касалликларга шифо бўлади.
Рўза нафсни тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳват ва орзу-истакларни назорат қилишга ёрдам беради. Шу билан бирга, шайтоний васвасаларни қувиб, ҳайвоний истакларни заифлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Бу жиҳатлар мусулмон кишини тарбиялайди, уни овқатда меъёрга риоя қилишга ўргатади ва турли таомлардан ҳаддан ташқари истеъмол қилишдан қайтаради. Шунингдек, рўза тутиш таом ва ичимликлар қабул қилиш вақтини тартибга солишни, таом устига таом ейишнинг зарарларини англашга ўргатади.
Рамазон ойида меъёр ва иқтисод
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одамга белини тутиш учун озгина лукималар кифоя қилади. Агар шунга ҳам қодир бўлмаса, қорнини уч қисмга бўлсин: учдан бири таом учун, учдан бири ичимлик учун ва учдан бири нафас олиш учундир” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).
Бир донишманд бундай деган: “Дард-аламнинг кўпчилиги таом ва ичимлик сабабли юзага келади.”
Шу сабабли, биз ўзимизни ҳамиша, хусусан, Рамазон ойида озиқ-овқат ва ичимликда иқтисод ва меъёрга риоя қилишга тарбиялашимиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳум Рамазон ойидан бошқа ойларда ҳам кўп вақтда оч қолишган, кам таом истеъмол қилиб, ҳаётларини содда ўтказганлар. Бир шоир дунё ҳаёти ҳақида бундай деган: “Бу дунёда пайғамбарлар оч қолгани учун шараф топдилар, аммо ҳайвонларнинг қорни эса тўқ ҳолда кузатиб қўйилди”.
Бу сўзлар инсон ҳаётида моддий неъматлардан кўра маънавий қадриятлар устувор бўлиши кераклигини таъкидлайди. Пайғамбарлар ва солиҳ инсонлар қийинчиликларга сабр қилиб, очликка дуч келган бўлсалар-да, уларнинг мақсади олий бўлган. Улар дунё лаззатларига берилмасдан, ҳақиқат ва ҳидоят йўлида яшаганлар. Шунингдек, бу сатрлар одамларни фақат моддий бойликка эмас, балки руҳий поклик ва тақвога эътибор беришга чақирган
Бас, шундай экан Рамазон ойини фақат кўп ейиш-ичиш мавсумига айлантирмаслик керак. Аксинча, уни тана соғлиғини тиклаш, зарарли моддалардан халос бўлиш ва ички покликни ошириш имконияти сифатида қабул қилиш лозим. Рамазон нафақат жисмоний, балки руҳий юксалиш, Аллоҳга яқинлашиш ва кўп савоблар йиғиш ойидир.
Доктор Солиҳ бин Али Абу Аърроднинг
“Рамазон мактублари” китобидан
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ашуро – Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлиб, Исломда фазилатли кунлардан саналади. Бу куннинг шарафи ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: “Нима бу? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсиз?)” дедилар. Улар: “Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган”, деб жавоб беришди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро кунининг энг катта фазилатларидан бири — бу кунда тутилган рўзанинг улкан савобидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишидан Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ашуро куничалик бирор куннинг рўзасини ҳамда ушбу рамазон ойичалик (бирор ойни) савоб талабида бошқасидан афзал билганларини кўрмаганман”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар бу ҳадисдаги гуноҳлар кичик гуноҳлар эканлигини баён қилганлар. Катта гуноҳлар учун эса тавба қилиш лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бу воқеа охирги вақтларда бўлган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам авваллари бирор нарсага буюрилмаган ишларда аҳли китобларга мувофиқ бўлишни хоҳлардилар. Айниқса, мушрикларга хилоф бўлган ишларда шундай эдилар. Макка фатҳ бўлиб, Ислом машҳур бўлганидан сўнг аҳли китоблардан ҳам фарқли бўлишни хоҳладилар. Шунинг учун аввалда: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, деган бўлсалар, кейинчалик улардан ҳам ажралиб туришни истадилар ва Ашуро кунидан олдин ёки кейин яна бир кун рўза тутиб қўйишга буюрдилар”.
Шу сабабли уламолар Ашуро рўзасини 9-10 ёки 10-11 муҳаррам кунлари тутишни мустаҳаб деб билганлар.
Ашуро куни мўмин учун Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш, гуноҳлардан тавба этиш, зикр ва ибодатни кўпайтириш учун яхши фурсатдир. Бу муборак куннинг фазилатидан фойдаланиб, рўза тутиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш ҳар бир мусулмон учун катта манфаатдир.
Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро кунининг фазилатидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.
Аслиддин МИРЗАМИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси