Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат аломатларини санаганларида: “...Чорва ўлати каби орангизда тарқаладиган ўлат”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни орангизда бир касаллик тарқалади ва шу сабабли ўлим кўпаяди. Бу ҳодиса Умар розияллоҳу анҳу даврида Шомда тарқалган вабо деб таҳмин қилинади. Ушбу вабода Абу Убайда ва бошқа кўплаб саҳобалар вафот этишган.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул борий” китобида бундай ёзади: “Айтишларича, қиёматнинг бу аломати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳукмронлиги даврига тўғри келиб, у кўплаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган. Бу воқеа Қуддус фатҳидан сўнг бўлганди”.
Тарихчиларнинг ёзишича, ҳижрий 18 йилда Амавос ҳудудида вабо эпидемияси бошланиб, кейинчалик Шом ерларига тарқалиб кетган. Бу вабода кўп сонли саҳоба ва бошқа мусулмонлар вафот этди.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, қурбонлар сони 25 минг кишига етган. Ушбу вабо туфайли вафот этган машҳур саҳобалардан бири Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу эди.
Ҳозирги кунда инсониятга давоси маълум бўлмаган (масалан, одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) ва ҳ.к.) касалликлар турининг тобора кўпайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Замонавий илм-фан ва цивилизация ривожланиши инсонларни бундай касалликлардан ҳимоя қила олмайди.
Бинобарин, фан-техника тараққиёти одамларни тақдирдан (қадар) қутқаради, деган ҳаёлларга берилмаслик лозим. Ҳар бир инсоннинг ўлими олдиндан белгилаб қўйилган, Аллоҳ унинг жонини бирор сабаб билан олади.
Бемор истеъмол қиладиган дорилар фақатгина ташқи сабаблардир. Аллоҳ таоло дори ичган ҳар кишига шифо беравермайди. Масалан, дорининг бош оғриғини йўқ қилиши бу унинг ички таъсири эмас, балки Аллоҳ таолонинг хоҳиш ва иродасига боғлиқдир.
Қиёмат кунининг кичик аломатлари (биринчиси);
Қиёматнинг кичик аломатлари: Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафот этишлари (Иккинчи қисм);
Қиёматнинг кичик аломатлари: Қуддуснинг фатҳ этилиши (3 қисм).
Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарликларида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар мутаваллилари учун йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси З.Ахмедходжаева, Янги Наманган тумани кадастр бўлими бошлиғи О.Усманов, нотариус А.Артиқовлар иштирок этдилар.
Унда нотиқлар томонидан мутавалли масжид имом-хатибининг хўжалик ишлари бўйича ёрдамчиси, масжидларнинг иқтисодий фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ойлик иш хақи билан таъминлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, масжид мулкини иқтисод қилиш мақсадида гелеоколлекторлар ўрнатиш, мавжуд қозонхоналарни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, иш юритиш номенклатурасига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ва муомала маданиятига риоя қилиш, масжидларнинг тозалик ва ободонлаштириш ишларига масъул эканини айтиб ўтилди.
Масжидларнинг таъсис хужжатлари, иш ҳақларини меъёрлаштириш, янги ходим ишга қабул қилинганда Адлия бошқармасини онлайн хабардор қилиш, масжидлардаги мавжуд “текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни юритиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилиш давомида масжидларнинг қўшимча ер майдонларини қонунийлаштириш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида қатнашчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати