Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қачонки, Аллоҳнинг ёрдами ва ғалабаси келса” ояти нозил бўлганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлдилар.
Пайшанба куни у зот алайҳиссалом бошларини боғич билан боғлаб, одамларнинг олдига чиқдилар. Сўнгра минбарга чиқиб, ўтирдилар. Ранглари сарғайган, кўзлари ёшланиб турган эди. Кейин Билолни чақириб, Мадинада: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига тўпланинглар. Зеро, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сизларга охирги васиятлари» деб нидо қилишга буюрдилар.
Билол розияллоҳу анҳу одамларни чақирди, каттаю кичик – ҳамма тўпланди. Уйларнинг эшиклари очиқлигича қолди, бозорлар ҳам ўз ҳолига ташлаб келинди. Ҳатто бокира қизлар ҳам парда ортидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларини эшитиш учун чиқиб келдилар. Масжид йиғилганлар учун торлик қилиб қолди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Орқадагиларни ҳам сиғдиринглар”, дедилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаб: “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, дедилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, пайғамбарларга, жумладан ўзларига ҳам саловот йўлладилар. Кейин узун хутба ўқидилар, жумладан бундай дедилар:
«Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларни қиёматда катта бир тепаликка тўплайди. У кун оғир кундир. “У кунда молу-давлат ва бола-чақа фойда бермас”. Етказдимми? Эй одамлар! Тилларингизни сақланглар, кўзларингизни йиғлатинглар, қалбларингизни бўйсундиринглар, баданларингизни чарчатинглар, душманларингизга қарши курашинглар, масжидларингизни обод қилинглар, иймонингизда ихлосли бўлинглар. Биродарларингизга хайрихоҳ бўлинглар, ўзингиз учун охиратга яхши амал қилиб жўнатинглар, фаржларингизни сақланглар, молларингиздан садақа беринглар. Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, яхшиликларингиз кетиб қолади. Бир-бирингизни ғийбат қилманглар, ҳалок бўласизлар. Етказдимми?»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки бир мўминнинг айбини яширса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг айбини яширади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким одамларнинг (бир ривоятда: мусулмонларнинг) обрўсидан тилини тийса, қиёмат куни Аллоҳ унинг тойилишини (хатосини) кечиради”.
Бир мусулмоннинг обрўсини тўкмай, яхшилик қилгани сабабидан Аллоҳ таоло ҳам уни кечирим деб аталмиш улкан яхшилик билан мукофотлайди.
Ёрқинжон қори ФОЗИЛОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати