Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Қиёматга яқин битта эркакка элликда аёл тўғри келади”, деган гап кўп қулоғимизга чалинади. Воқеликка қарасак, қиёматнинг аксар аломатлари зоҳир бўлса ҳам, айни шу аломати кўринмаётгандек туюлади. Масалан, 2022-йилда Ўзбекистон аҳолисининг 49,7 % аҳолиси аёл бўлса, қолгани эркак бўлган. Халқаро нисбатни олганда ҳам 2022-йилда дунёда эркаклар 50,5 % бўлса, аёллар 49,5 % га тўғри келган экан. 2021-йилдаги маълумотга кўра, дунёда эркаклар аёллардан 44 миллионга кўпроқ бўлган. Бу борадаги ҳадисни тўғри тушуниб олсак, ҳеч қандай муаммо қолмайди.
عَنْ أَنَسٍ قَالَ : لَأُحَدِّثَنَّكُمْ حَدِيثًا لَا يُحَدِّثُكُمْ أَحَدٌ بَعْدِي : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : مِنْ أَشْرَاطِ السَّاعَةِ أَنْ يَقِلَّ الْعِلْمُ، وَيَظْهَرَ الْجَهْلُ، وَيَظْهَرَ الزِّنَى، وَتَكْثُرَ النِّسَاءُ، وَيَقِلَّ الرِّجَالُ، حَتَّى يَكُونَ لِخَمْسِينَ امْرَأَةً الْقَيِّمُ الْوَاحِدُ
Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Сизларга бир ҳадис айтаман, мендан кейин ҳеч ким уни сизларга айтмайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитганман: “Илмнинг озайиб кетиши, жоҳиллик устун келиши, зино оммалашиши, аёллар кўпайиб, эркаклар озайиши қиёматнинг аломатларидандир. Ҳатто элликта аёлга битта забардаст (эркак) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисдаги “эркаклар камаяди”, деганда қандай эркаклар назарда тутилганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам ҳадиснинг давомида шарҳлаб: “Ҳатто элликта аёлга битта қоййим (забардаст эркак) тўғри келади” деганлар. Биз “забардаст” деб таржима қилган сўз ҳадисда “қоййим” деб келган бўлиб, араб тилида “ишларни ўз зиммасига олувчи”, “назорат қилиб, тутиб турувчи”, “кучли ва ишончли” деган маъноларда қўлланилади. Ҳадиснинг бошидаги “эркаклар камаяди” деганларида, фаразан, ҳар қандай эркак кишини назарда тутганларида “Битта эркак кишига элликта аёл тўғри келади”, дейишлари керак эди. Аммо у зот “Битта забардаст кишига” дедилар. Ҳадисда забардастликка шунчалик урғу бердиларки, ҳатто “эркак” сўзини ҳам ишлатмай, унинг сифатини зикр қилиш билан кифояландилар.
Юқоридаги ҳадиснинг шарҳида йигирманчи аср мужтаҳиди Анваршоҳ Кашмирий бундай деган: “Ҳадиснинг бошқа бир тариқида “битта ишончли (омонатдор) қоййим эркак тўғри келади” деб айтилган. Шу ривоят билан барча муаммо ечилади. Чунки бундай эркак ҳозир ҳам жуда камдир”.
Ҳадиси шарифда “эркаклар озайиши”дан “ҳақиқий ва мукаммал эркаклар” назарда тутилганига яна бир далил. Араб тилида бир жинс мутлақ (умумий) айтилганда ва ўзига хос ишоралар бўлганда ўша жинсдаги энг мукаммал табақа назарда тутилади. Шиҳоб Хафожий (1069-йил ваф.) “Тафсири Байзовий”га ёзган ҳошиясида: “Сўз мутлақ ишлатилганда ўз зимнидаги энг мукаммал турни англатади” деганлар. Масалан, Аллоҳ таоло баъзи оятларда Қуръони каримни “Китоб” деб номлаган, бунда “Энг мукаммал китоб”ни назарда тутган бўлади. Имом Сибавайҳ наҳв бўйича ёзган асарини “Ал-китаб” деб атаганининг сабаби ҳам шу, яъни наҳвдани энг мукаммал китоб, демоқчи бўлган. Яна бир мисол: Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“أَلَا إِنَّ الْقُوَّةَ الرَّمْيُ، أَلَا إِنَّ الْقُوَّةَ الرَّمْيُ، أَلَا إِنَّ الْقُوَّةَ الرَّمْيُ
“Аё, албатта, қувват отиш(да)дир” деб уч марта айтганлар. Аслида қуч-қудрат отишдан бошқа уруш қуролларида ҳам мавжуд. Балки ҳадиснинг маъноси: “Ҳақиқий, энг шиддатли ва энг кучли қувват отиш қуролларидадир” дегани.
Демак, ҳадисга кўра, қиёматга яқин, алалхусус, бугунги кунимизда ҳам аёлини маромида ушлаб турадиган, тақводор, омонатдор, ростгўй, қувватли, ҳам ўзининг, ҳам бошқанинг муаммоларини елкасига олиб, ҳал қилиб берадиган битта эркакнинг муқобилида элликта ё ундан ҳам кўпроқ аёл тўғри келади.
Келинг, тахминий ҳисоб қилиб кўрамиз. Ҳозир дунёда 8 миллиард аҳоли бор. Улардан 2 миллиарди географик мусулмонлар. Шулардан тахминан 1 миллиарди эркак бўлса, 25 ёшдан 60 ёшгача бўлгани шу ададнинг ярмига тўғри келади, яъни 500 миллион бўлади, чунки ишларни идора қила оладиган эркаклар шу ёш орасида бўлади. 500 миллион мусулмон эркаклардан бетақво, фосиқ, ўғри, зинокор, на намози, на ниёзи бор, умрида боши саждага тегмаган, тегса ҳам бир ҳафтада бир марта жумага бориб қўядиган, ҳалол ҳаромни фарқламайдиган, омонатсиз, ёлғончи, порахўр, даюс, рўза тутмайдиган, закот бермайдигани нечта деб ўйлайсиз? Ҳадисда шундай одамлар кирмаслиги учун ҳам ҳақиқий мусулмон эркак сифати келтирилган. Ҳар еттида эркакдан биттаси ҳақиқий тақводор эркак десак ҳам, 500 миллион мусулмон эркакдан 70 миллионтаси мана шундай сифатга эга бўлиб чиқади. Дунёдаги барча аёлларни 4 миллиард деб олсак, ҳар эллик еттида аёлга битта шундай эркак тўғри келар экан. Демак, ҳадиснинг маъноси ҳозирги кунимизга ҳам мувофиқдир.
Абдулбосит Абдулвоҳид,
Ҳадис илми мактаби талабаси.
Ҳаётда баъзи йўқотишлар бўлади — вақт ўтиб, ўрни тўлиб кетади. Аммо шундай йўқотишлар бор-ки, уларнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Ана шундай бебаҳо неъматлардан бири — уламолардир. Бугун улар бизнинг орамизда бор, аммо эртага бўлмаслиги мумкин. Улар битта-битта кетишмоқда. Биз еса, афсуски, кўп ҳолларда бу ҳақиқатнинг англаб етмаяпмиз.
"موت العالم موت العالم"
— яъни “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир” деган машҳур ибора бор.
Яна шу мазмунда Имом Байҳақийнинг ривояти келтирилади:
"موت العالم مصيبة لا تُجبر، وثلمة لا تسد، ونجم طُمِس، موت قبيلة أيسر من موت عالم."
"Олимнинг ўлими — тузатиб бўлмайдиган мусибат, тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ, сўниб қолган юлдуздир. Бир қабиланинг йўқ бўлиши, бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир."
Чунки олимларнинг ўлими билан фақат бир инсон эмас, бутун бир жамият руҳий, илмий ва ахлоқий жиҳатдан зарарга учрайди, маънан қулаб боради. Айнан шунинг учун олимнинг ўлими “оламнинг ўлими”га тенглаштирилган.
Зеро олимлар — фақат китоб ўқиб, дарс берадиган одамлар эмас. Улар — йўл кўрсатувчи, ҳаққа чақирувчи, ҳақиқатни мудофаа қилувчилардир.
Улар йиллар давомида илм ўрганишди, сабр билан одамларга етказишди, ўз ҳаётларини умматга бағишлашди. Энди эса, битта-битта ўтиб кетишяпти...
Кеча Абдуқаҳҳор домла Шоший (1969-1987 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Халқаро бўлими мудири, 1969-1982 йиллар – Бухородаги Мир Араб мадрасаси директори, 1982-1987 йиллар – Тошкент Ислом институти ректори) оламдан ўтган эдилар.
Бугун эса яна катта мусибат - юртимизнинг забардас уламоларидан бири устоз Иброҳимжон домла Қодиров вафот этдилар. Домла умрларининг охиригача масжидларда имомлик қилиб, дин хизматида бўлган пешволардан, юзлаб шогирдларни тарбия қилган устозлардан эдилар. Устозимиз Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳам айнан шу кишида таҳсил олган эдилар.
Шундай уламолар бирма-бир ўтиб боришмоқда. Биз ўтган уламоларимиз ҳаққига дуо қилиб, ҳозирда ҳаёт бўлиб турганларини қадрларига етишимиз керак.
Уларнинг сўзларига қулоқ тутиб эҳтиром кўрсатиш, алоқани мустаҳкамлаб, имкон борича кўпроқ фойдаланиб қолишимиз ва фарзандларимизни уларга яқинлаштиришимиз керак.
Лекин биз уламоларимизни тириклик чоғида қадрлаш ўрнига, четга чиқиб олиб, дин, миллат душманлари "тегирмонига сув қуйиб" уламоларни обрўсизлантираётганлар ва бу орқали юртимиз пешволари билан оммани боғлаб турган ипни узиб, мусулмонлар бирлигини парчалаётганлар сўзига учиб қоляпмиз. Уларга ишониб, уламоларимизнинг сўзларига қулоқ тутмай ғийбат, туҳмат қилиб, ранжитамиз. Вафот этганларидан кейин эса тобутларини талашиб, йиғлаб-сихтаб, пушаймон бўлиб қолаверамиз.
Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ бир суҳбатларида айтган эдилар:
“Кўрсангиз кўзингиз қувнайдиган, жаннатнинг ҳиди келиб турадиган забардас олимлар, аҳли илмлар бор. Тириклигида биров иккита нон олиб хабар олмайди. Олимларни қадрламайди.... Вафотидан кейин эса азиз бўлади. Тириклигида текинга қилган суҳбатига бир километр юриб бормаган одамлар, ўлганидан кейин юзлаб километр масофалардан йўл босиб келади. Кўтар-кўтар қилади. Қадрламабмиз, кўришмабмиз, шу ерда шундай олим киши бор экан билмабмиз, деб юраверади”.
Хуллас, уламоларни ғанимат билайлик. Улар халқимизга катта неъмат, неъматни қадрламасак ундан ажралиш билан синаламиз. Кейинги пушаймон эса асло фойда бермайди.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим