Имом-хатиблар фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича сайёр семинар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бунда соҳа ходимлари, маҳалла раислари ва жойлардаги ҳожилар билан биргаликда маҳаллаларда яшовчи ёрдамга муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Ушбу тадбир шу йил 2 апрель куни Беруний туманида ташкил этилди. Тумандаги марказий “Шайх Аббоз валий” жоме масжидида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин Разов бошчилигида соҳа ходимлари, маҳалла раислари ва зиёратчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ишчи гуруҳ тузилди ва сайёр тадбирда амалга ошириладиган ишлар кўлами тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Беруний туманининг 5 та масжиди ва 20 та маҳалласига бириктирилди. Улар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан 102 та муаммоли хонадонга кириб, ўша ерда яшаётганларнинг ҳол-аҳволини сўради. Уларнинг муаммоларини ўрганди, фикр-мулоҳазаларини тинглади. Имом-хатиблар 10 та тоифага мансуб 102 та оилага маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Шунингдек, масжидлар атрофида ободонлаштириш ишларини олиб бориш, баҳор мавсумига тайёргарлик ишлари, низом асосида иш ва ҳужжат юритиш, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатлари ҳам ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо этиб, йиғилганларга “Тинчлик саодати, шукроналик, илм олиш фазилати, ёт ғоялар таъсиридан сақланиш, миссионерлик ҳаракатларининг салбий оқибатлари” каби долзарб мавзуларда нутқ сўзлади.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ва масжид бошқарувидаги ишларига кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Б.АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази