Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир бой одам кўнгли тусаган, хаёлига келган ҳар қандай нарсани сотиб олаверарди. Бир фақир киши эса ўзи хоҳлаган нарсани сотиб ололмас, фарзандларига таом, либос олиб беролмасди. Фақир фарзандларига овқат олиб бериш учун иш излар эди. Шу аснода бояги бойнинг уйига бориб, унга қўриқчи сифатида ишга кирмоқчи бўлди. Бой ундан «нима иш қилишни истайсан» деб сўради. Бечора фақир «болаларим учун нима иш бўлса қилавераман» деди.
Бой: «Сен уйимни қўриқлайсан, нарсаларни йиғиштирасан ва уйни чиқиндилардан тозалайсан», деди.
Фақир: «Ишни қачондан бошлайман» деб сўради.
Бой: «Ҳозирдан бошлайсан» деди.
Бечора фақир ишни бошлаш учун кийимларини алмаштира бошлади. Кунларнинг бирида камбағал ишчи ишдан хориб, чарчаб уйига йўл олди. Фарзандларига бироз таом, ширинликлар кўтариб олган эди. Эртаси куни ишга борса, бой кеч келгани учун уни ҳақорат қила бошлади. Орадан кунлар ўтди. Бечора фақир бой буюрган барча ишларни қилиб юрарди.
Бир куни бой ҳамма нарсасидан айрилиб, ҳеч вақосиз қолди. Камбағал, фақир ишчисига берадиган пули ҳам қолмади. Бечора ишчи эса пул олмай бойнинг уйида текинга хизмат қилиб юрди.
Кунлар ўтиб бойнинг моддий ҳолати яхшилана бошлади. Ана шунда бой текинга хизмат қилган фақирнинг қадрига етиб, маошини ошириб, машаққатли ишини бироз камайтирди. Унга ўзининг ер майдонидан бир қисмини ажратиб бериб, у ерга фақир ишчиси ва унинг оиласи истиқомат қилиши учун уй қуриш ҳаракатларини бошлаб юборди.
Азизлар, ишингиз орқага кетганда ҳам сизни ташлаб кетмаган инсонни қадрланг. Ишингиз ўнгланганда унинг сизга кўрсатган мурувватини муносиб тақдирланг.
Унутманг, бойлик, молу дунё бировни камситиш, таҳқирлаш учун эмас, балки синов учун берилади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан