Кеча дунёнинг турли мамлакатларида бўлгани каби, Корея Республикасида ҳам Рамазон ҳайити кенг нишонланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Хусусан, Жанубий Кореяда вақтинча ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз ҳам ушбу байрам кўтаринки руҳда кутиб олдилар.
Бундан ташқари, муборак Рамазон ойи муносабати билан Жанубий Кореяда бўлиб турган ватандошларимиз билан диний-маърифий суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий вакиллари бир ой давомида ушбу мамлакатда бўлди.
Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан амалга оширилган ушбу ташриф доирасида имомларимиз иштирокида Жанубий Кореядаги фуқароларимиз зич яшайдиган шаҳарларда "Рамазон-2025" илмий-маърифий тадбирлари ўтказилди.
31 март юртдошларимиз энг кўп яшайдиган Мокпо, Тэгу ва Чонджу каби шаҳарларда имомларимиз билан биргаликда Рамазон ҳайити намози ўқилди.
Маърузалар давомида Ўзбекистон Президентининг халқимизга Рамазон ҳайити муносабати билан йўллаган табригининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди.
Айниқса, мамлакатимиз раҳбари табригидаги "Мана шу шукуҳли айёмда чет элларда она юртга садоқат туйғуси билан яшаётган ватандошларимизни ҳам Рамазон ҳайити билан чин дилдан қутлаб, уларга эзгу тилакларимизни изҳор этамиз", деган фикрлар алоҳида урғуланди.
Ватандошлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, ҳукуматимиз томонидан хорижда истиқомат қилаётган фуқароларга қаратилаётган эътибор ва жонажон Ўзбекистонимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини Яратгандан сўраб дуо қилдилар.
– Бу йил муборак Рамазон ойини Жанубий Кореяда ватандошлар билан биргаликда кўтаринки руҳда ўтказдик, – дейди Тошкент шаҳридаги "Юнус ота" масжиди имом хатиби Жамолиддин Қодиров. – Бир ой давомида Чонджу шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошларга муқаддас Ислом динининг асл моҳияти, Рамазон ойи фазилатлари, шукроналик ҳисси билан яшаш, берилган неъматларнинг қадрига етиш, юрт равнақи, ватан тараққиёти, миллатимиз ҳамжиҳатлиги, халқ фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилиш каби мавзуларда маърузалар ўқидик.
16 май куни “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди. Уларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, мамлакатимизнинг Саудиядаги Атташеси ва ишчи гуруҳи томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” ва "Romance room" меҳмонхоналарига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерга диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалини адо этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати