Бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик ҳақида кўплаб китоб, мақола, магистрлик, докторлик ишлари бажарилмоқда. Имом Мотуридий ҳаётини атрофлича ўрганиш, унинг фиқҳ, ақида ва тасаввуф фанларига алоқадор жиҳатларини очиб бериш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Имом Мотуридий халқни жипслаштиришда, унинг билимини мустаҳкамлашда, бағрикенглик тамойилларини ёйишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг адашган тоифалар билан кескин тортишувлари, соғлом эътиқод асосларини ҳимоя қилиши мусулмонлар орасида илиқ қабул қилинган. Бугунги кунда ҳам Мотуридийнинг илм-маърифатга бўлган муносабати халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Мотуридий таълимотлари нафақат диний, балки умуминсоний қадриятларга ҳам асосланган. У инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни алоҳида таъкидлаб, мусулмонлар орасида тинчлик ҳамда тотувликка чақирган. Бу ғоялар бугунги кунда жамиятимиз учун ҳам долзарб ҳисобланади.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижодига оид манбалар Абул Юсур Паздавий (493-1100)нинг “Усул ад-дин”, Абу Муин Насафийнинг (508-1114) “Табсират ал-адилла”, Ибн Фазлуллоҳ Умарийнинг (749-1348) “Масолик ал-абсор фи мамолик ал-амсор”, Абдулқодир ибн Абул Вафо Қурашийнинг (775-1373) “ал-Жавҳарат ал-музия фи табақот ал-ҳанафия”, Ибн Қутлубуғонинг (879-1474) “Тож ат-тарожим”, Муҳаммад Муртазо Забидийнинг (1205-1791) “Итҳоф ас-содат ал-муттақин би-шарҳи Иҳё улум ад-дин” ва Муҳаммад Абдулҳай Лакнавийнинг (1304-1887) “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожим ал-ҳанафия” асарларида учрайди. Шунингдек, замонавий тадқиқотчилардан Абдулмалик Саъдий, Шовосил Зиёдов, Саидмухтор Оқилов, Сўнмас Қутлуғ, Ҳамза Бакрий, Саъд Аҳмад Даманҳурий, Билқосим Ғолий каби мутахассислар мавзу доирасида рисола ва илмий ишлар эълон қилган.
Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (333-944) – ислом оламининг буюк олимларидан бири бўлиб, унинг номини тилга олган ҳар бир мусулмон илму ирфон ва маърифат оламининг беқиёс нурини ҳис этади. Мотуридий ўз даврида нафақат ақида ва калом илмида, балки умумий ислом илмларини шакллантиришда ҳам беқиёс ҳисса қўшган буюк зотдир. У танлаган йўл бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган ва мусулмон умматининг маънавий мероси сифатида ўрганилиб келмоқда.
У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) Мовароуннаҳрда тўғри йўлдан адашган турли гуруҳ ва фирқалар кўпайди. Уларнинг аксари иймон-эътиқод масалалари бўйича баҳсу мунозаралар туфайли вужудга келган эди. Мана шундай мураккаб шароитда аллома Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва уларнинг нотўғри фикрларига асосли раддиялар берди. У ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699-767 йй.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. У асос солган мотуридийлик таълимоти кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалди ва суннийликдаги икки йирик калом мактабининг бири сифатида танилди.
Манбаларда Имом Мотуридийнинг “Раббоний олим ва зоҳид” деб васф этилиши, тасаввуфда уни юқори мартабаларга чиққанини англатади. Жумладан, олим ўзининг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирининг бир қатор ўринларидаги оятлар шарҳида илоҳий муҳаббат, зуҳд, тақво, дунёга берилмаслик каби тасаввуфнинг нозик қирралари ҳақида сўз юритган. Мазкур оятларнинг тафсирида келган маълумотлар Имом Мотуридийнинг тасаввуф пешвоси сифатида баҳолаш имконини беради.
Хусусан, у “Аҳзоб” сурасининг 113-ояти шарҳида зуҳдни икки қисмга тақсимлаб, уни батафсил изоҳлаган. Шунингдек, Имом Мотуридий: “Ер юзи набий ёки валийдан холи бўлмайди” деган. Абул Юсур Паздавий (ваф. 493-1100) ўзининг “Усул ад-дин” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни қайд қилган: “У каромат соҳиби ва аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бўлган. Бобом Зоҳид Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилишича, Мотуридийнинг кўплаб кароматлари бўлган”.
Алишер Навоий ўзининг “Насойим ал-муҳаббат” асарида ҳам Имом Мотуридийнинг кароматини зикр қилиб, у киши ҳақида шундай деган: “Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султон ал-муиззин” дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ороста эрмишлар”.
Бугунги кунда мотуридийлик таълимотини изчил ўрганиш, манбаларини атрофлича таҳлил қилиш хорижий ва маҳаллий мутахассислар олдида турган улкан вазифалардан биридир. Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарларини ўзбек тилига таржима қилиниши юртимизда мотуридийлик таълимоти тадқиқ қилинишининг янада ривожланиши белгиси сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан жорий йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланиши ва Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – барикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” номли халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши буюк олимнинг хизматларини халқаро миқёсда эътироф этилишига замин яратади.
А.Аллоқулов, Имом Мотуридий халқаро
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жадал ислоҳотлар жараёнлари кузатилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат нафақат иқтисодий, балки сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳам туб ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Бу ўзгаришлар нафақат халқимиз учун, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани бежиз эмас. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги мавқеи янада ортиб бормоқда.
Давлатимиз узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Глобал ҳамда минтақавий масалалар, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлаш борасидаги натижаларга алоҳида эътибор қаратди ва “8 йил аввал биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантириш қароримизни эълон қилган эдик. Бугун эса фахр билан айтиш мумкинки, бу мақсадга эришдик. Эндиликда ёпиқ чегаралар ва ҳал этилмаган низолар даври ортда қолди”, деди. Зотан, одамларнинг асли бир. Бир ота ва бир онанинг фарзандларидир. Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Бунинг сабаби эса ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилишдир. “Ҳужурот” сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй инсонлар, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро бир-бирингизни танишингиз учун xалқлар ва қабилалар қилдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлингиз тақводорингиздир” (“Ҳужурот” сураси, 13-оят).
Муҳтарам Президентимиз иқлим ўзгариши ва сув ресурслари танқислигини инсоният учун энг жиддий таҳдид сифатида қайд этди. Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб, “Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми”ни ўтказиш ташаббуси, шунингдек, “Жаҳон ёшларининг тинчлик ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини билдирди.
Ўзбекистон раҳбарининг БМТ доирасида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор тараққиётга эришиш мақсадларига улкан амалий ҳисса бўлиб қўшилаётгани дунёнинг нуфузли экспертлари томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Диққат билан қарасак, давлатимиз раҳбари халқ фаровонлиги, юрт ободлиги йўлида тинимсиз меҳнат қилаётганини кўрамиз. Бу ҳаракатлар ички ва ташқи сиёсатда бирдай давом этмоқда. Мақсад – Ватанимиз шуҳратини янада юксакларга кўтариш, хавсизлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаровон ҳаёт тарзини таъминлаш. Бу каби улуғ фазилатлар муқаддас динимизда мадҳ этилади. Зеро, Аллоҳ таоло инсонларни ер юзини обод қилишга чақирган. Унда фасод ва бузғунчилик қилиш, вайронгарчилик қилишдан қайтарган: “Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар” (Бақара сураси, 60-оят). Бошқа бир оятда бундай дейилади: “У сизларни ердан пайдо этиб, сизларни уни обод этувчи қилди” (Ҳуд сураси, 61-оят).
Имом Мотуридий бобомизнинг: “Элу юрт билан ҳамнафас бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳаётий ҳикмати Юртбошимиз сингари ҳар бир фуқаро, ҳар қайси раҳбарнинг онги, қалби ва ҳаракатида муҳрланса, юрт тинч, халқ фаровон бўлади. Инсонга наф етказиш эса икки дунё саодатига сабаб бўлади.
Зайниддин домла Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари