Мазкур қарор буюк мутафаккир аждодимизнинг илмий-маърифий меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг таълимотидаги инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини кенг ёйиш учун дастуриламал вазифасини ўташи шубҳасиз. Қарор Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун ҳам ўзига хос қувонч ва ғурур нишонасига айланди.
Зеро, ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган асосий мақсадлардан бири Имом Мотуридий ва унинг давомчилари илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўлиб, бу Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга асос бўлади.
Таъкидлаш лозимки, мотуридийлик юзлаб олимлар ва уларнинг бебаҳо асарларини ўзида жамлаган ақида мактаби саналади. Х асрда Самарқандда шаклланган ушбу мактаб Имом Мотуридийнинг изидан борган Абу Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Нуриддин Собуний, Камол ибн Ҳумом ва Камолиддин Баёзий сингари олимлар фаолияти туфайли янада ривожланиб, оммалашган. Улар ўз асарлари орқали “мотуридийлик кутубхонаси”ни янада бойитганлар. Бугун ушбу кутубхонанинг нодир манбаларини аниқлаш, уларни илмий жамоатчилик ва халқимизга етказиш долзарб вазифалардан бирига айланган.
Бугунги кунгача юртимиз ва хорижда мотуридийлик таълимотига оид кўплаб фундаментал манбалар ўрганилиб, бир қатор китоб, рисола, монография ва мақолалар нашр юзини кўрди. Манба ва адабиётлар кўпайгани сари, уларнинг умумий рўйхатини шакллантириш – библиография яратиш вазифаси ҳам кун тартибига чиқди.
Аввалроқ бу борада юртимиз ва хорижлик олимлар томонидан баъзи уринишлар амалга оширилган бўлса-да, уларда маълум асарлар етишмаслиги ва сўнгги йилларда яна янги китоблар чоп этилгани туфайли кенг қамровли, нисбатан тўлиқ рўйхатни ўз ичига олувчи библиографияга эҳтиёж сезилди. Шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Мотуридийлик таълимоти библиографияси” китоби нашр этилди. Бу мотуридийлик бўйича алоҳида китоб шаклида нашр қилинган илк библиография ҳисобланади.
Ушбу янги нашр “Классик манбалар”, “Замонавий адабиётлар” ва “Диссертациялар” номли уч бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда Имом Мотуридийдан ХХ асргача бўлган олимларнинг ақидага оид асарлари, уларнинг қўлёзма ва замонавий нашрлари қамраб олинган. Иккинчи бўлимда мотуридийлик бўйича ёзилган турли китоб, рисола ва монографиялар, учинчи бўлимда эса Ўзбекистон ва хорижда ҳимоя қилинган магистрлик ҳамда докторлик диссертациялари рўйхати келтирилган.
Библиографияда жами 1 минг 293 та асар қамраб олинган бўлиб, шундан 474 таси классик манбалар, 486 таси замонавий адабиётлар, 333 таси диссертациялардир. Китобда мотуридийлик ақидасига оид энг кенг тарқалган асарларнинг шарҳлари ҳам алоҳида бобга жамланган. Жумладан, бутун мусулмон оламида машҳур “Ақоиди Насафий” рисоласининг 100 га яқин шарҳ ва ҳошиялари рўйхати ўрин олган.
Инглиз тилига ҳам таржима қилинган ушбу библиография мотуридийшунос олимлар ва ақида йўналишидаги тадқиқотчилар учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди, деб айта оламиз. Бундан ташқари, библиографиялар табиатан даврий янгиланишга муҳтож, шу сабабли келгусида ушбу библиография ҳам янги манба ва адабиётлар билан тўлдириб борилади.
Умуман олганда, юртимизда яратилаётган имкониятлар, айниқса, Имом Мотуридий ва унинг давомчилари меросини ўрганишга давлат даражасида эътибор қаратилиши соҳага доир янги тадқиқот ва нашрлар учун илҳом ва таянч ўлароқ хизмат қилмоқда.
Ойбек Сотволдиев,
Имом Мотуридий халқаро
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Энг аввал салом бериш.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Энг яши амал қайси?” деб сўрашди. Шунда У зот алайҳиссалом: “Таом улашишинг ҳамда таниган-танимаганингга салом беришинг”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келди ва “Ассаламу алайкум”, деб салом берди. У зот унга жавоб қайтардилар ва “Ўнта”, дедилар. Кейин яна бир киши келиб, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деди. У зот унга ҳам жавоб қайтардилар ва “Йигирмата”, дедилар. Сўнгра яна бир киши келди-да, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, деди. У зот унга жавоб қайтаргач, “Ўттизта”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
2. Кўришган киши билан хайрлашаётганда ҳам салом бериш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин, қайтмоқчи бўлса, яна салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан ҳақли эмас” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти). Яъни, иккинчи саломнинг аҳамияти биринчиникидан кам эмас.
3. Табассум билан рўбарў бўлиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яхши амалдан бирор нарсани арзимас санама, ҳатто биродаринг юзига очиқ чеҳра билан йўлиқишни ҳам” (Имом Муслим ривояти).
4. Икки қўл билан кўришиш
“Икки мусулмон бир-бирларига йўлиқиб, қўл бериб кўришар экан, улар ҳали ажралмай туриб, албатта, уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади” (Имом Абу Довуд ривояти).
5. Гўзал сўз сўзлаш.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “одамларга ширинсўз бўлинг...” (Бақара сураси, 83-оят)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши сўз садақадир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД