Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июн, 2025   |   27 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
23 Июн, 2025, 27 Зулҳижжа, 1446

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитидаги нутқи

04.04.2025   6727   16 min.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитидаги нутқи

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Сизларни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида қутлашдан ғоят мамнунман.  

Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта Жаноби Олийларига, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Хоним Олияларига, менинг барча ҳамкасбларим – минтақа мамлакатлари етакчиларига саммитни айнан шу заминда, қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказиш борасидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорлик билдираман.

Кўп асрлар давомида Буюк Ипак йўлининг асосий йўллари чорраҳасида жойлашган ушбу шонли шаҳар цивилизациялар мулоқоти ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги дипломатия, савдо ва маданий алмашувларнинг муҳим маркази бўлган.

Бу ҳақда кўплаб тарихий далиллар мавжуд. Масалан, Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темур бундан олти асрдан зиёд вақт олдин айнан шу заминда туриб эркин ва хавфсиз савдони таъминлаш мақсадида Европа ҳукмдорлари билан фаол мулоқотларни йўлга қўйган.

Бизнинг Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк аллома ва мутафаккирларимиз жаҳон, жумладан, Европа илм-фани ва фалсафаси ривожига беқиёс ҳисса қўшганини албатта қайд этмасдан ўтолмаймиз.

Бугун мен мамнуният билан таъкидлашни истардимки, бизнинг чуқур тарихий илдизларга эга бўлган муносабатларимиз ҳозирги замон шароитида жадал ривожланмоқда ва мустаҳкамланмоқда.

Шу кунларда бўлиб ўтган очиқ, конструктив ва самарали учрашувлар мамлакатларимиз ва минтақаларимиз манфаатлари йўлида шериклик ва амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган сиёсий иродамиз ва қатъиятимизни яна бир бор намоён этди.

Европа Иттифоқи асосий институтлари раҳбарларига ўзаро англашув ва Марказий Осиёда интеграция ва барқарор тараққиёт жараёнларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.

Мен бу залда анъанавий шерикларимиз – Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Рено-Басо ва Европа инвестиция банки вакилларини кўриб турганимдан ҳам хурсандман. Ушбу молия институтларининг “Келажакка сармоялар” шиори остида ўтаётган бугунги саммитимизнинг вазифа ва қарорларини илгари суришдаги роли ўта муҳим, деб ҳисоблайман.

Шу ўринда бундан саккиз йил олдин Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки муносабатлари тўхтаб ётганини қайд этишни истар эдим. Бугун эса биз банкнинг энг йирик бенефициарларидан биримиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ашхободдаги учрашувлар якунлари бўйича бизнинг вазирлар ва экспертларимиз кўп томонлама ҳамкорликнинг барча асосий йўналишларини қамраб олган саммит кун тартибини тайёрлашди.

Шунингдек, биз бугун Марказий Осиё дуч келаётган замонавий экологик таҳдидларга бағишланган Самарқанд иқлим форуми ялпи сессиясида ҳам биргаликда иштирок этамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Бизнинг учрашувимиз жадал ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган глобал жараёнлар шароитида ўтмоқда.

Биз геосиёсий зиддиятлар, хавфсизлик муаммолари, йирик минтақавий можароларнинг ҳамда барқарор тараққиётга нисбатан ижтимоий ва иқтисодий таҳдидларнинг кучайишига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Аёнки, ҳеч бир минтақа кенг халқаро ҳамкорликсиз бу қадар мураккаб масалаларни мустақил ҳолда ҳал этишга қодир эмас.

Шу муносабат билан таъкидлашни истардимки, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи анъанавий шериклар бўлиб, ўзаро яқин ҳамкорлик учун талаб фақат ўсиб бормоқда. Биз ҳам Европа томони каби халқаро ҳуқуқнинг тамойил ва меъёрларига содиқлигимизни билдирамиз.

Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар жараёнлари бошланганини олқишлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Олдинда жуда мураккаб ва ечими осон бўлмаган масалалар турганини тушунамиз.

Бироқ дипломатик саъй-ҳаракатлар ва сиёсий қарорлар қабул қилишдан бошқа муқобил йўлни биз кўрмаяпмиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Умумий сиёсий иродамиз туфайли барқарор ва ортга қайтмас тус олган Марказий Осиёдаги чуқур трансформация жараёнлари кўпқиррали ҳамкорлигимизни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч ва яхши қўшничилик мустаҳкамланмоқда, кенг кўламли ҳамкорлик ва кооперация алоқалари кенгаймоқда. Бундан етти-саккиз йил аввал бунинг учун ҳатто шароит ҳам йўқ эди. Баъзи мамлакатлар ўртасидаги чегаралар ёпиқ эди. На савдо, на транзит, на бизнес, ҳеч қандай гуманитар алмашувлар йўқ эди. Муносабатлар шунчаки музлатиб қўйилганди. Ўшанда ҳеч ким яқин келажакда биз Европа етакчилари билан музокараларда минтақамизни биргаликда намоён этишимизни тасаввур ҳам қила олмас эди.

Марказий Осиёнинг очиқлиги ва барча шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр экани минтақада хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашнинг энг муҳим шартига айланди.

Шу йил сентябрь ойида биз Тошкентда минтақадаги давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувини ўтказамиз ва унинг доирасида умумий кун тартибидаги барча долзарб вазифаларни очиқ ва конструктив ҳал қиламиз.

Бугунги саммитимиз арафасида тарихий воқеалар бўлиб ўтганини алоҳида қайд этишни истардим. Бу ўринда гап Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегаралари масаласи тўлиқ ҳал этилгани ва делимитация қилиш бўйича келишувлар имзолангани ҳақида бормоқда.

Яна бир бор ҳурматли ҳамкасбларим Эмомали Шарипович Раҳмон ва Садир Нурғожоевич Жапаровни самимий табриклайман.

Биз биргаликда минтақада йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошираётганимизни таъкидлаш жоиз. Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма инвестиция жамғармалари ва компаниялари фаолият кўрсатмоқда. Минтақада ички савдо ҳажми ошиб бормоқда. Уларни рағбатлантириш учун чегараолди савдо зоналари яратилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ва бутун минтақамизнинг барқарор иқтисодий тараққиётига имкон яратаётганини таъкидлашни истар эдим.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, минтақавий ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши бу йил олти фоизгача етади ва бу бошқа минтақалардаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқоридир. Жумладан, Ўзбекистонда саноатлаштириш, инфратузилмаларга сармоялар киритиш, иқтисодиётни либераллаштириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобидан барқарор иқтисодий ўсиш таъминланмоқда.

Умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш, шунингдек, маданий-гуманитар ва таълим бўйича алмашувларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорликдаги ишларимизни алоҳида таъкидламоқчиман.

Биз мамлакатларимизда етакчи миллий ўқув муассасаларининг филиалларини очяпмиз. Хорижий сайёҳлар учун ягона Марказий Осиё визаси лойиҳасини илгари суряпмиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Бизнинг илк саммитимиз Қозоғистон ва Қирғизистонда муваффақиятли ўтган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккита учрашувининг мантиқий давомидир. Ушбу мулоқотлар ҳар икки томоннинг манфаатларини тушуниш ва шерикликнинг умумий йўналишларини белгилаб олиш учун фойдали бўлди. Сўнгги йилларда Европа Иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлик сезиларли фаоллашгани кузатилаётганини қайд этмоқчиман.

Кейинги етти йилда Марказий Осиё мамлакатларининг Европа Иттифоқи билан ўзаро товар айланмаси ҳажми бир неча баробар ўсиб, 54 миллиард еврога етди. Ҳамкорликнинг самарали платформалари ишга туширилди. Барча муҳим йўналишларда вазирлар иштирокида мажлислар, форумлар, саммитлар ва конференциялар доимий ўтказиб келинмоқда.

Шу билан бирга, ушбу учрашув кўпқиррали муносабатларимиз ривожида янги босқичнинг ўзига хос бошланиш нуқтаси бўлиши лозим, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ҳамкорликдаги ишларимизнинг биз учун устувор йўналишларини кўрсатиб ўтишни истар эдим.

Биринчи. Бу – сиёсий мулоқотларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва инвестициялар, кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асослари.

Саммит якунлари бўйича Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинади. Қабул қилинадиган ҳужжатнинг қоидаларини амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Ишончим комилки, бизнинг стратегик шериклигимиз аниқ қарорлар, лойиҳа ва дастурлар билан бойитилиши керак. Шу муносабат билан, бизнинг икки минтақамиз ўртасида шериклик ва ҳамкорлик бўйича тўлақонли Битимни имзолаш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Биз, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича умумий позицияларни ишлаб чиқиш учун ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари учрашувларини доимий ўтказиб бориш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ва “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” парламентлараро ҳамкорлик форумини таъсис этиш ҳамда унинг илк тадбирини шу йил кузда Ўзбекистонда ўтказиш, етакчи таҳлил марказлари ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф этамиз.

Саммитимизни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш бўйича таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Келишувларимизни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича тизимли ишлаш мақсадида навбатдаги йиғилишимизга қадар саммит котибияти функциясини ўз зиммамизга олишга тайёрмиз.

Иккинчи. Иқтисодиёт ва технологик модернизацияга инвестициялар киритиш ўзаро ҳамкорлигимизнинг устувор мезони бўлиши лозим.

Биз июнь ойининг бошида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шерикликда Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказамиз. Ушбу тадбирда Европанинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати 30 миллиард евродан ортиқ бўлган жорий лойиҳалар портфелини тақдим этиш ниятидамиз.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Европанинг барча бизнес “капитанлари”, саноат ва инновация соҳалари етакчилари Ўзбекистон ва минтақамиздаги бошқа мамлакатларда муваффақиятли иш олиб бормоқда. Улар орасида “TOTAL”, “Siemens”, “Linde”, “Airbus”, “BASF”, “IDF”, “Orano”, “OTP Group” ва бошқа кўплаб корпорациялар бор.

Форум жараёнида икки минтақанинг инвестициявий имкониятларига бағишланган алоҳида сессияни ўтказишни таклиф этаман. Ўзбекистонда Европа компаниялари учун Минтақавий саноат парки концепцияси тақдимотини ҳам ана шу сессияда ўтказишни режа қиляпмиз.

Шу кунларда Тошкентда Европа инвестиция банки офисини очиш тўғрисида имзоланган битим Европа Иттифоқи мамлакатларидан Марказий Осиёга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини рағбатлантиради.

Европалик шерикларимиз яна бир ташаббусимизни – “яшил” энергетика, инновациялар, транспорт, инфратузилма соҳаларида ва аграр секторда йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича таклифимизни қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

Бундан ташқари, мамлакатларимизнинг иқтисодий манфаатларини яқинлаштириш бўйича қатор янги таклифларни билдирмоқчимиз. Бу, энг аввало, инвестицияларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисидаги кўптомонлама битимни имзолаш, хусусий сектор вакилларини кенг жалб этган ҳолда, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” қўшма савдо палатасини ишга тушириш, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини, биринчи галда, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма минтақавий дастурларни қабул қилишга қаратилгандир.

Ўзбекистонда ўзаро транспорт боғлиқлиги бўйича навбатдаги Иқтисодий форум ва Инвесторлар форумини қабул қилишга тайёрмиз.

Шунингдек, экспорт қилувчиларимиз салоҳиятини ошириш, лабораториялар, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш марказларини яратиш учун Европа Иттифоқининг техник кўмагини кенгайтириш муҳимдир.

Учинчи. Саммит давомида стратегик минерал ресурслар соҳасида ҳамкорлик ва инвестицияларни чуқурлаштириш бўйича қарор қабул қилинади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон геология-разведка, стратегик хомашё материаллари конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш соҳасида юқори технологик ишлаб чиқариш тармоқларини яратиш борасида Европадаги етакчи компаниялар билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта ижобий тажрибага эга. Биз бу йўналишда Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ниятидамиз.

Ушбу маҳсулотларни, шунингдек, тайёр саноат ва қишлоқ хўжалиги товарларини Европа бозорларига етказиб бериш учун самарали транспорт йўлакларининг йўқлиги бунда асосий тўсиқ ҳисобланади. Жумладан, Транскаспий транспорт коридорини кенгайтириш ва юк билан таъминлаш учун ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ва бизнес учун манфаатли шароитларни ишлаб чиқиш зарур. Ишонаман, ушбу вазифалар “Глобал дарвоза” умумевропа дастурининг мақсадларига тўлиқ мос келади.

Шу муносабат билан, келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун Европа Иттифоқи шафелигида ушбу йўналишда жойлашган мамлакатларнинг транспорт вазирлари учрашувини чақиришни таклиф этамиз.

Тўртинчи. “Яшил” энергетика ва экологик барқарорликка йўналтирилган инвестициялар стратегик аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидан Европага электр энергиясини етказиб бериш бўйича халқаро лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Саммит арафасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли битимни ратификация қилдик.

Таъкидлаш ўринлики, биз 2030 йилга бориб мамлакат энергия балансида қайта тикланадиган энергия улушини 54 фоизга етказишни, 24 минг мегаватт “яшил” қувватларни ишга туширишни режалаштирмоқдамиз.

“Тоза” энергия бўйича “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” шериклигининг йўлга қўйилиши билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим платформаси яратилиши мумкин.

Шунингдек, “углерод кредитлари” лойиҳаларини ишлаб чиқишни молиялаштириш ва уларнинг бозорини ривожлантириш учун турдош вазирликлар раҳбарлари даражасида ишчи гуруҳни таъсис этишни таклиф этамиз. Бўлиб ўтиши кутилаётган Иқлим форуми чоғида минтақанинг “Яшил” тараққиёт концепциясини тақдим этамиз.

Бешинчи. Инсон капиталига инвестициялар таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашувларни кенгайтириш имконини беради.

Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича “ЭРАЗМУС ПЛЮС” дастурлари доирасида минтақа мамлакатлари учун махсус квоталарни жорий этиш  ушбу мақсадга эришишга хизмат қилиши мумкин.

Марказий Осиё мамлакатлари билан илмий-таълим ҳамкорлигини кенгайтириш учун Ўзбекистонда “Уфқ – Европа” дастури офисини очишга тайёрмиз. Бундан ташқари, сунъий интеллект, маълумотлар “катта базалари”, рақамлаштириш, космик тадқиқотлар соҳасида илмий ва технологик алмашувлар бўйича қўшма дастурни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Ўзбекистон, шунингдек, минтақа мамлакатларини рақамли таълим соҳасида Европа ҳаракатлар дастурига қўшиш, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчи университетлари ўртасида шериклик борасида “Йўл харитаси”ни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суради.

Европалик мутахассислар иштирокида “Лазги” миллий балетининг саҳналаштирилиши маданият соҳасидаги кооперациянинг яққол мисоли бўлди. Европадаги Лувр, Берлин Янги музейи, Вена Бутунжаҳон музейи каби йирик музейларда Марказий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган кўргазмалар муваффақиятли ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг кузида ушбу заминда, Самарқандда ўтадиган, сўнгги қирқ йилда Париждан ташқарида илк бор бўладиган ЮНЕСКО Бош конференцияси чоғида барча хорижий шерикларимизни минтақамиз халқларининг бой маданияти ва санъати билан янада кенг таништиришни хоҳлар эдик.

Шунингдек, жорий йилда Бухорода биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” сайёҳлик форумини ўтказишни режа қиляпмиз.

Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибасини жорий этиш асосида “Бир тур – бутун минтақа” концепциясини амалга ошириш, шунингдек, минтақамиз сайёҳлари учун виза режимини соддалаштириш масаласини кўриб чиқишда европалик шерикларимизнинг кўмагига таянамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидлар, хусусан, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Европалик шерикларимизнинг терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз. “BOMCA” ва “CADAP” дастурлари доирасида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Афғонистонни тинч ривожлантириш масалаларида сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёрмиз. Минг афсуски, жаҳон ҳамжамияти ушбу мамлакат ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаяпти.

Афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Қабул қилинган мажбуриятларни бажариш учун халқаро ҳамжамиятнинг амалдаги афғон ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш муҳимлигини тушуниши ва қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Сўзимнинг ниҳоясида бизнинг ташаббус ва келишувларимизни амалга ошириш механизмларини жорий этиш муҳимлигини алоҳида қайд этишни истар эдим.

Шу муносабат билан, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматида Бош вазир ўринбосарлари даражасида ҳар йили учрашувлари ўтказиб бориладиган Шериклик қўмитасини таъсис этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Қадрли дўстлар!

Барчангизга очиқ, ишончли ва конструктив мулоқот учун яна бир бор чуқур ташаккур изҳор этаман.

Ишончим комилки, Европанинг етакчи институтлари ва молия ташкилотлари раҳбарлари Марказий Осиёнинг умумий позицияга эга эканига, ишончли ва масъулиятли шерик сифатида кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканига амин бўлишди.

Барчангизни икки минтақа ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилиниши билан табриклайман.

Эришилган барча келишувлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш учун Саммит котибиятига, экспертлар билан биргаликда, бир ой муддатда, биз ишчи тартибда тасдиқлашимиз мумкин бўлган “Йўл харитаси”ни тайёрлаш таклифини билдираман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳаётидан ибратли 10 қисса

28.07.2020   12502   6 min.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳаётидан ибратли 10 қисса

 

Энг кўп қандай дуо қиласиз?

Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.

Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].

 

Қандай тонг оттирдингиз?

Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.

Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.

Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.

 

Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.

Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.

Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.

Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз(Нисо сураси, 86-оят).

Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.

Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.

Восиқ: “Махлуқ”.

Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.

Восиқ: “Улар билишмаган”.

Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.

Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.

Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.

Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.

 

Ғийбатчини афв этди

Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.

Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.

Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.

Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].

 

Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида

Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.

Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).

Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим. 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари

Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.

Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.

 

Ношукрлик бўлади

Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.

Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.

Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].

 

Фақат сажда қиларди

Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.

Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.

Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.

Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].

 

Қайтаришни ният қилганман

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.

Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.

 

Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза

Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.

Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди. 

Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.

Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.

[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.

[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.

[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.

[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.