Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Расулуллоҳ ﷺнинг сўнгги кунлари

07.04.2025   12253   2 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг сўнгги кунлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: Қачонки, Аллоҳнинг ёрдами ва ғалабаси келса ояти нозил бўлганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлдилар.

Пайшанба куни у зот алайҳиссалом бошларини боғич билан боғлаб, одамларнинг олдига чиқдилар. Сўнгра минбарга чиқиб, ўтирдилар. Ранглари сарғайган, кўзлари ёшланиб турган эди. Кейин Билолни чақириб, Мадинада: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига тўпланинглар. Зеро, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сизларга охирги васиятлари» деб нидо қилишга буюрдилар.

Билол розияллоҳу анҳу одамларни чақирди, каттаю кичик – ҳамма тўпланди. Уйларнинг эшиклари очиқлигича қолди, бозорлар ҳам ўз ҳолига ташлаб келинди. Ҳатто бокира қизлар ҳам парда ортидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларини эшитиш учун чиқиб келдилар. Масжид йиғилганлар учун торлик қилиб қолди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Орқадагиларни ҳам сиғдиринглар”, дедилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаб: “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, дедилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, пайғамбарларга, жумладан ўзларига ҳам саловот йўлладилар. Кейин узун хутба ўқидилар, жумладан бундай дедилар:

«Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларни қиёматда катта бир тепаликка тўплайди. У кун оғир кундир. У кунда молу-давлат ва бола-чақа фойда бермас. Етказдимми? Эй одамлар! Тилларингизни сақланглар, кўзларингизни йиғлатинглар, қалбларингизни бўйсундиринглар, баданларингизни чарчатинглар, душманларингизга қарши курашинглар, масжидларингизни обод қилинглар, иймонингизда ихлосли бўлинглар. Биродарларингизга хайрихоҳ бўлинглар, ўзингиз учун охиратга яхши амал қилиб жўнатинглар, фаржларингизни сақланглар, молларингиздан садақа беринглар. Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, яхшиликларингиз кетиб қолади. Бир-бирингизни ғийбат қилманглар, ҳалок бўласизлар. Етказдимми?»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Кимки бир мўминнинг айбини яширса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг айбини яширади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким одамларнинг (бир ривоятда: мусулмонларнинг) обрўсидан тилини тийса, қиёмат куни Аллоҳ унинг тойилишини (хатосини) кечиради”.

Бир мусулмоннинг обрўсини тўкмай, яхшилик қилгани сабабидан Аллоҳ таоло ҳам уни кечирим деб аталмиш улкан яхшилик билан мукофотлайди.

Ёрқинжон қори ФОЗИЛОВ

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   13984   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари