Муносабат
Аллоҳга шукрки, бу йилги Рамазон ойи юртимизда янада файзли, баракали ўтмоқда. Маҳаллаю гузарларда, хонадонларда хайру саховат тадбирлари, эҳтиёжманд инсонларга ёрдам қўлини чўзиш каби савоби улуғ амаллар уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Шубҳасиз, улуғ айём кунларининг бундай шукуҳли ўтиши, оилалардаги қувончу шодликлар Яратган Парвардигорнинг диёримизга ато этган тинчлик неъматидандир.
25 март куни юртимизнинг барча ҳудудларида эҳсон дастурхонлари ёзилиб, ифторлик маросимлари ўтказилгани муборак ой шукуҳини янада оширди. Уларга олтмиш мингдан зиёд ҳамюртларимиз таклиф этилиб, рўзадору эҳтиёжмандлар, нуроний отахон-онахонлар, дуогўй мўйсафидларнинг кўнгли олинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда ташкил этилган ифторликда иштирок этиб, нутқ сўзлади. Эзгу дуолар ила ўтган тадбирда қалбларимиз шодликка тўлиб, яна бир бор шукроналик ҳиссини туйдик. Албатта, бундай хайрли амалларнинг ажру савоблари ҳам улкан бўлади.
Рамазон ойида юртимизда етим-есир, бева-бечора, беморлар ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, рўзадорларга ифторлик қилиб беришдек савобли амаллар неча асрлик эзгу анъаналаримиздан. Бундай хайрли ташаббуслар кун сайин кенгайиб бораётгани мамлакатимизга файз-барака ёғилиб турганидан яна бир нишона.
Моҳи Рамазон нафақат шахс камоли, нафс тарбиясида, балки жамиятга бир қанча ижобий таъсир кўрсатиши жиҳатидан ҳам аҳамиятли. Бу ойда кишилар ўзаро меҳр-муҳаббат ва ҳамжиҳатликда бўлади. Ҳамма бир вақтда рўза тутиб, таомланишни бошлаши жамиятда бирлик ва бир-бирини тушуниш ҳиссини кучайтиради. Камбағалларга ёрдам бериш, эҳсонлар қилиш орқали кам таъминланган қатламнинг турмуш даражаси яхшиланади.
Президентимиз ўз нутқида бугуннинг долзарб вазифаси — фарзандларимизни илм-маърифатга тарғиб этиш, ёт ғоялар таъсиридан сақлаш борасида имом-хатиблар, кўпни кўрган отахон ва онахонлар, маҳалла фаоллари, ҳожиларимизнинг ўрни беқиёс эканига урғу қаратди. Жамиятимиздаги эзгу ишларда дин пешволари, нуронийлар, кенг жамоатчилигимиз фаол иштирок этаётганини миннатдорлик билан таъкидлади.
Бу самимий эътироф бизга янада катта масъулият юклаб, ёшларни ташқи таъсирлардан ҳимоялаш борасида бундан-да фаол бўлишга ундайди.
Ўтказилган ифторликларнинг фазилатларига келсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадислари ёдга тушади:
“Рўзадорга ифторлик берган одам, ўша рўзадорнинг ажрига тенг савоб олади” (Имом Термизий ривояти). Бу ҳадисдан англашиладики, ифторлик улашиш инсонга улкан савоб ва барака олиб келади. Уйда оила аъзолари билан, қўни-қўшни, кам таъминланган кишилар ва муҳтожлар билан бирга ифторлик қилиш ислом ахлоқининг муҳим қисмидир. Чунки Аллоҳ таоло бизларни бир-биримизга ёрдам бериш, меҳр-оқибат кўрсатишга буюради. Ислом дини меҳр-оқибатни инсоннинг энг улуғ хислатларидан бири сифатида улуғлайди.
Бундай ажри улуғ ишлар Рамазон ҳайити кунларида ҳам давом этади. Бу кун хурсандчилик қилинадиган, қавм-қариндошлар, ёру дўстлар ўзаро дийдорлашиб, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрайдиган, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ёғиладиган кундир. Шунинг учун ҳам ийд кунлари бутун юртимизда кенг миқёсда нишонланади.
Кеча давлатимиз раҳбарининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда бу кунларни байрамона ўтказиш, маҳаллаларда ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этиш, эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш бўйича зарурий тавсиялар берилди.
Албатта, бундай байрамлар, шодиёналар тинч-осойишта элга татийди. Зеро, тинчлик ва тотувлик ҳар бир жамиятнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм суриши Аллоҳнинг буюк неъматидир. Буни қадрлашимиз ва шукрона қилишимиз лозим. Байрам кунларида, гарчи айб бошқа томонда бўлса ҳам, ўзимиз бориб, дўстлик ва оға-инилик ришталарини тикласак, катта ажр-савобга эришамиз.
Яна бир нарсани эслатиб ўтиш лозим: бу ҳайит кунларини азага, ҳафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларни эслаш, руҳларини шод этиб, дуойи ҳайрлар қилиш яхши амал. Лекин булар байрам шукуҳига таъсир қилмаслиги зарур. Бу кунларда яқинларини йўқотган хонадонларга бориб, яраларини янгилаб юриш мусулмонга ярашмайди. Шундай экан, бу айёмни шодиёна билан ўтказайлик.
Ҳайит чинакам байрам экан, бу кунда бир-биримизга хурсандчилик улашайлик. Имкон бўлса, аҳли оиламиз, фарзандларимизга ҳадялар берайлик. Оилаларда нафақат Рамазон ойи, ҳайит кунлари, балки бошқа пайтларда ҳам байрамона кайфият ҳукм сурсин.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзида буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Яхшиларнинг иши — яхшилик қилишдир”, деган ҳикматини бежиз тилга олмади. Рамазон ойи туфайли нафсларимиз имкон қадар тарбияланди, гўзал хулққа, ўзгаларга ёрдам бериш каби яхши хислатларга одатландик. Ўзимизни ёмон одат ва ишлардан тийишни ўргандик. Энди мана шу одатни сақлаб қолиб, бундан кейин ҳам давом эттиришга ҳаракат қилайлик. Эришган маънавий даражамизни бир умрга сақлаб қолишга интилайлик. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, бу ҳаёт айнан эзгулик ва яхшилик туфайли доимо ёруғ ва бардавомдир.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.
Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.
“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.
Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.
Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).
Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).
Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.
Даврон НУРМУҲАММАД