Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июн, 2025   |   1 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
26 Июн, 2025, 1 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Жаннатга киришга сабаб бўладиган енгил амал

28.03.2025   5738   3 min.
Жаннатга киришга сабаб бўладиган енгил амал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки хислат бор. Қайси бир мусулмон банда уни доим бажариб юрса, жаннатга киради, дедилар. Улар енгил, аммо унга амал қиладиганлар оз. Биринчиси, ҳар бир намоз сўнгида ўн марта «субҳаналлоҳ», ўн марта  «алҳамду лиллаҳ», ўн марта «Аллоҳу акбар», дейиш. Бу бир кунда тилда 150 та, мезонда бўлса, 1500 тадир. Иккинчиси, тўшакка кирганда, (ухлашдан олдин) ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар», ўттиз уч марта «алҳамду лиллаҳ» ўттиз уч марта «субҳаналлоҳ, деса, тилида 100 та, мезонда эса, 1000 та бўлади», дедилар.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уни қўллари билан таъкидлаганларини кўрдим. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, нима учун енгил бўлса ҳам, уни бажарадиганлар оз?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ухлашни хоҳлаган пайтда шайтон келиб, мана шу калималарни айтишдан олдин ухлатиб қўяди. Намоз ўқиб бўлганидан кейин ҳам шайтон келиб, мана шу калималарни айтишидан олдин унга бир зарур ишни эслатади», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоятлари.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи 4545-ҳадис шарҳида «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта» дейилганда беш вақт намоз кўзда тутилган.


Бу ерда намоздан кейин ва ухлашдан олдин тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишнинг яна бир услуби ҳақида сўз кетмоқда. Уйқуга кетишдан олдин ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтиб ётишга амал қилиб борилса, катта хайр, баракага эга бўлинади.
Бизда намоздан кейин айтиладиган тасбеҳ, ҳамд ва такбирда бошқа ҳадиси шарифга амал қилиб келинмоқда.
Имом Муслим ва Термизий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбеҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».
Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб, татбиққа кирган.
Имом Муслимнинг ривоятида:
«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.
Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятал Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Бу сўфийлар хатми деб номланади. Бу нур устига нур дейилади, чунки «Оятал Курсий» Куръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Анвар Аҳмад таржимаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Хато – банданики

24.06.2025   10741   1 min.
Хато – банданики

Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди: 
 

– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...


Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.


Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:

– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.


Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.


Имом унга деди:

– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?


Йигит жавоб берди:

– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.


Имом деди:

– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...


Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди. 


Акбаршоҳ РАСУЛОВ