Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июн, 2025   |   27 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
23 Июн, 2025, 27 Зулҳижжа, 1446
Видеолар

Сайф бин Салим Ал-Ҳодий: Ўмон ўзбек халқининг бой тарихи, буюк меросини эътироф этади (+видео)

08.04.2025   5413   3 min.

Султон Қобус университети Тарбия факультети Исломшунослик кафедраси профессори Сайф бин Салим Ал-Ҳодий Ислом цивилизацияси маркази ва умуман юртимиз маданий меросининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини ЎзА ўқувчилари билан бўлишди. Интервьюда ўмонлик олим 2024 йил 23-27 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро конгрессдаги иштирокини эслаб, давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган ҳамюртларимиз ҳамда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий алоқаларга тўхталди.

– Йирик анжуманда иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлганимда юртингизда маънавий-маърифий, диний жабҳада жуда катта янгиланишлар, ижобий ўзгаришлар юз берганига, йирик таълим, илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилганига гувоҳ бўлдим. Шундай йирик лойиҳалардан бири – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилаётгани. Ушбу мажмуа экспозицияси ислом илми ва гуманитар фанларга оид кўплаб ноёб материаллар билан бойитилмоқда. Айниқса заминингиздан етишиб чиққан буюк олимларнинг бой мероси, улар ҳақидаги муҳим маълумотлар баркамол авлод тарбиясида жуда муҳим аҳамият касб этади. “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро конгресси ҳам ўзбек халқи бой меросига қайта мурожаат қилиш, жараённинг беқиёс аҳамиятини таъкидлашга ишорадир. Қадим мерос, илмий билимлар, хусусан когнитив, табиий ва экспериментал фанлар ривожини Ибн Сино, Ал-Фаробий, Абу Райҳон Беруний каби олимларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ислом илми, масалан фиқҳ ва ҳадис ҳақида гапирганда эса Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Аз-Замахшарий, Аш-Шоший каби аждодларингизни алоҳида санаб ўтиш жоиз. Бу номлар дунёда ва ислом оламида беқиёс мавқега эга.

Биз ҳам келажакда Ўмон – Ўзбекистон ҳамкорлигини янада жадаллаштириш учун бор имкониятни сафарбар этамиз. Хусусан, Султон Қобус университети Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан талабалар алмашинуви, ўзаро ташриф, форум, конференция, семинар ва илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорлик қилишга тайёр.

Тарихга назар ташласак, марҳум Султон Қобус бин Саид Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг ҳозирги биносини қуришда фаоллик кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Бу Ҳазрати олийларининг дин, фиқҳ, тарих, астрономия, математика каби фанларга меҳри, шу юртдан етишиб чиққан олимларга ҳурмат-эътибори рамзи эди. Қолаверса, лойиҳа давлатларимиз ўртасидаги мавжуд маданий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшган. 2018 йил март ойида институт янги биносининг очилиш маросимида иштирок этган Ўмон делегациясига Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид раҳбарлик қилган. Тадбирда ҳукумат, UNESCО ташкилоти ва араб давлатлари элчихоналари вакиллари, мамлакатдаги ихтисослашган олий ўқув юртлари, архив ва илмий муассасалар масъуллари иштирок этгани хорижий матбуотда ҳам кенг ёритилган эди.

Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўмон ҳар доим ўзбек халқининг бой тарихи ва буюк меросини эътироф этади, бундай эзгу ишларни тарғиб этишда Ўзбекистонни фаол қўллаб-қувватлайди.

Муҳаррама Пирматова, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА

ВИДЕО
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Машина ҳайдашнинг 9 одоби

04.10.2024   16222   4 min.
Машина ҳайдашнинг 9 одоби

1. Автомобилни бошқариш бўйича етарли малакага эга бўлгандагина ҳайдаш керак.

Чунки машина ҳайдашни мукаммал ўрганмай туриб, йўлга чиқиш одамларнинг ҳаёти ва мулкига зарар етказишга олиб келади.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам зарар кўриш ҳам йўқдур”, дедилар (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).

Ислом ҳар қандай кўринишдаги зулмни ҳаром қилган. Инсонларнинг туғилишидан то ўлимигача ва ҳатто вафотидан кейин ҳам зарар этказишдан қайтаради.

 

2. Мунтазам равишда машинага эътибор бериш, ҳайдашдан олдин текшириш лозим.

Аллоҳ таоло: “...ғофиллардан бўлма” (Аъроф сураси, 205-оят), “Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” (Такаасур сураси, 8-оят) деб марҳамат қилган.

Инсон завқланадиган: озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, турар жой, машина, соғлик каби неъматларнинг ҳар бири учун Қиёмат кунида жавоб беради.

 

3. Хавфсизлик камарини тақиш талаб этилади.

Албатта, ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Аллоҳ энг яхши сақлагувчи ва У раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир. Бироқ, динимиз сабаб ўлароқ аввало хавфсизлик чораларини кўришни, кейин Аллоҳга таваккул қилишни буюради. Тажрибаларда хавфсизлик камари бахтсиз ҳодиса пайтида ҳалокатнинг даржасини енгиллаштириши ва ҳайдовчини даҳшатли тўқнашувдан ҳимоя қилиши кўп кузатилган.

 

4. Инсон қадр-қимматининг улуғлигини унутмаслик.

Бу эса ҳайдовчини ҳайдашда жуда эҳтиёт бўлишга чақиради, Аллоҳ таоло Ўз китобида таъкидлаганидек, “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” (Моида сураси, 32-оят).

 

5. Рухсат этилган даражадаги тезликка риоя қилиш.

Белгиланган тезлик меъёрига риоя қилмаслик бахтсиз ҳодисалар ва офатларга, кўп ҳолатларда ўлимга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундан қайтаради: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир” (Нисо сураси, 29-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир”, деганлар

 

6. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва уларни бузмаслик.

Ҳатто йўл бўш бўлса ҳам сабрсизлик қилмаслик, шошилмаслик лозим. Озгина сабр қилмаслик ўлим ёки оғир жароҳатни келтириб чиқариши мумкин. Инсон ўз табиатига кўра сабрсиз ва ҳамма нарсани тезда амалга оширишни хоҳлайди. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир” (Анбиё сураси, 37-оят), “Инсон шошқалоқ бўлгандир” (Исро сураси, 11-оят).

 

7. Эътиборни чалғитадиган нарсалар билан машғул бўлмаслик. Масалан, мобил телефондан тез-тез фойдаланиш, баланд овозда мусиқа эшитиш ва ҳоказо.

Британиялик психолог ва профессор доктор Саймон Мурнинг ўтказган тадқиқотига кўра, тез ва баланд ритмли қўшиқлар ҳайдовчини қўшиқ ритмига мос келадиган тезликни оширишга сабаб бўлади.

 

8. Уйқусираб ёки узоқ вақт уйқусиз қолганда машина ҳайдамаслик.

 

9. Автомобилни қўйиш учун тўғри жой танлаш, чунки йўл ҳаммага тегишли. “Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас” (Бақара сураси, 190-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм қилиб олса, Аллоҳ унга қиёмат куни бўйнига етти қават ерни осиб қўяди”, деганлар (Имом Муслим. Имом Аҳмад. Абу Яъло. Абу Авона. Имом Ҳоким. Байҳақий).

Аллоҳ таоло йўлларимизни равон ва бехатар қилсин. Биздан бошқаларга ва ўзгалардан бизга озор етишидан Ўзи асрасин.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар