Жорий йил 2-4 апрель кунлари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида спортнинг Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш турлари бўйича барча ёш тоифалари ўртасида беллашув ўтказилди.
400 дан ортиқ полвонлар ўртасида Тошкент ислом институти 2-курс талабаси Бобоназаров Муҳаммад Содиқ тош кўтариш тури бўйича 18-23 ёшлилар орасида 95 кг+ вазн тоифасида фахрли 2-ўринни олди.
Шунингдек, Муҳаммад Содиқ 2025 йил 26 апрель санасида ўтказиладиган Жаҳон кубогида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Мусобақани Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш федерацияси президенти Вохиддин Нажмиддинов, гиннес рекордчи ва профессионал спортчилар кузатиб бордилар. Мусобақа якунида ғолибларга Спорт вазирлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ