Мамлакатимизда кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев, Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев ва Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби Ҳошимжон домла Отажоновлар ҳомийларни жалб қилган ҳолда, Урганч шаҳрида боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож уч оилага Урганч шаҳрида қуриб битказилган барча қулайликларга эга кўп қаватли уйлардан 3 та янги хонадон ҳадя қилинди.
Янги уйларни топшириш маросимида Урганч шаҳар ҳокими Бунёд Ражабов, маҳалла аҳли ва мутасаддилар иштирок этди. Хайрулла домла Абдуллаев уй-жойли бўлганларни муборакбод этиб, янги уйларда яхши кунлар, тўйлар бўлишини тилади. Ўз ўрнида уй соҳиблари ҳам бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнгли тоғдек кўтарилиб, бу ишнинг бошида турганларни, инсонпарварлик ёрдами кўрсатганларни дуо қилди.
Мазкур хайрли тадбирда хизмати ва саховати билан иштирок этган барча сахий инсонларни Аллоҳ таолонинг Ўзи мукофотласин!
“Яхшиликнинг мукофоти, фақат яхшиликдир”!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бировнинг телефони ва ундаги маълумотларни рухсатсиз кўриш мумкинми? Чунки баъзан автобус, метро каби оммавий транспорт воситаларида айрим шахсларнинг шундай ишлар қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бировнинг телефонидан унинг рухсатисиз фойдаланиш ёки ундаги маълумотларни ўқиш шаръан тўғри эмас. Бу бировнинг уйига рухсатсиз мўралаш, хатига рухсатсиз қараш кабидир. Зеро, бу ишлар Қуръон ва ҳадисларда ман этилган.
Аммо агар мураббий (ота, устоз ва ҳоказо) қўл остида тарбияланаётган шахснинг тўғри йўлдан оғишидан шубҳа қилса, у ҳолда тарбия мақсадида ўз қўл остидаги шахснинг телефонини текширишига рухсат берилади. Балки улар вақти-вақти билан болалар ва уларга тегишли нарсаларни назорат қилиб туришлари керак, токи улар тўғри йўлдан оғмасинлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази