Бугун, 2 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида диний соҳада фаолият юритаётган матбуот ва ахборот хизмати ходимлари учун ўқув семинари ўтказилди. Унда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қорақалпоғистон қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари матбуот котиблари ва ахборот хизмати ходимлари иштирок этди.
Анъанага мувофиқ, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков семинар иштирокчиларига хайрли тилаклар билдирди. Шунингдек, бугунги ахборот ва технологиялар замонида диний соҳа фаолиятига оид материалларни оммага тақдим этиш, нохолис ахборотлардан огоҳлантириш ниҳоятда муҳим экани, бу эса соҳада ишлаётган матбуот котиблари ва мутахассислар зиммасига катта масъулият юклаши, шу боис улар ўзининг доимий малакасини ошириб бориши зарурлиги, бунда ўқув семинарларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.
Шундан сўнг тўғридан-тўғри ва масофавий шаклда ўтган ўқув семинар тингловчилари Филология фанлари доктори Беруний Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси Яҳёбек Ҳайиталиев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таянч докторанти Ориф Толиб каби соҳа мутахассисларининг дарсларини тинглади.
Ўқув-семинар давомида “Интернет тармоғида тарқалаётган ёт ғояларнинг таҳлили: муаммо ва ечимлар”, “Диний соҳа ходимларининг ОАВ ва ижтимоий тармоқларда чиқишлари тартиби бўйича тавсиялар”, “Замонавий ахборот технологияларда матнли материалларни тарқатиш усуллари” каби мавзуларда бир-биридан қизиқарли машғулотлар олиб борилди.
Ҳар бир дарс якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази