Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шифокор ҳузурига безовталикдан шикоят қилган хаста келди. Бажариши зарур бир дунё юмуши борлигини, лекин улгуролмаётгани, ишлар эса кутиб турмаслигини куюниб айтди. Шифокор сўради:
- Бу ишларни бошқа биров қилолмайдими ёки биронтаси ёрдам берса-чи?
- Йўқ, уларни фақат ўзим уддалай оламан. Бошқасининг эплашига кўзим етмайди.
- Сизга бир рецепт бераман, - деди шифокор.
- Унга тўлиқ амал қилсангиз, даво топасиз.
Бемор рецептни ўқиб, ҳайрон қолди. Унда ҳар куни икки соат сайр қилиш ва ҳафтада ярим кунни қабристонда ўтказиш тавсия этилган эди.
- Сайрни-ку тушундим, лекин қабристон нега керак? - сўради шифокордан.
- Қабристонга бориб, мозорларга боқинг. У ер ўзини ҳаммадан керакли билган одамлар билан тўла. Сиз ҳам қабрга киргач, фақат менгина қодирман, деб ўйлаган ишларингизни бошқалар давом эттиришига амин бўласиз...
«Қалбга таскин битиклар» китобидан
14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишларини Саудия Арабистони мутасадди идоралари вакиллари билан муҳокама қилдилар.
Учрашувда ар-Рифода ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари Носир бин Абдуллоҳ Саружий, Фуод бин Абдулазиз Факираҳ, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ҳамда Диний идора ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг кўп қиррали муносабатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага кўтарилганини эътироф этдилар.
Музокаралар чоғида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларга муносиб хизмат кўрсатиш, улар учун зарур шароитларни яратиш батафсил муҳокама этилди. Жумладан, ҳожилар учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига ҳаж зиёратчиларига хизмат кўрсатиш, уларга муносиб ва шинам шароитлар яратиш ҳамда ташкилий ишларини янада кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Бу ишлар замирида эса битта улуғ мақсад — ҳар бир ҳожига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, ибодатни энг қулай ва руҳий осудаликда адо этиш имконияти ётади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати