3 апрель куни Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов бошчиликларида вилоят вакиллиги ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари ҳамда "Ҳаж-2024" зиёратчиларидан иборат тузилган ишчи гуруҳи аъзолари учун Наманган вилояти Чортоқ туманидаги “Зайд ибн Хориса“ жоме масжидида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда маҳаллаларда маънавият тарғиботчиси бўлган ҳожилар билан Чортоқ туманида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилиниб, тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
биринчи йўналиш – имом-хатибнинг “Ҳаж-2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш;
иккинчи йўналиш – имом-хатибнинг масжидни бошқариш фаолиятини яқиндан ўрганиш, маслаҳат ва кўмак бериш;
учинчи йўналиш – имом-хатиб учун намуна тарзида пешин намози вақтида масжидга келганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб бериш.
Ишчи гуруҳ аъзолари юқоридаги йўналишлар бўйича Чортоқ туманида фаолият олиб борди.
Шунингдек Ишчи гуруҳ аъзолари Чортоқ тумани масжидлари ҳудудидаги маҳалланинг бир неча хонадонларига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўралди. Хонадондаги ёшларни таълим тарбияси билан танишилди, уларнинг муаммолари ўрганилди, таклиф фикр, мулоҳазалари тингланди ва маҳаллаларда намунавий бўлган оилаларга кириб кексалардан юртимиз ҳаққига дуои хайрлар олинди.
Имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати