Учрашувда Араб парламенти Раиси Муҳаммад бин Аҳмад Ал-Ямаҳий, Баҳрайн парламенти Вакиллар кенгаши Спикери Аҳмад бин Салмон Ал-Мусаллам, Миср Вакиллар палатаси Спикери Ҳанафий Али Ал-Жабалий, Ўмон Шўро кенгаши Раиси Холид бин Ҳилол Ал-Маъавали, Қатар Шўро кенгаши Раиси Ҳасан бин Абдуллоҳ Ал-Ғаним ва Бирлашган Араб Амирликлари Федерал миллий кенгаши қўмитаси раиси Али Рашид Ал-Нуаймий иштирок этди.
Араб дунёси давлатлари билан кўп қиррали муносабатларни, шу жумладан парламентлараро алоқалар орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон етакчисига ўз мамлакатлари етакчиларининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва араб мамлакатларининг кенг қамровли шериклиги жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Олий даражадаги тарихий ташрифлар амалга оширилди, ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар Давлати билан муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди, Саудия Арабистони ва Миср билан кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Баҳрайн Подшоҳлиги ва Ўмон Султонлиги билан ҳар томонлама ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Ушбу мамлакатлар билан инвестиция лойиҳалари портфели 50 миллиард доллардан ошди. "Яшил" энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, IT, транспорт ва логистика, инфратузилма ва туризм соҳаларида лойиҳалар амалга оширилмоқда. 500 га яқин қўшма корхона ташкил этилди, тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ҳафтасига 150 тадан ошди.
Минтақавий кун тартибидаги, шу жумладан Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, энг аввало, жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқотининг иккинчи саммитини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Uza.uz
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ