Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Май, 2025   |   15 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:06
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:36
Хуфтон
21:04
Bismillah
13 Май, 2025, 15 Зулқаъда, 1446
Мақолалар

Ёмонлик қилганга яхшилик тиланг!

03.04.2025   3540   1 min.
Ёмонлик қилганга яхшилик тиланг!

Бир ўсмир йигит бекатда ўтирган отахоннинг олдига келиб, “Ассалому алайкум отахон, мени эслай оласизми?” деб сўради. Отахон: “Йўқ, эслай олмадим, биз танишмизми?” деб жавоб қилди. Бир неча ой аввал шу бекатга келган автобусга бирга чиққандик.

Суҳбат жараёнида сиз Аллоҳга ишонишингизни айтдингиз. Мен сизга қўполлик қилиб, устингиздан кулдим. Кейин бу ишимдан уялдим, аммо сиздан кечирим сўрамадим.
 

Отахон жим бўлиб қолди. Ўсмир йигит гапида давом этди: “Ўша куни кечаси отам оламдан ўтиб қолди. Ҳаётим ўзгариб кетди. Қуръон ўқишни ўргандим. Энди эса, Аллоҳ яна сизга дуч қилиб, фурсат берди. Ўшанда қилиғимдан ранжиган бўлсангиз-да, ёмон гапирмадингиз. Ҳозир сиздан узр сўрамоқчиман”.


Отахон унга табассум билан қаради: “Биласанми, ўша куни ҳаққингга Аллоҳдан ҳидоят сўраган эдим. Ҳечам ёмон тилак қилмагандим. Балки ўша куни ҳаққингга қилган дуоим ижобат бўлгандир”, деди.


Хулоса шуки, кимдир сизни хафа қилса бирданига уни дуоибад қилманг. Балки мазлумнинг дуоси қабул бўладиган дамларда Аллоҳдан унга ҳидоят, ҳуснихулқ сўранг. Зеро, қўлларимизни дуога очар эканмиз, тилагимизнинг баракаси, албатта, ўзимизга ҳам тегади. Аллоҳ таоло Каломида шундай марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” (Анъом сураси, 160-оят). 


Акбаршоҳ Расулов

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Аллоҳга берган аҳдимизга хиёнат қилдик

12.05.2025   1657   3 min.
Аллоҳга берган аҳдимизга хиёнат қилдик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя қилишларича, Абу Язид Бастомий илм талаб қилиш учун Боғдодга бормоқчи бўлдилар. Оналари у кишига қирқ динор бердилар. У пуллар у зотга оталаридан мерос қолган эди. Оналари ўғилларига: «Қўлингни қўлим устига қўй ва менга ростгўйликни лозим тутиб, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка сўз бер!» дедилар. У киши оналарига мазкур ишлар юзасидан сўз берди. Боғдодга борадиган карвон билан бирга йўлга чиқдилар.

Йўлда боришар экан, тўсатдан рўпараларидан йўлтўсар қароқчилар чиқиб, карвондаги ҳамма нарсани талай бошлади. Бастомийнинг устилардаги жулдур кийимни кўриб, у кишидан: «Сенда ҳам бирор нарса борми?» деб сўрашди. У зот: «Ҳа, менда қирқ динор бор» деб жавоб бердилар. Қароқчилар у кишининг гапларини эшитиб, масхара қилдилар, аҳмоқ деб ўйлаб, у зотни тарк этдилар.

Кейин улар ғорга, яъни ўзларининг қароргоҳларига қайтдилар. У ерда уларнинг катталари бор бўлиб, карвондан талаб олинган нарсаларни кутиб ўтирган эди. Уларни кўргач: «Карвондаги ҳамма нарсани олдингларми?» деб сўради. Улар: «Ҳа, олдик. Аммо бир йигит бундан мустасно. Биз ундан нимаси борлигини сўрадик. У: «Менда қирқ динор бор» деди. Биз унинг қилган ишига эътибор бермай, уни тарк этдик. Чунки, биз уни ақли заиф деб ўйладик» деб жавоб беришди.

Шунда бошлиқлари: «Уни дарҳол ҳузуримга олиб келинглар!» деб буюрди.

Бастомий ўғрилар бошлиғининг олдига келгач, бошлиқ у зотдан: «Сенда бирор нарса борми?» деб сўради. У киши: «Ҳа, ёнимда қирқ динор бор» деб жавоб бердилар. Ўғрилар бошлиғи ҳайрон бўлиб: «Қаерда у?» деди. Бастомий ёнларидан пулларни чиқариб, ўғрилар бошлиғига бердилар. Буни кўрган бошлиқ: «Сен мажнунмисан, эй йигит? Нега пулларинг борлигини айтиб, уларни ўз ихтиёринг билан беряпсан?» деб сўради.

Шунда у зот: «Мен ўз шаҳримдан чиқмоқчи бўлганимда, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка онамга сўз берганман, аҳдлашганман. Шунинг учун онамга берган аҳдимни бузмайман» деб жавоб бердилар. Бу гапларни эшитган ўғрилар бошлиғи: «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ». Сен онангга берган аҳдингга хиёнат қилишдан қўрқяпсан-у, биз эса, Аллоҳга берган аҳдимизга хиёнат қилишдан қўрқмаймизми?» деди.

Кейин қароқчилар бошлиғи карвондан олинган барча мол-мулкларни қайтариб беришга амр қилди ва: «Эй йигит, мен сенинг олдингда, сен сабабли тавба қиламан» деди. Бу гапни эшитган барча ўғрилар: «Сиз бизни йўлтўсарликда бошлиғимиз эдингиз. Бугун эса, тавбада бизнинг бошлиғимиз, каттамизсиз. Биз ҳам барчамиз Аллоҳга тавба қилдик» дедилар. Ҳаммалари қилган хатолари учун тавба қилдилар, тавбалари гўзал бўлди.