САДАҚА (эҳсон) нинг энг ноёб 80 та ТУРИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Кимки бир ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида бир гуноҳга яраша жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Қуръони карим. Анъом сураси 6/160).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса, ширин сўз билан!».
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИДАН:
è Ҳиммати йўқнинг
Ҳурмати йўқ.
è Бахилнинг туйнугидан ел кирмас,
Эшигидан – эл.
è Яхши топса – элга ёяр,
Ёмон топса – гўрга ёяр.
è Оларда ҳисоби тўққиз,
Берарда саноғи – ўттиз.
è Бахил авлиё бўлмас,
Авлиё бахил бўлмас.
è Ҳасад кўчатини эккан
Бало мевасини ер.
è Сахийнинг хайрига бахилнинг боши оғрир.
è Аҳмоқда ақл бўлмас,
Ақлли бахил бўлмас.
è Ҳасад ўтини дарё учиролмас.
è Бахил эҳсондан қочар,
Хасис меҳмондан қочар.
è Бермаснинг оши пишмас,
Пишса ҳам қозондан тушмас.
è Сахий топса – ўртада,
Бахил топса – халтада.
è Яхшининг кўнгли – тоғ,
Бахилнинг кўнгли – доғ.
è Хасиснинг пулидан юлдуз яқин.
è Қамиш сувга тўймас,
Хасис – пулга.
è Сахий бўлмаса, бахил ҳаром ўлар.
è Ҳимматли кўкка кўтарилар,
Ҳимматсиз – ерга кўмилар.
1) Таом билан сийлаш – энг хайрли садақадир.
2) Биродарингизнинг юзига табассум қилишингиз – садақа.
3) Қариндошга яхшилик қилиш – садақа.
4) Закот бериш – садақа.
5) Ушр бериш – садақа.
6) Фитр рўза бериш – садақа.
7) Икки киши ўртасида адолатли бўлиш – садақа.
8) Йўлдаги озор берувчи нарсани даф этиш – садақа.
9) Ширин сўз айтиш – садақа.
10) Оила аъзоларига меҳр-мурувват қилиш – садақа.
11) Ўз фарзандларини тартиб-интизомга ўргатиш – садақа.
12) Етимларга ёрдам бериш – садақа.
13) Боқувчиси йўқ оилага ёрдам қилиш – садақа.
14) Қийналган инсонга ёрдам бериш – садақа.
15) Одамларга чиройли муомала қилиш – садақа.
16) Овқат тайёрлаш – садақа.
17) Икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш – садақа.
18) Челагингиздаги сувни биродарингизнинг челагига қуйиб бериш – садақа.
19) Ёрдам сўраб келган ҳожатмандга ёрдам бериш – садақа.
20) Кишига биринчи бўлиб салом бериш – садақа.
21) Кишига улови борасида ёрдам бериш – садақа.
22) Бир кишини уловга минишига кўмаклашиш – садақа.
23) Бир одамни юкини кўтариб олиб бериш – садақа.
24) Шаҳватини ҳалол йўл билан қондириш – садақа.
25) Бир инсонни мушкулини осон қилиш – садақа.
26) Қарзни тўлашга қийналаётганга ҳақ эгаси муҳлатни чўзиб берса, ҳар куни ҳақ эгаси берган қарзи миқдорича садақанинг савоби ёзилади.
27) Қарздорнинг қарзини кечиб юборган кишига Қиёматгача ҳар куни шунча садақа қилганнинг савоби ёзилиб туради.
28) Киши ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши – садақа.
29) Намоз сари босилган ҳар бир қадам – садақа.
30) Яхшилик қилиш – садақа.
31) Яхшиликка буюриш – садақа.
32) Ёмонлик қилмаслик – садақа.
33) Ёмонликдан қайтариш – садақа.
34) Қарз сўраб келган кишига қарз бериб туриш – садақа.
35) Қарздор кишининг қарзларини тўлаб бериш – садақа.
36) Одамларга яхши сўз айтиш – садақа.
37) Ўзидан кичикка раҳмдиллик қилиш – садақа.
38) Ўзидан каттани ҳурматини жойига қўйиш – садақа.
39) Мусулмонларга ғоибдан туриб дуо қилиш – садақа.
40) Мусулмон кишининг бир инсонга ёрдам бериши – садақа.
41) Бировни оғирини енгил қилиш – садақа.
42) Йўлда адашган кишига тўғри йўлни кўрсатиб, уни йўллаб қўйиш – садақа.
43) Ифторлик қилиб бериш – садақа.
44) Кишини меҳмон қилиш – садақа.
45) Қўшнига яхшилик қилиш – садақа.
46) Мўминнинг кўнглини хурсанд этиш – садақа.
47) Тилни беҳуда гаплардан тийиш – садақа.
48) Ғийбатдан сақланишлик – садақа.
49) Эҳтиёжмандларга яхшилик улашиш – садақа.
50) Кишининг узоғини яқин қилиш – садақа.
51) Кўзи ожиз кишини тўғри йўналишга тушириб қўйиш – садақа.
52) Одамлар учун фойдали илм ўргатиш – садақа.
53) Ёмонликдан сақланиш – садақа.
54) Одамларга сув улашиш – садақа.
55) Келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилиш – садақа.
56) Йўловчига ёрдам кўрсатиш – садақа.
57) Бемор ҳолидан хабар олиш – садақа.
58) Кўнглиозорни хурсанд қилиш – садақа.
59) Азадор инсонни кўнглини кўтариш – садақа.
60) Билиб-билмай хафа қилган инсонни кечириш – садақа.
61) Билиб-билмасдан ёмонлик қилган одамни кечириш – садақа.
62) Одамларга яхши тилак тилашлик – садақа.
63) Инсонларга яхши гумонда бўлишлик – садақа.
64) Мевали кўчат ўтқазиб ёки бирон экин экса, ундан одамлар, ҳайвон-паррандалар еса – садақа.
65) Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўйиш – садақа.
66) Халқ учун керакли зиё, илм тарқатиш – садақа.
67) Боғ барпо бўлишига ҳисса қўшиш – садақа.
68) Ҳайвон-паррандаларни парвариш қилиш – садақа.
69) Экилган экин-текинларни парвариш қилиш – садақа.
70) Ижозат этилган ҳайвон-паррандаларни уйда боқиш – садақа.
71) Рухсат берилган экин-текинларни экиб-ўстириш – садақа.
72) Ўз либоси ва таомида, уйи ва ишхонасида, жамоат жойлари, кўча ва ҳар қандай жойда тозалик, ҳалоллик, поклик ва озодаликка риоя қилиш – садақа.
73) Юрган йўлда зикр билан машғул бўлишлик – садақа.
74) Йўл ҳаракатида имкони бўлганда бошқа инсонга йўл бериш – садақа.
75) Масжидда ўзи эгаллаб ўтирган жойни бошқа одамга бериш – садақа.
76) Қўни-қўшни, ака-ука, опа-сингил, қариндош ва (ҳоказо) лар рўзғор буюмларидан вақтинча ишлатишга сўраб турганда бериб туриш – садақа.
77) Уйда, кўчада ва барча жамоат жойларида бирор нарса умидвор бўлиб, сўраб келган инсонни қуруқ қайтармаслик – садақа.
78) Кўпчилик фойдаланиш учун зарур нарса (газ, свет, сув каби)ларни ўтказишда ҳисса қўшиш – садақа.
79) Кўпчилик фойдаланадиган жой (мактаб, шифохона, меҳмонхона, кўприк, йўл, қабристон, масжид каби)лар қурилиши ва ободлигига ҳисса қўшиш – садақа.
80) Кўпчилик фойдаланадиган иншоот (завод, фабрика каби)ларни барпо этилишида ҳисса қўшиш – садақа.
(Каломуллоҳ – Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан).
Иброҳимжон домла Иномов
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеъинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб, қамраб олганидир.
Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо, иттифоқ қилганлар.
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ яна шундай дейди: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда бир мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.
Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеъинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеъинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.
У зот яна шундай деганлар: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор: яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.
Шамсуддин Хапизов,
Наманган тумани "Ҳалил ҳожи" жоме масжиди имом-хатиби
Манба: @Softalimotlar