Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Абу Мансур Мотуридий яшаган давр илмий муҳити

04.04.2025   12746   13 min.
Абу Мансур Мотуридий яшаган давр илмий муҳити

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори буюк ватандошимиз, ақида илмининг билимдони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, мотуридийлик таълимотига хос бўлган бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади.

Абу Мансур Мотуридий калом илмига оид улкан илмий мерос қолдирган. Мутакаллим ўзи яшаган даврдаёқ замондошлари томонидан “Имомул ҳуда” – “Тўғри йўлга солувчи имом”, “Қудвату аҳлис сунна” – “Аҳлус суннанинг андозаси”, “Қолеъу абобилил фитна вал бидъа” – “Фитна ва бидъат тўдаларини ағдарувчи”, “Имомул мутакаллимин” – “Мутакаллимларнинг пешвоси”, “Рофеъу аъломиш шариъа” – “Шариат байроқдори”, “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидаларини тузатувчи” каби шарафли номларга сазовор бўлган.

Мотуридийнинг калом илмида юксак мартабаларга кўтарилиши, олимлар орасида қадр-қиммат топишида у шаклланган илмий муҳитнинг ўрни катта бўлган. Жумладан, IX-X асрларда Мовароуннаҳр ва мусулмон дунёси мамлакатларида яшаган устозлар олимнинг юксак малакали бўлиб шаклланишига ижобий таъсир кўрсатган. Жумладан, Абу Наср Аҳмад Иёдий ҳамда Абу Бакр Жузжонийнинг хизматлари катта экани таъкидланган.

Олимнинг илмий фаолиятига таъсирини ўтказган ва шаклланишига таъсир кўрсатган устозлари мавзуси ҳали илмий ўрганилиши лозим. Чунки ўрта аср манбаларининг камлиги сабабли улар ҳақидаги маълумотларни жамлаш қийин кечмоқда. Масалан, Нусайр Балхий билан Муҳаммад Розий олимнинг устозлари сифатида зикр этилган маълумотлар мавжуд. Лекин Абу Муин Насафий уларни самарқандлик олимлар қаторига қўшмайди. Мотуридийшунос олим Ульрих Рудольфнинг таъкидлашича, Мотуридий билан боғлиқ бирор асарда уларнинг номи учрамайди.

Манбалар Абу Бакр Жузжонийнинг Абу Мансур Мотуридийнинг биринчи устозларидан эканини таъкидлайди. Олимнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларга эга манбалар жуда кам сақланиб қолган.

Абу Бакр Жузжоний Мовароуннаҳр, хусусан, Самарқанддаги ҳанафий мазҳаби фиқҳий мактаби ривожи ҳамда тараққиётига муҳим ҳисса қўшган. Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” асарида келтирилишича, Абу Бакр Жузжоний машҳур олим Абу Сулаймон Жузжонийдан таълим олди, сўнг Самарқандга келиб, илм ва ғояларини ёйиш билан машғул бўлди. Кейинчалик Самарқандда Абу Муқотил Самарқандий, Абу Бакр Самарқандий каби йирик илоҳиётчи олимлар кенг қамровли фаолият олиб борди. Жумладан, Абу Муқотил Самарқандий бу ерда машҳур “Китобул олим вал мутааллим” – “Олим ва шогирд китоби”ни яратади.

Мавжуд манбаларнинг маълумот беришича, олим усул ҳамда фуруъ борасида ўз замонасининг етук мутахассисларидан саналган. Классик манбаларда, жумладан, Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла”, Ибн Абил Вафонинг “Жавоҳирул мудиъа фи табақотил ҳанафия” – “Ҳанафий олимларнинг табақаси ҳақида нур таратувчи жавоҳир”, Муҳаммад Абдулҳайнинг “Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия” – “Ҳанафий олимларнинг биографияси ҳақида ёрқин фойдалар” асарларида Абу Бакр Жузжонийнинг иккита асар ёзгани кўрсатиб ўтилган. Биринчиси “Китобут тавба” – “Тавба китоби” Мовароуннаҳр ва қўшни ҳудудларда кенг шуҳрат топган. Ушбу асар машҳур олим Абул Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин” – “Ғофилларни уйғотиш” асарига ўхшаган насиҳатнома, панднома мавзусидаги асар бўлиб ҳисобланган.

Олмон олими Ульрих Рудольфнинг “Мотуридий ва Самарқанддаги суннийлик илоҳиёти” номли китобида таъкидланишича, Абу Бакр Жузжоний том маънода мутакаллим бўлмасада, лекин Абу Мансур Мотуридий ҳанафий мазҳаби таълимоти ҳамда моҳиятини айнан ундан ўрганган. Шу нуқтаи назардан ҳам у Мотуридий илмий муҳитининг шаклланишига сезиларли ҳисса қўшган деб саналади.

Абу Мансур Мотуридий илмий муҳитининг шаклланишида Абу Наср Иёдий (ваф. 277/890 й.)нинг хизмати ҳам катта. Мовароуннаҳрнинг кўпгина йирик олимлари Абу Наср Иёдий фаолиятини жуда юқори баҳолашади, қомусий илмига алоҳида урғу беришади. Абул Мутеъ Насафий олимни тавсифлаб, Абу Наср Иёдий илм соҳасида тубсиз баҳри уммонга монанд эди, деб ёзади. Шунингдек, у йигирма ёшида тенгдошларидан билим борасида анчагина илгарилаб кетган бўлиб, ақлу заковатининг ўткирлиги, сабр-тоқати, ўта синчковлиги билан мунозарага кирувчи ҳар қандай одамни асосли жавоби, Қуръони каримдан келтирган далиллари билан танг қолдирар эди, деган мазмундаги маълумот келтирилади.

Абу Наср Иёдий буюк аллома сифатида нафақат ўзининг устида мунтазам ишлади, билимларини бойитди, балки илм тарқатиш, шогирдлар тайёрлашга ҳам катта эътибор берди. Абу Мансур Мотуридий билан бир қаторда Ҳаким Самарқандий, Абу Аҳмад Наср Иёдий, Абу Бакр Муҳаммад Иёдий каби олимлар ҳам Абу Насрнинг шогирд, яқин мухлисларидан бўлган. Абу Наср Иёдийнинг илоҳиёт борасидаги фаолиятида бир неча муҳим ўринларни таъкидлаб ўтиш жоиз. Олим ўз даврида пайдо бўлган турли оқимларга нисбатан жуда эҳтиёткор муносабатда бўлди. Абу Наср Иёдий Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобаларига ҳурмат билан қаради ва уларни турли бўҳтонлардан доимо ҳимоя қилди. Ҳожи Халифанинг ёзишича, унинг “Сайфул маслул ала ман сабба асҳобар расул” – “Пайғамбар саҳобаларини ҳақорат қилувчиларга қарши яланғочланган қилич” асари айнан ана шу мақсадни кўзлаб ёзилган. Шунингдек, Абу Наср Иёдий Аллоҳнинг сифатларига бағишланган асар ҳам яратди. Унда турли йўналишлар, жумладан, мўътазилийларнинг фикрини кескин муҳокама қилди. Абу Наср Иёдий Мовароуннаҳрдаги мавжуд ҳанафий мазҳабига хос калом илми бўйича асар яратган илк муаллифлардан бири саналади. Чунки асар илмий рисола тарзида бўлиб, унга қадар кенг халқ оммасига мўлжалланиб ёзилган асарлардан фарқ қилган. Ва айнан Абу Мансур Мотуридий Абу Наср Иёдийдан диний, илоҳий масалалар борасида фақатгина тасаввурларни бериш билангина кифояланмади, балки бундай мунозараларда ақлу заковатга ҳам суяниш лозимлигини таъкидлаб, инсондаги “афъоли ихтиёрийга” ишора қилди.

Мотуридий таълимотининг шаклланиши, илмий жиҳатдан бойитилиши, кейинги авлодлар томонидан энг ҳаётий низом сифатида қабул қилинишида аллома тарбиялаган олим-шогирдларининг хизматлари катта. Абу Мансур Мотуридий илмий муҳитининг ривожи ва унинг бошқа ҳудудларга тарқалишига илмий асарлари билан ижобий таъсир кўрсатишди.

Абу Мансур Мотуридийнинг дастлабки шогирди мутакаллим Абу Наср Иёдийнинг фарзанди Абу Аҳмад Наср ибн Аҳмад Иёдийдир. Абу Аҳмад илоҳиёт илмини дастлаб отаси, сўнг Абу Мансур Мотуридийдан ўрганди. Калом бўйича юқори илмий салоҳияти билан олимлар орасида шуҳратга сазовор бўлди. Абу Ҳафс Бухорийнинг маълумотига кўра, Абу Аҳмад ҳақиқатгўйлиги сабаб ҳанафий мазҳабига ёд фикр ва хулосаларнинг киритилишига йўл қўймади. Шу тариқа мазҳаб софлигини сақлашга чин дилдан хизмат қилди. Ҳаким Самарқандий ҳам олимни таърифлаб, Абу Аҳмад Хуросон ҳамда Мовароуннаҳрдаги энг етук олимлардан эди, деб ёзади. Абу Аҳмад муътазийлар билан кескин баҳслар олиб борди ва унинг бу борадаги фикрлари устози Абу Мансур Мотуридий қарашлари билан ҳамоҳанг эди. Абу Аҳмаднинг ҳаёти, илмий мероси ҳақида Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобида муҳим маълумотлар келтиради.

Ўрта асрларга оид манбаларга кўра, Абу Аҳмад Абу Мансур Мотуридий таълимотининг кейинги асрлардаги ривожига улкан ҳисса қўшган. Устоз-шогирдлик анъанасининг узвийлиги илоҳий таълимотнинг ривожланиши ва кенг тарқалишига катта ҳисса қўшди. Айниқса, Абу Аҳмаднинг шогирди Абу Салом Муҳаммад ибн Муҳаммад Самарқандийнинг мазкур таълимот ривожланиши ва тарқалишида катта улуши бор. Тахминан Х асрда яшаб ижод этган бу олимнинг “Жумал усулид дин” – “Дин асослари мажмуи” номли асари давримизга қадар етиб келди. Мазкур асарнинг қўлёзмаси Истанбулдаги Сулаймония қўлёзмалар хазинасида сақланади. Қўлёзманинг матни 1989 йили Истанбулда нашр этилган. Ульрих Рудольфнинг ёзишича, асар Мотуридийдан сўнг Самарқандда битилган анъанавий илоҳий асарлар услубидан фарқ қилсада, Абу Мансур Мотуридий ғояларига тўлиқ мос келади. Абу Салом замондоши Абул Лайс Самарқандийнинг услуби каби ҳанафий мазҳабининг анъанавий услубини янги поғонага олиб чиқди ҳамда Мотуридий илгари сурган ғояларни ривожлантирди. Ақидавий мактабни устози услубида давом эттиришга хизмат қилди. Шу сабабли, унинг “Жумал усулид дин” асари мотуридийлик анъаналари давом эттирилган, давримизга қадар етиб келган энг дастлабки, илк илмий манбалардан бири ҳисобланади.

Мотуридийлик илмий муҳитининг ривожига Абул Ҳасан Али ибн Саъид Рустуғфоний (ваф. 350/961 й.) ҳам катта ҳисса қўшди. Олим Мотуридийнинг шогирдларидан бири бўлиб, у Самарқанд яқинидаги машҳур Рустуғфон қишлоғида дунёга келди. У Мотуридийнинг энг кўзга кўринган, илмий баҳсларда мустақил, эркин фикрлари билан фаол иштирок этадиган шогирдларидан ҳисобланди. Олимнинг нисбаси манбаларда Рустуфғоний, Рустуғфоний, Рустуфағний кўринишида учрайди. У ўз устози Абу Мансур Мотуридий билан айниқса, ижтиҳод масаласида кескин баҳслар олиб борди. Ибн Абул Вафонинг “Жавоҳирул мудиъа фи табақотил ҳанафия” асарида кўрсатилишича, Абул Ҳасан фиқҳ бўйича ҳам билимдон олимлардан бири эди. Манбалар фиқҳ, илоҳиёт илмларини мукаммал эгаллаган Абул Ҳасан Рустуғфонийнинг тўрт асар ёзгани ҳақида хабар беради. Биринчиси, олимнинг фатволари йиғиндиси “Фатава Рустуғфоний” – “Рустуғфоний фатволари”. Олимнинг турли энциклопедик луғатларда номи келтирилган иккинчи асари “Китобул хилоф” – “Мунозаралар китоби” эса ҳозирга қадар топилмаган. 

    Калом илмига бағишланган энг асосий ҳамда муҳим асари “Китоб иршодул муҳтадий” – “Тўғри йўлдан юрувчига қўлланма” деб номланади. Ибн Қутлубуғанинг “Тожут тарожим” – “Биографиялар тожи”, Муҳаммад Абдул Ҳайнинг “Фавойидул баҳия фи тарожимил ҳанафия” асарларида “Иршодул муҳтадий”га катта эътибор берилди ва юқори баҳоланди. Абул Ҳасан ўрта аср олимларига эргашган ҳолда уларнинг ижодига хос қомусий асар ёзиш йўлидан бориб, илмлар таснифигабағишланган “Китобуз завойид вал фавойид” – “Қўшимчалар ва фойдалар китоби” асарини яратган. Ушбу силсилага Абу Зайд Балхийнинг “Ақсомул улум” – “Илмларнинг қисмлари”, Ибн Фаруғнинг “Жавомиул улум” – “Илмларнинг жамловчилари”, Хоразмийнинг “Мафотиҳул улум” – “Илмларнинг калитлари” асарларини киритиш мумкин. Бундай асарнинг ҳанафий мазҳабидаги олим, Мотуридийнинг шогирди томонидан яратилиши унинг ҳар томонлама етуклигидан далолат беради. Бу эса Х асрда Мотуридий таълимоти ва ғояларининг ёйилиши, шунингдек, ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрдаги ривожига улкан ҳисса қўшди.

Абдул Карим Паздавий (ваф. 390/999) ҳам Абу Мансур Мотуридий илмий муҳитининг шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатди. Мотуридийнинг шогирди сифатида Мотуридийлик таълимоти ҳамда асарларининг ёйилишида катта аҳамият касб этди. Абдул Карим Паздавийнинг ҳаёти ва асарлари ҳақида жуда кам маълумотлар етиб келган. Унинг номи “Китобул олим вал мутааллим” асарида учрайди. Бу асар матнини Паздавий Муҳаммад Насафийга етказди. Ибн Абул Вафо ҳамда Лакнавийларнинг таъкидлашича, Абдул Карим Паздавий Абу Мансур Мотуридийнинг яқин шогирдларидан ҳисобланади. Абдул Карим Паздавий ўзидан кейин илм майдонига чиққан илоҳиётчи олимлар сулоласи – Паздавийларга тамал тошини қўйди. Абу Мансур Мотуридийнинг издошлари номини олган машҳур Абул Юср Паздавий (ваф. 493/1100 й.), Фахрул ислом Абул Ҳасан Паздавий (ваф. 482/1089 й.) шулар жумласидан ҳисобланади. Улар мотурудия таълимотининг давомчилари сифатида ақида илми ривожида муҳим ўрин эгаллашган. Абул Юср “Усулуд дин” – “Дин асослари” номли асарида бобоси Абдул Карим Паздавийнинг номини фахр билан тилга олади ва Абу Мансур Мотуридий ҳақидаги маълумотлар ўз оиласида авлоддан авлодга ўтиб келаётганини таъкидлайди. Шубҳасиз, Абдул Карим Паздавий Мовароуннаҳрдаги калом соҳасида мавжуд устоз ва шогирдлик илмий муҳити анъанасининг ривожига катта хизмат қилди.

Абу Мансур Мотуридий ҳаёти, илмий мероси, мотуридийлик илмий муҳитининг шаклланишига хизмат қилган устоз ҳамда шогирдлари ҳақидаги манбаларни излаб топиш, уларни таржима килиб илмий муомалага киритиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Маданий мерос агентлиги зиммасига хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг ҳаёти, илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этиш вазифаси юкланган.

Зоҳиджон Исломов, 

филология фанлари доктори, 

профессор, Ўзбекистон халқаро ислом академияси.

ЎзА

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

21.08.2026   42265   5 min.
Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

Шу кунларда жойларда Ватанимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. О‘тган йилларга назар ташласак, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки буюк аждодлар мероси ва ма’навий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.
 
Айниқса, кейинги йилларда Янги О‘збекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илм-ма’рифат, диний та’лим ва буюк алломаларимиз меросини о‘рганиш соҳасида амалга оширилаётган кенг ко‘ламли ислоҳотлар бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.

Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан ко‘п о‘тмай бу эзгу г‘оя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-ма’рифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари то‘г‘рисида»ги Фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Шу йилнинг 1 ноябрида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Бу воқеа, бизнингча, шунчаки янги та’лим муассасасининг очилиши эмас эди. Бу – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни етиштирган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик ан’аналарини замонавий асосда давом эттириш ё‘лидаги тарихий қадам бо‘лди.

Ҳадис илми мактаби олдига Қур’они карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур о‘рганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қо‘йилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бо‘лган эзгулик, ҳалоллик, адолат, баг‘рикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуг‘лаш сингари умуминсоний г‘ояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга то‘г‘ри ва илмий асосда етказиш та’лим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бугун Ҳадис илми мактабида та’лим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машг‘улотлар билан ҳам узвий бог‘ланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, я’ни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят ё‘ллари ва санадларини о‘рганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига ко‘ра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни тадқиқ қилиш бо‘йича амалий ко‘никмаларни эгалламоқдалар.

Айни пайтда, Ҳадис илми мактабининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ёнма-ён фаолият юритаётгани ҳам о‘зига хос илмий-ма’рифий муҳитни юзага келтирмоқда. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини о‘рганиш, уни жаҳон илм аҳлига етказиш, замонавий тадқиқотлар билан бойитиш ё‘лида амалга оширилаётган ишлар ёшларимиз учун улкан илмий мактаб вазифасини о‘тамоқда.
Бугун Самарқанд заминида Имом Бухорий номи билан бог‘лиқ улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ҳам халқимизнинг о‘з буюк аждодига бо‘лган юксак эҳтиромининг ифодасидир. Имом Бухорий мажмуасининг замон талаблари асосида қайта бунёд этилиши, уни илм-ма’рифат, тарбия ва зиёрат масканига айлантиришга қаратилган ишлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.
Янги О‘збекистонда диний-ма’рифий соҳага бо‘лган муносабатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аждодлар мероси фақат тарихий фахр сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлод тарбиясига хизмат қиладиган улкан ма’навий хазина сифатида о‘рганилмоқда. Имом Бухорийнинг илмга садоқати, ҳақиқатни излашдаги матонати, ҳадисларни қабул қилишдаги юксак илмий мезонлари бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.
Со‘нгги йилларда юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби қатор илм ва ма’рифат масканларининг ташкил этилгани ҳам ушбу сиёсатнинг узвий натижасидир.

Буларнинг барчаси замирида битта буюк мақсадни ко‘риш мумкин: ма’рифатли, о‘з тарихини биладиган, аждодлари мероси билан фахрланадиган, айни пайтда замонавий билим ва тафаккурга эга авлодни вояга етказиш. Биз, Ҳадис илми мактаби жамоаси, яратиб берилаётган бундай имкониятларни катта ишонч ва юксак мас’улият сифатида қабул қиламиз. Чунки буюк муҳаддислар юртида ҳадис илмини о‘рганиш ва о‘ргатиш фақат касбий вазифа эмас, балки аждодлар олдидаги ма’навий бурч ҳамдир.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар солиб, бугунги натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, истиқлолнинг қадрини яна бир бор теран ҳис этамиз. Агар мустақиллик халқимизга о‘з тақдирини о‘зи белгилаш ҳуқуқини берган бо‘лса, Янги О‘збекистондаги ислоҳотлар миллий ва диний-ма’рифий меросимизни чуқур о‘рганиш, уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимиз қолдирган илмий меросни янада чуқур тадқиқ этиш, унинг инсонпарварлик ва ма’рифатпарварлик г‘ояларини ёш авлод қалбига етказишдир. Зеро, о‘з о‘тмишини англаган, илмни қадрлаган ва ма’рифатга таянган халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бо‘лади.

Барот Амонов, Ҳадис илми мактаби ректори.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари