Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Сентябр, 2026   |   8 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:48
Қуёш
06:07
Пешин
12:17
Аср
16:37
Шом
18:30
Хуфтон
19:45
Bismillah
19 Сентябр, 2026, 8 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Жисм ва руҳ майли

03.04.2025   10868   8 min.
Жисм ва руҳ майли

Барчага аёнки, адабиёт дин эмас, дин ҳам адабиёт эмас. Лекин мусулмон халқлари адабиётини диндан айри тасаввур қилиб бўлмайди. 
 

Ислом таълимоти ўтмишда сўз санъати учун маънавий асос эди. Буни барча мумтоз шоир-у адибларимиз, хусусан, Алишер Навоий ижоди ҳам яққол исботлаб турибди.


Даврнинг ўзи Навоийга исломнинг тарғиботчиси бўлиш вазифасини юклаган эди, десак, хато бўлмас. Шоир "Сирож ул-муслимин" ("Мусулмонлар чироғи") асарининг ёзилишига туртки бўлган баъзи бир сабабларни айтиб ўтади.


Темурий ҳукмдор Ҳусайн Мирзонинг яқинларидан бир нуктадон киши: "Навоий шеърларида ошиқлиг-у майпарастликни бисёр куйлаб, ислом-у дин уйига кўп ғавғо солди-да", қабилида фикр билдиради. Албатта, Навоий асарларида май рамзий тимсол, ишқ эса Аллоҳга ошиқлик экани аён. Бироқ энди шоир дин уйини обод айлайдиган, яъни ислом асосларини тушунтириб берадиган бир асар ёзишни кўнглига тугади.


Аммо гоҳ у, гоҳ бу ташвиш билан бўлиб, орзулагани бу асарни битишга ҳеч фурсат тополмайди. Йиллар ўтиб, шоир олтмишга яқинлашган бир маҳалда Самарқанддан Ҳиротга бир мўътабар зот ташриф буюради.


Навоий ҳам унинг зиёратига боради. Меҳмон Навоийга ўзининг пири бўлмиш Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ Валийнинг йиллар бурун у ҳақда айтган: "Алишербек кўп яхши назмлар битди, лекин бевосита дин тарғибига оид бир асар ёзиш ҳам ундан лозим эди", деган омонат гапини етказади.


Аллақачон бу дунёни тарк этиб кетган улуғ пирнинг бу тилаклари шоирга руҳ бахш этади. У ўша заҳотиёқ "Сирож ул-муслимин"ни ёзиш учун қалам йўнади…


"Сирож ул-муслимин"да рўза ҳақида махсус икки фасл бор. "Исломнинг тўртунчи рукниким, рўзадур, шарҳ этмак" деб аталган фаслда рўзанинг тартиб-қоидалари баён қилинган. Масалан, онага боласи учун нон чайнаш раво экани айтилади.


Яна "Фавт бўлған (яъни бузилган – С. О.) рўза эвази ва каффорати" фаслида рўзани бузиб қўйиш "айб"и етмиш мискинга таом тортиш ё олтмиш кун рўза тутиб бериш ёхуд Тангри йўлида бир бандани озод қилиш билан ювилади, дейилган.


Бу Навоийнинг соф диний руҳдаги асарида келтирилган рўза таърифидир. Гарчи шоирнинг бадиий асарларида, эслатиб ўтилганидек, ишқ ва унинг рамзий тимсоли саналмиш май кўпроқ куйланган бўлса-да, гоҳ тўғридан-тўғри, гоҳида эса восита билан ислом қоидалари, жумладан, рўза тарғибига ҳам дуч келамиз.


Бу хусусият "Хамса"да ҳам учрайди.


"Ҳайрат ул-аброр"нинг иккинчи мақолати айни шу ислом аркони, яъни беш фарз – иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж ҳақида.
 

Албатта, бир йилда бир ой рўза тутиш – аввало, меъдани бўш қўйиш:


Меъдани холилиқ ила қил тўло,
Неча хало анда сафодин мало.


Лекин, шоир наздида, рўза фақат жисм масаласигина эмас. Унинг уч шарти бор.
Биринчиси, саҳардан то кун ботгунга қадар еб-ичмоқдан тийилиш.


Иккинчиси, бадандаги ҳар бир аъзога шариат йўли билан рўза буюриш:


Сойири аъзоға халал етмамак,
Шаръ хилофиға шуруъ этмамак.
 

Ҳар бири ўз шуғлиға зоҳид бўлуб,
Манъи хилоф ичра мужоҳид бўлуб.


Бормағай-у кўрмагай-у тутмағай,
Айтмагай, эшитмагай-у ютмағай.


Учинчиси, кўнгилни пок тутиш:

Лекин учунчиси будурким, кўнгул,
Чунки эрур маҳбити анвори кулл.


Пок-у равонбахш ҳавоси анинг,
Жилвагаҳи файз фазоси анинг.


Чунки кўнгил – илоҳий сирлар хазинаси, шоҳий чеҳра, яъни Аллоҳ жамолини акс эттирувчи ойина ҳисобланади:


Махзани асрори илоҳий ҳам – ул,
Ойинайи чеҳрайи шоҳий ҳам – ул.


Шунинг учун бу кўзгуни турли хаёллар зангидан тозалаш, шундай асраш керакки, унда фақат дўст, яъни Аллоҳгина акс этсин, ундан бошқа нарсанинг нақши кўринмасин:


Дафъ қилиб занги хаёлотни,
Асрамоқ ул навъ бу миръотни,


Ким анга жуз дўст зуҳур этмагай,
Балки анинг ғайри хутур этмагай.


"Фарҳод ва Ширин"нинг Султон Ҳусайн Мирзонинг ўғли Абулфаворис Шоҳғариб Баҳодирга панд-у насиҳат тарзида битилган 53-бобида шоҳ бўлиш учун илм эгаллаш таъкидланади. Навоий наздида, шоҳ ҳар қандай илмни ўрганиши керак. Бироқ дин илмига келганда, уни асосий манзил айласин. Чунки бу – асл илм:


Гузар қил ҳар неча илм ўлса ҳосил,
Чу дин илмиға етсанг, айла манзил.


Шаҳ улдурким, шиори илми диндур,
Нединким илми дин илм ул-яқиндур.


Дин илмини эгаллаганингдан кейин, бошқа фанларни хоҳ ўрган, хоҳ ўрганма, дейди Навоий. Лекин, деб давом этади шоир, тиб илмининг ҳам кишига керак жойи кўп:


Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб
Ки сиҳҳатдур киши жисмида матлуб.


Ахир тани соғ бўлмаса, тўшакдан бош кўтармаса, бу одам Тангри амрларини қандай қилиб адо этсин, нечук рўза тутсин, не янглиғ саждага бош эгсин? Ёхуд оғзига пахта билан сув томизиб турилган бўлса, у одам қандай қилиб рўза тутсин:


Қай-у жисмеки онинг сиҳҳати йўқ,
Қилурға Тенгри амрин қуввати йўқ.


Бировким пахта бирла су(в)ни ютқай,
Ўзунг деким, не янглиғ рўза тутқай?!


Нетиб қилғай сафодин саждае фош,
Тўшакдин улки олмас лаҳзае бош.


Бобокалонимиз чаҳорёрлардан бири – Муҳаммад алайҳиссаломнинг куёвлари бўлмиш ҳазрати Алининг ҳикматли сўзлари жамланган насрий "Наср ул-лаолий" китобидан шеърга солиб таржима қилган "Назм ул-жавоҳир" тўпламидаги рубоийларида рўза билан бевосита ё билвосита боғлиқ кўп ва хўб насиҳатлар баён этади.


Ҳазрати Али ва Навоийлар наздида, қорин – ҳамиша кишига душман, у билан дўст бўлмаслик керак:

Ҳар кимгаки кўп таом емак фандур,
Билгилки, нажосатқа тани маскандур.


Қорнинг била дўст бўлмасанг аҳсандур,
Невчунки, эр ўғлиға қорин душмандур.


Гап шундаки, тўқликнинг маънавий зиёни бор. У киши кўнглини қаттиқ қилади:

Кўп тўма ер эл аросидин ихрож ўл,
Савм аҳли аро бош қўй-у соҳибтож ўл.


Ким қалби рақиқ эрур, анга муҳтож ўл,
Тўқлуқ чу кўнгулни қатиқ айлар, оч ўл.


Кўп овқат егандан кейин кишининг лоҳас, демакки, бепарво бўлишини замонавий тиббиёт илми ҳам тасдиқлайди. Чунки бунда тананинг бутун кучи овқатни ҳазм қилишга кетади. Қорин тўқ маҳали кучли жисмоний меҳнат қилиш ҳам, жиддий ақлий фаолият ҳам қийин кечади. Бутун диққати меъданинг ишлашига қаратилган тана мияга етарли миқдорда озуқа, яъни қон етказиб беролмайди. Лоҳаслик – ана шундан.


Бепарволиг-у бефарқлик эса кўнгли қаттиқликнинг ўзгинаси. Шунинг учун ҳам Аллоҳ йилига бир ой рўза буюрган. Ота-боболаримиз бунинг қадрини баланд тутган. Рўзадан руҳга софлик, баданга эса саломатлик келиши аниқ:


Доим тут ўзунгга рўзанинг меҳнатини,
Ким руҳқа еткурур сафо давлатини,


Сиҳҳат тиласанг, қилғил анинг ниятини,
Ким рўзада қўйдилар бадан сиҳҳатини.


Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Саботул ожизин” – инсонни маънавий комилликка етаклаб келган асар

18.09.2026   13407   8 min.
“Саботул ожизин” – инсонни маънавий комилликка етаклаб келган асар

Ўзбек адабиётининг забардаст сиймоларидан бири, зуллисонайн шоир, адиб, фақиҳ, нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси Сўфи Аллоҳёрнинг "Саботул ожизин” асари “Ожизлар матонати” ёки “Ожизлар саботи” деган маънони англатади. Бу назмий асар XX аср бошларигача мадрасаларда диний-ахлоқий фанлардан асосий дарслик сифатида ўқитилган.

Мустақиллик шарофати билан биз яна ўтмишда яшаб, ўлмас асарлар яратган улуғ аждодларимиз ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиб, баҳраманд бўлиш шарафига эришдик. Буюк аждодларимизнинг таваллуд кунларини кенг нишонлаб, улар қолдирган беназир меросни дунёга кенг тараннум этиш имкониятига эга бўлдик.

Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги, жорий йил 7 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари ҳам фикримизга яққол далилдир.

Нақшбандия тариқатининг вакилларидан бири Сўфи Аллоҳёр араб, форс ва ўзбек тилларидаги нодир асарлари билан динимиз ва адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллаган улкан ижодкор. Унинг шеърий услубда ёзилган “Саботул ожизин” китоби ўзбек ва тожик халқлари орасида жуда-жуда машҳур.

Китоб кўплаб мусулмон давлатларида нашр этилган. Махсус луғатлар, ҳатто арабча шарҳлар битилган. Сўфи Аллоҳёр масалаларни баён этиш жараёнида оят ва ҳадислардан далиллар келтиради. Ҳар бир масалага тўхталар экан, тақво ҳамда одоб жиҳатларини ҳам эслатиб ўтади.

Шубҳасиз, Сўфи Аллоҳёр бу асарини илм ва тажриба орттириб, холис ният билан ёзгани унинг фикру мулоҳазаларидан билиниб туради. Мадрасаларда махсус ўқитилган бу асарни толиби илмлар қисқача “Сўфи Аллоҳёр”, деб атаганлар. Асарнинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга кенг ёйилган.

Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлган “Саботул ожизин”да тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалаларини кенг ёритиш билан у туркий тасаввуф адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган. Асарларида ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма-бир таърифлаб берган. Ахлоқий-таълимий аҳамияти жиҳатидан, хусусан, “Маслакул муттақийн” ва “Саботул ожизийн” асарлари мактаб ва мадрасаларда асосий дарсликлар қаторида ўқитилиб келган. Унинг диний-тасаввуфий руҳдаги панду ҳикматга йўғрилган асарлари нафақат Туркистон, балки Қашқардан тортиб Этел (Волга), Ёйиқ (Урал) дарёлари воҳалари, Ҳожитархон (Астрахан), Булғор, Оренбург ва бошқа минтақаларда яшовчи халқлар орасида ҳам кенг тарқалган. Улар кўп нусхаларда кўчирилган. XIX асрнинг охирларига келиб эса Тошкент, Қозон, Боку, Истанбул ва бошқа шаҳарларда тошбосма йўли билан бир неча марта босилиб чиққан.

“Саботул ожизин” ўз туридаги бошқа китоблардан фарқли равишда ўқувчини зериктирадиган узун ҳам, маълумоти оз ҳам эмас, балки ўртача шаклда ёзилган китобдан иборатлиги, асар лафзи ёрқинлиги, иборалари енгиллиги, керакли маълумотларни қисқа лафзлар билан ўзида мужассам этгани ҳамда ақида илмини тўлиқ тушуниш ва терминларини ёдлаб қолишни енгиллаштиргани аниқланган.

Сўфи Аллоҳёр бу асарда бошқа асарларидаги каби эътиқод софлиги, ақидавий масалаларга доир кўплаб муҳим маълумотларни бериб ўтган. Хусусан, алломанинг фикрича, ақидани билиш, ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш, ўзига шиор қилиб олишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Буни аллома бир оғиз сўз билан қуйидаги услубда баён қилгани фикримиз тасдиғидир:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдур.

Демак, ақидани яхши ўрганиб, тушуниб, англаб, аслини сўраб-суриштириб, сўнг унинг қийматига баҳо бериш керак.

“Саботул ожизин” асари фиқҳий, ақидавий илмий-назарий ва тарихий-тадрижий асосларини ўрганувчи муҳим манбалиги исботланиб, ихтилофга сабаб бўлган айрим фиқҳий ва ақидавий масалаларнинг ечими очиб берилган.

Мазкур асар мустабид тузум даврида баъзи шахслар томонидан нотўғри талқин қилинган. Унга атеистик нуқтаи назардан баҳо берилган. Ундаги маълумотлар ўқувчини йўлдан оздириши, бир тарафлама фикрлайдиган қилиб қўйиши айтиб ўтилган.

Сўфи Аллоҳёр ақидага оид масалаларни ишончли далиллар асосида келтириб ўтган ва бунда оят ва ҳадислардан ўринли фойдаланган. Ўрни келганда, оддий лафзларга қараб эмас, балки азал-азалдан ўлкамизда тадбиқ этиб келинаётган ўлмас қадрият ва урфий амални асос қилиб олиб, бу масаладаги мавжуд ихтилофларни илмий йўл билан ечиб берганлиги асослантирилган.

“Саботул ожизин” аҳли сунна вал жамоа эътиқодини назмий услубда баён этган мўътабар асар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам улуғ устозлардан бири бу асарни “Саботул ожизин” мағзи Қуръондир”, дея лўнда таърифлаган. Асар аҳли илмларни доимо ўзига жалб этиб келган. Шу сабабли унга кўплаб шарҳлар ёзилган ва ёзилмоқда.

Халқимиз орасида алоҳида “Оллоёрхонлик” кечалари ўтказилиши, унинг байтлари ҳатто оддий халқ тилларида ёддан ўқиб юрилишининг ўзи унинг манзур бўлганига ва халқ кўнглидан жой олган муҳим асар эканини кўрсатади. Шу боис ҳам бу асар турли даврларда турли давлатларда қайта-қайта нашр этилган. Масалан, Тошкентда 1882, 1884, 1905, 1915 йилларда, Қўқонда 1890 йилда, Когонда 1910 йилда, Тошкентда 1991, 2007 йилларда қайта нашр қилинган. Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия, Россия каби давлатларда ҳам нашр этилгани асарга талаб жуда катта бўлганидан далолат беради.

“Саботул ожизин” асарининг сақланаётган нусхалари орасида турли тафовутлар мавжуддир. Шунга кўра Ўзбекистонда таниқли олим Рашид Зоҳид томонидан 94 қўлёзма ва 61 тошбосма матнларини ўзаро қиёслаб, асарнинг энг ишончли матни тайёрланган. Бу матн нашр этилган.

Табиийки, “Саботул ожизин” қўлма-қўл ўтиб ўқиб юриладиган машҳур асар бўлганидан унга кўплаб шарҳлар ёзилган. Хусусан, қозонлик олим Тожуддин Ёлчиқул ўғли ҳижрий 1221/1806 йилда бу асарга “Рисолаи Азиза шарҳу “Саботул ожизин” номли шарҳ ёзган. У 1835 йил Қозонда, 2000 йил Ўзбекистонда нашр этилган. Асар “Саботул ожизин”га ёзилган биринчи шарҳ китоби бўлгани учунми унда матн тарихи, матн талқини билан боғлиқ нуқсонлар учрайди. Шарҳ муқаддимасида Сўфи Аллоҳёрнинг таржимаи ҳоли ҳақида келтирилган маълумотларнинг тарихий асосга эга эмаслигини кўриш мумкин. Шундай тўқима, ривоятнома далиллар айрим байтлар шарҳида ҳам кузатилади. Салоҳиддин ибн Ровил Салимий Қозонийнинг “Иршод ул-ъоизийн” асари 1911 йилда Қозонда нашр этилган. Ушбу асарнинг тошбосма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 9320 рақами остида сақланмоқда. Саййид Ҳабибуллоҳ ибн Саййид Яҳёхон Фарғоний, Қобулийнинг “Ҳидоятут толибийн шарҳу “Саботул ожизин Сўфи Аллоҳёр” китоби 1928 йил Покистонда, 2009 йилда Тошкентда чоп этилган. Шайх Муҳаммад Саъийд Туркистонийнинг “Саботул ожизин шарҳи” асари Дамашқда 1967 йил нашр қилинган,  Тўрахўжа ибн мулла Сорийхўжа Ўзгандийнинг “Шарҳу саботул ожизин” китоби араб тилида ёзилган. Ўзбек тилидаги асарни араб тилида шарҳлаганининг сабаблари ҳақида муаллиф шундай ёзган:

“Халил (соллаллоҳу алайҳи васаллам) миллатининг чироғи, комил шайхга нисбат берилган “Саботул ожизин” китоби толиби илмлар қўлларида қўлма-қўл бўлган, кўплаб насиҳатлар ва латиф сўзларни ўзида жамлаган, улуғвор араб тилидаги ҳамда ёқимли тиллар бўлган форс ва туркий тиллардаги сўзлар билан битилган китоб бўлгани учун баъзи дўстлар бу заиф бандадан ушбу китобнинг тилини баён қилиб берадиган, ундан ирода қилинган маъноларини очиб берадиган шарҳ ёзишни илтимос қилдилар. Мен бу китобни араб тилида шарҳладим. Чунки араб тили баёни очиқ-ойдин бўлган ва Қуръон нозил бўлган тилдир (қисқартириб олинди)”

Араб тилида ёзилган бу шарҳнинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида 1427 рақам остида сақланмоқда.

Асарнинг марказида – инсон ва унинг маънавий комиллик сари интилиши туради. Бу комилликнинг асосий шарти – нафсдан покланиш, дунёвий манфаатлардан воз кечиш ва Аллоҳ муҳаббатига етишишдир. Муаллиф суфий таълимотга таянади ва унинг асосий босқичларини шундай акс эттиради.

Оятуллоҳ Айниддин, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказий бўлим бошлиғи, Имом Термизий ўрта махсус исломтаълим муассасаси мударриси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати