Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июн, 2025   |   5 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:53
Пешин
12:27
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:45
Bismillah
30 Июн, 2025, 5 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Бойлик синов учун берилади

07.04.2025   9105   2 min.
Бойлик синов учун берилади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир бой одам кўнгли тусаган, хаёлига келган ҳар қандай нарсани сотиб олаверарди. Бир фақир киши эса ўзи хоҳлаган нарсани сотиб ололмас, фарзандларига таом, либос олиб беролмасди. Фақир фарзандларига овқат олиб бериш учун иш излар эди. Шу аснода бояги бойнинг уйига бориб, унга қўриқчи сифатида ишга кирмоқчи бўлди. Бой ундан «нима иш қилишни истайсан» деб сўради. Бечора фақир «болаларим учун нима иш бўлса қилавераман» деди.

Бой: «Сен уйимни қўриқлайсан, нарсаларни йиғиштирасан ва уйни чиқиндилардан тозалайсан», деди.

Фақир: «Ишни қачондан бошлайман» деб сўради.

Бой: «Ҳозирдан бошлайсан» деди.

Бечора фақир ишни бошлаш учун кийимларини алмаштира бошлади. Кунларнинг бирида камбағал ишчи ишдан хориб, чарчаб уйига йўл олди. Фарзандларига бироз таом, ширинликлар кўтариб олган эди. Эртаси куни ишга борса, бой кеч келгани учун уни ҳақорат қила бошлади. Орадан кунлар ўтди. Бечора фақир бой буюрган барча ишларни қилиб юрарди.

Бир куни бой ҳамма нарсасидан айрилиб, ҳеч вақосиз қолди. Камбағал, фақир ишчисига берадиган пули ҳам қолмади. Бечора ишчи эса пул олмай бойнинг уйида текинга хизмат қилиб юрди.

Кунлар ўтиб бойнинг моддий ҳолати яхшилана бошлади. Ана шунда бой текинга хизмат қилган фақирнинг қадрига етиб, маошини ошириб, машаққатли ишини бироз камайтирди. Унга ўзининг ер майдонидан бир қисмини ажратиб бериб, у ерга фақир ишчиси ва унинг оиласи истиқомат қилиши учун уй қуриш ҳаракатларини бошлаб юборди.

Азизлар, ишингиз орқага кетганда ҳам сизни ташлаб кетмаган инсонни қадрланг. Ишингиз ўнгланганда унинг сизга кўрсатган мурувватини муносиб тақдирланг.

Унутманг, бойлик, молу дунё бировни камситиш, таҳқирлаш учун эмас, балки синов учун берилади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жаннат калити: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”

18.10.2024   10695   4 min.
Жаннат калити: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”

“Лаа илаҳа иллаллоҳ” жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – “Лаа илаҳа иллаллоҳ”нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.

1. Илм. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (Муҳаммад сураси, 19-оят).

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

2. Шубҳадан ҳоли бўлган тўлиқ ишонч. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар” (Ҳужурот сураси, 15-оят).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).

 

3. Кибрдан йироқ бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Чунки уларга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилганда, кибрланган эдилар” (Соффот сураси, 35-оят).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса”, Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).


4. Итоат этиш ва буйсуниш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Роббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!” (Зумар сураси, 54-оят).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…”, деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.
 

5. Чин ихлос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир(Баййина сураси, 5-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

6. Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара сураси, 165-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД