Барчага аёнки, адабиёт дин эмас, дин ҳам адабиёт эмас. Лекин мусулмон халқлари адабиётини диндан айри тасаввур қилиб бўлмайди.
Ислом таълимоти ўтмишда сўз санъати учун маънавий асос эди. Буни барча мумтоз шоир-у адибларимиз, хусусан, Алишер Навоий ижоди ҳам яққол исботлаб турибди.
Даврнинг ўзи Навоийга исломнинг тарғиботчиси бўлиш вазифасини юклаган эди, десак, хато бўлмас. Шоир "Сирож ул-муслимин" ("Мусулмонлар чироғи") асарининг ёзилишига туртки бўлган баъзи бир сабабларни айтиб ўтади.
Темурий ҳукмдор Ҳусайн Мирзонинг яқинларидан бир нуктадон киши: "Навоий шеърларида ошиқлиг-у майпарастликни бисёр куйлаб, ислом-у дин уйига кўп ғавғо солди-да", қабилида фикр билдиради. Албатта, Навоий асарларида май рамзий тимсол, ишқ эса Аллоҳга ошиқлик экани аён. Бироқ энди шоир дин уйини обод айлайдиган, яъни ислом асосларини тушунтириб берадиган бир асар ёзишни кўнглига тугади.
Аммо гоҳ у, гоҳ бу ташвиш билан бўлиб, орзулагани бу асарни битишга ҳеч фурсат тополмайди. Йиллар ўтиб, шоир олтмишга яқинлашган бир маҳалда Самарқанддан Ҳиротга бир мўътабар зот ташриф буюради.
Навоий ҳам унинг зиёратига боради. Меҳмон Навоийга ўзининг пири бўлмиш Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ Валийнинг йиллар бурун у ҳақда айтган: "Алишербек кўп яхши назмлар битди, лекин бевосита дин тарғибига оид бир асар ёзиш ҳам ундан лозим эди", деган омонат гапини етказади.
Аллақачон бу дунёни тарк этиб кетган улуғ пирнинг бу тилаклари шоирга руҳ бахш этади. У ўша заҳотиёқ "Сирож ул-муслимин"ни ёзиш учун қалам йўнади…
"Сирож ул-муслимин"да рўза ҳақида махсус икки фасл бор. "Исломнинг тўртунчи рукниким, рўзадур, шарҳ этмак" деб аталган фаслда рўзанинг тартиб-қоидалари баён қилинган. Масалан, онага боласи учун нон чайнаш раво экани айтилади.
Яна "Фавт бўлған (яъни бузилган – С. О.) рўза эвази ва каффорати" фаслида рўзани бузиб қўйиш "айб"и етмиш мискинга таом тортиш ё олтмиш кун рўза тутиб бериш ёхуд Тангри йўлида бир бандани озод қилиш билан ювилади, дейилган.
Бу Навоийнинг соф диний руҳдаги асарида келтирилган рўза таърифидир. Гарчи шоирнинг бадиий асарларида, эслатиб ўтилганидек, ишқ ва унинг рамзий тимсоли саналмиш май кўпроқ куйланган бўлса-да, гоҳ тўғридан-тўғри, гоҳида эса восита билан ислом қоидалари, жумладан, рўза тарғибига ҳам дуч келамиз.
Бу хусусият "Хамса"да ҳам учрайди.
"Ҳайрат ул-аброр"нинг иккинчи мақолати айни шу ислом аркони, яъни беш фарз – иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж ҳақида.
Албатта, бир йилда бир ой рўза тутиш – аввало, меъдани бўш қўйиш:
Меъдани холилиқ ила қил тўло,
Неча хало анда сафодин мало.
Лекин, шоир наздида, рўза фақат жисм масаласигина эмас. Унинг уч шарти бор.
Биринчиси, саҳардан то кун ботгунга қадар еб-ичмоқдан тийилиш.
Иккинчиси, бадандаги ҳар бир аъзога шариат йўли билан рўза буюриш:
Сойири аъзоға халал етмамак,
Шаръ хилофиға шуруъ этмамак.
Ҳар бири ўз шуғлиға зоҳид бўлуб,
Манъи хилоф ичра мужоҳид бўлуб.
Бормағай-у кўрмагай-у тутмағай,
Айтмагай, эшитмагай-у ютмағай.
Учинчиси, кўнгилни пок тутиш:
Лекин учунчиси будурким, кўнгул,
Чунки эрур маҳбити анвори кулл.
Пок-у равонбахш ҳавоси анинг,
Жилвагаҳи файз фазоси анинг.
Чунки кўнгил – илоҳий сирлар хазинаси, шоҳий чеҳра, яъни Аллоҳ жамолини акс эттирувчи ойина ҳисобланади:
Махзани асрори илоҳий ҳам – ул,
Ойинайи чеҳрайи шоҳий ҳам – ул.
Шунинг учун бу кўзгуни турли хаёллар зангидан тозалаш, шундай асраш керакки, унда фақат дўст, яъни Аллоҳгина акс этсин, ундан бошқа нарсанинг нақши кўринмасин:
Дафъ қилиб занги хаёлотни,
Асрамоқ ул навъ бу миръотни,
Ким анга жуз дўст зуҳур этмагай,
Балки анинг ғайри хутур этмагай.
"Фарҳод ва Ширин"нинг Султон Ҳусайн Мирзонинг ўғли Абулфаворис Шоҳғариб Баҳодирга панд-у насиҳат тарзида битилган 53-бобида шоҳ бўлиш учун илм эгаллаш таъкидланади. Навоий наздида, шоҳ ҳар қандай илмни ўрганиши керак. Бироқ дин илмига келганда, уни асосий манзил айласин. Чунки бу – асл илм:
Гузар қил ҳар неча илм ўлса ҳосил,
Чу дин илмиға етсанг, айла манзил.
Шаҳ улдурким, шиори илми диндур,
Нединким илми дин илм ул-яқиндур.
Дин илмини эгаллаганингдан кейин, бошқа фанларни хоҳ ўрган, хоҳ ўрганма, дейди Навоий. Лекин, деб давом этади шоир, тиб илмининг ҳам кишига керак жойи кўп:
Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб
Ки сиҳҳатдур киши жисмида матлуб.
Ахир тани соғ бўлмаса, тўшакдан бош кўтармаса, бу одам Тангри амрларини қандай қилиб адо этсин, нечук рўза тутсин, не янглиғ саждага бош эгсин? Ёхуд оғзига пахта билан сув томизиб турилган бўлса, у одам қандай қилиб рўза тутсин:
Қай-у жисмеки онинг сиҳҳати йўқ,
Қилурға Тенгри амрин қуввати йўқ.
Бировким пахта бирла су(в)ни ютқай,
Ўзунг деким, не янглиғ рўза тутқай?!
Нетиб қилғай сафодин саждае фош,
Тўшакдин улки олмас лаҳзае бош.
Бобокалонимиз чаҳорёрлардан бири – Муҳаммад алайҳиссаломнинг куёвлари бўлмиш ҳазрати Алининг ҳикматли сўзлари жамланган насрий "Наср ул-лаолий" китобидан шеърга солиб таржима қилган "Назм ул-жавоҳир" тўпламидаги рубоийларида рўза билан бевосита ё билвосита боғлиқ кўп ва хўб насиҳатлар баён этади.
Ҳазрати Али ва Навоийлар наздида, қорин – ҳамиша кишига душман, у билан дўст бўлмаслик керак:
Ҳар кимгаки кўп таом емак фандур,
Билгилки, нажосатқа тани маскандур.
Қорнинг била дўст бўлмасанг аҳсандур,
Невчунки, эр ўғлиға қорин душмандур.
Гап шундаки, тўқликнинг маънавий зиёни бор. У киши кўнглини қаттиқ қилади:
Кўп тўма ер эл аросидин ихрож ўл,
Савм аҳли аро бош қўй-у соҳибтож ўл.
Ким қалби рақиқ эрур, анга муҳтож ўл,
Тўқлуқ чу кўнгулни қатиқ айлар, оч ўл.
Кўп овқат егандан кейин кишининг лоҳас, демакки, бепарво бўлишини замонавий тиббиёт илми ҳам тасдиқлайди. Чунки бунда тананинг бутун кучи овқатни ҳазм қилишга кетади. Қорин тўқ маҳали кучли жисмоний меҳнат қилиш ҳам, жиддий ақлий фаолият ҳам қийин кечади. Бутун диққати меъданинг ишлашига қаратилган тана мияга етарли миқдорда озуқа, яъни қон етказиб беролмайди. Лоҳаслик – ана шундан.
Бепарволиг-у бефарқлик эса кўнгли қаттиқликнинг ўзгинаси. Шунинг учун ҳам Аллоҳ йилига бир ой рўза буюрган. Ота-боболаримиз бунинг қадрини баланд тутган. Рўзадан руҳга софлик, баданга эса саломатлик келиши аниқ:
Доим тут ўзунгга рўзанинг меҳнатини,
Ким руҳқа еткурур сафо давлатини,
Сиҳҳат тиласанг, қилғил анинг ниятини,
Ким рўзада қўйдилар бадан сиҳҳатини.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори
Болалар билан муомала қилиш услуби
Эрингизнинг ҳурматини жойга қўйинг!
Эркак кишининг оилада оила бошлиғи, ота сифатида ўз ўрни бўлмоғи лозим. Бунинг учун аёл киши турмуш ўртоғига нисбатан меҳр-муҳаббатли, айниқса, фарзандларининг олдида отанинг ҳурматини жойига қўймоғи керак. Солиҳа аёл ҳар қандай вақтда оталарининг буюк шахс эканини билдириб туради ва отани ҳурмат қилиш, уни яхши кўришда болаларига ўрнак бўлиб, амалий йўл кўрсатади. Фарзандларига отасининг гўзал хислатларини ўрнак сифатида айтиб беради. Онанинг фарзандига: “Мана шундай қилсанг отанг сендан хурсанд бўлади. Бундай қилмагин, дадангнинг жаҳллари чиқади. Дадангнинг сендан жаҳли чиқса, Аллоҳнинг ҳам ғазаби келади”, дея панд-насиҳатлар қилмоғи мақсадга мувофиқдир.
Арзимас бўлса ҳам ҳадялар беринг!
Фарзандингизга кичик бўлса-да, ҳадялар беринг. Байрам кунлари, бирор муваффақиятга эришганликлари муносабати билан, айниқса, ҳайит кунлари буни унутманг. Бу билан фарзандингизнинг сизга бўлган меҳр-муҳаббати, эътибори ортади, кайфияти кўтарилади, яхшиликлар сари интилади. Совғаларингиз ичида у қизиққан китоблар бўлса, ундан-да яхши.
Фарзандингизга қулоқ солинг!
Фарзандингиз боғчасида ёки мактабида нима бўлганини айтиб бериш учун олдингизга келса, унинг шаштини қайтарманг. Сўзларини диққат билан тингланг. У сиз билан ўзининг ҳис-туйғуларини бўлишмоқчи бўлади. Фарзандингизнинг муваффақиятларини рағбатлантиринг, агарда у имтиҳондан юқори баҳо олса, йилни аъло баҳоларга якунлаб, мақтов ёрлиғи билан тақдирланса, сиз ҳам фарзандингизни муносиб баҳоланг, ширин сўзларингиз билан уни янада илҳомлантиринг.
Фарзандларингиз билан ҳазиллашиб туринг!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ҳазиллашар ва уларга меҳр кўрсатар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасайинни ўпдилар. У зотнинг олдиларида тамиймлик Ақро ибн Ҳобис ўтирган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менинг ўнта болам бор, улардан биронтасини ҳам ўпмаган эканман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳм қилмаган кишига раҳм қилинмайди” [1], дедилар».
Набий алайҳиссалом болалар билан ҳазиллашар, уларнинг бошларини силар эдилар. Болалар эса у зотнинг тафтини, меҳрини ҳис қилишарди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан менинг бошимни силадилар ва: “Аллоҳ, Жаъфарга боласи учун ўринбосар бўл” [2], дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларнинг яноқларини силаганлари борасида “Саҳиҳи Муслим”да ривоят келтирилади. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим, кейин у зот уйларига чиқиб кетдилар, мен ҳам бирга қўшилиб олдим, йўлда иккита ёш бола у зотнинг қаршиларидан чиқди, ҳар бирининг яноқларини алоҳида-алоҳида силаб қўйдилар”.
Муовийя розияллоҳу анҳу: “Кимнинг кичик ёшдаги фарзанди бўлса, фарзанди билан муносабатда ўзини болалардек тутсин”, деганлар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Муттафақун алайҳ.
[2] Имом Ҳоким ривояти.