Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 2 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган диний савол, ҳаж-умра, оилавий муаммо ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида "Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурган ташаббуси доирасида улуғ аждодимизнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати