МДҲ Ижроия қўмитаси порталида Хивада бунёд этилган "Arda Xiva" сайёҳлик мажмуасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Қайд этилишича, мажмуа машҳур тарихий Хива шаҳридан қарийб 4 километр узоқликда жойлашган. "Маҳаллий аҳоли аллақачон ушбу мажмуани қадимий кентни тўлдирадиган сунъий йўлдош шаҳар деб атамоқда. Ҳудудда турли даражадаги бешта меҳмонхона ва 13 меҳмон уйи қурилди. Улар бир вақтнинг ўзида мингдан ортиқ меҳмонларни қабул қила олади", – дейилган нашрда.
Мажмуа дизайнерлари "Шарқий Венеция" ғоясидан илҳомланган. Бу ерда сайёҳлар қайиқларда атрофни томоша қилишлари учун канал қурилди. Бундан ташқари, мажмуа ҳудудида Хиванинг машҳур бинолари, жумладан, Калта Минор ва бошқа меъморий объектларнинг нусхалари ўрнатилгани масканга ўзгача файз бағишламоқда.
"Arda Xiva" мажмуани барпо этиш ғояси Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган. Иш бир неча йил аввал бошланган ва 2024 йил октябрь ойида якунланди. "Arda Xiva" номи тарих билан боғлиқ. "Арда" сўзи порт шаҳар маъносини билдиради. Тарихчиларга кўра, Амударё илгари Хива яқинидан оқиб ўтган ва Каспий денгизи билан боғланган бўлиши мумкин", – деб таъкидланган материалда.
Портал, шунингдек, қадимий Хива шаҳри дунё сайёҳлари ўртасида жуда машҳурлигини қайд этган. Унинг асосий диққатга сазовор жойи Ичан-Қалъа бўлиб, у 1991 йилда Ўзбекистонда биринчи бўлиб ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Янги қурилган "Arda Xiva" туристик мажмуаси ҳам ҳудудни саёҳатчилар учун янада жозибадор қилади.
Мақола "Хива Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири саналади ва унинг тарихи 2500 йилдан ортиқроққа бориб тақалади. Бу бир вақтлар Буюк ипак йўлининг муҳим нуқтаси бўлган", деган сўзлар биланг якунланган.
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази